Ўзбекистон | 15:57 / 11.07.2020
11970
2 дақиқада ўқилади

«Давактив» Akfa университетига оид қарор лойиҳаси агентлик билан келишилмаганини маълум қилди

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига муҳокамага қўйилган «Акфа университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси келишиш учун агентликка юборилмаган.

Фото: Akfa University

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Акфа университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси келишиш учун агентлигимизга юборилмаган. Regulation.gov.uz’да ҳам ҳужжат лойиҳасини тайёрлаган ва кўриб чиққан вазирлик ва идоралар рўйхатида ҳам агентлигимиз номи келтирилмаган.

«Давактив» фойдаланиш учун бериладиган ҳар қандай объектлар ва ер майдонлари очиқ, шаффоф тендер асосида сотилиши тарафдоридир», дея агентлик директорининг матбуот котиби Мўмин Ибодовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Агентлик «Akfa» университетига ажратилиши кўзда тутилган Қибрай туманида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ балансида бўлган 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб бериш масаласи бўйича ҳам муносабат билдирди. Таъкидланишича, мазкур масала “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ мазкур жамиятнинг тегишли бошқарув органлари томонидан кўриб чиқилиши лозим, яъни боғни кўчириш учун МЧЖнинг розилигини олиш тавсия этилади.

Маълумот учун, Давлат активларини бошқариш агентлигининг хусусийлаштириш дастурига мувофиқ “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖ мол-мулки 100 фоиз сотувга қўйилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид