Ўзбекистон | 09:58 / 11.08.2018
3306
4 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси фаолияти такомиллаштирилади 

Фото: Мир 24

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг янгиланган таркиби;
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолияти тўғрисида низом (янги таҳрирда);
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг янгиланган тузилмаси тасдиқланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси (кейинги ўринларда Миллий комиссия деб аталади) тузилмасида унинг ишчи органи ҳисобланган ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 7 нафар бўлган котибият фаолият юритади;
Миллий комиссия котибияти раҳбари – Миллий комиссия бош котиби мақоми, меҳнат ҳақи, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;
Комиссия котибияти ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаларини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 4-иловасига мувофиқ белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади;
Миллий комиссия котибиятини сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолияти тўғрисидаги низомга кўра, қуйидагилар Комиссия фаолияти ва халқаро ҳамкорлигининг асосий соҳалари ҳисобланади:

таълим;
илм-фан;
маданият;
оммавий ахборот ва коммуникациялар.

Жаҳон цивилизацияси ва маданияти марказларидан бири сифатида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО фаолиятларида Ўзбекистонинг халқаро обрў ва ролини мустаҳкамлаш, Республика вазирликлари ва идораларининг Ўзбекистон Республикасида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда) Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Комиссия ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Давлат дастурларида белгиланган мамлакатнинг халқаро имиджини мустаҳкамлашга қаратилган тегишли топшириқларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
Ўзбек халқининг маданий ва тарихий мероси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа миллий манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ҳимоя қилиш;
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини фан-таълим маданий-гуманитар соҳаларида ҳамда мамлакатнинг ҳудудий ва глобал ривожланиш бўйича асосий масалаларида позицияси ва ёндашувини илгари суриш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида ҳамда лойиҳаларида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, ташкилотлари ва мутахассисларининг қатнашиши тўғрисида ЮНЕСКОнинг котибиятига ҳамда минтақавий бўлинмаларига, АЙСЕСКО Бош дирекциясига таклифлар тайёрлаш ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда киритиш;
таълим, фан, маданият ва ахборот соҳасида минтақавий, субминтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ЮНЕСКО, АЙСЕСКО Бош дирекциясининг минтақавий бюроси ва марказлари билан мунтазам консультациялар ўтказиш (ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакиллиги билан бирга);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишда қатнашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО томонидан чақириладиган Бош конференция ҳамда бошқа ҳукуматлараро кенгашларни тайёрлашга ва ўтказишга кўмаклашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда Ўзбекистон Республикасининг миллий, ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларининг иштирокини рағбатлантириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид