Ўзбекистон | 08:54
815
1 дақиқада ўқилади

Китоб геопарки ЮНЕСКО рўйхатига кириши мумкин

Тошкентда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО вакиллари ўртасида ўтказилган онлайн учрашувда Китоб геопаркини ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғига киритиш масаласи муҳокама қилинди.

Фото: kitabgeopark.uz

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Китоб геология қўриқхонаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги ваколатхона вакиллари иштирок этди. ЮНЕСКО томонидан эса тегишли бўлим раҳбарлари ва мутахассислар қатнашди.

Музокаралар давомида Китоб геопаркини халқаро тармоққа киритиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишларининг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. Шунингдек, мазкур мақомга эришилган тақдирда бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланишича, геопаркнинг асосий вазифалари сифатида барқарор туризмни ривожлантириш, ҳудуднинг табиий ва тарихий меросини тарғиб қилиш ҳамда унинг халқаро нуфузини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон вакилларига кўра, Китоб геопаркини ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғига киритиш орқали ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш ва уни муҳим илмий ҳамда табиий объект сифатида танитиш мақсад қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид