22:39 / 27.07.2019
58173

Бош вазир «снос» бўйича Хоразмда йиғилиш ўтказди. Раҳбарларга ҳайфсан эълон қилинган

2019 йил май-июнь ойларида Хоразм вилояти, Урганч шаҳри Ашхобод кўчасидаги ерлар давлат эҳтиёжи учун қайтарилиши муносабати билан бузиб олиш ва одамларни кўчириш ишлари бошланганди.

Урганч шаҳри бош режасига асосан, Ашхобод маҳалласи саноат минтақаси ҳудуди ҳисобланади. Бу ерга 50-60 йил аввал аҳоли кўчиб келиб, уй-жой қуриб, ўрнашиб қолган. Шу йили 400га яқин хонадонда яшовчи аҳолининг уй-жойлари бузиб олиниб, Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғидан ер ажратиб берилган ва тўлиқ кўчириб юборилган.

Бироқ, хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули қисман бўлса-да берилмаган. Натижада, аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида катта можаро келиб чиқди.

26 июль куни Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва капа қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳолининг сабр косаси тўлди. Шу куни соат тахминан 21:00да улар Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишди.

YouTube

Натижада, бир неча соат давомида катта қатнов йўлидан автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолди.

Можаро келиб чиқиши компенсация пули берилмаслиги, берилса ҳам унинг миқдори жуда оз бўлгани билан боғлиқ. Гап шундаки, 26 июль куни Миллий Банк томонидан бу фуқароларга компенсация пули тарқатила бошлаган. Бироқ, унинг миқдори келишув шартномасида кўрсатилган қийматнинг атиги 8 фоизи экани маълум бўлганидан сўнг, аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайган. Чунки фуқаролар ва Урганч шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган келишув шартномасида компенсация пули икки қисмга бўлиниб тўланиши белгиланган эди.

Компенсация пулининг дастлабки қисми жуда оз миқдорда экани одамларни норози қилган. Улар Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаевнинг келишини, келишув шартномасига амал этишини талаб қила бошлашган. Тартибсизликлар натижасида қурилиш кетаётган ҳудудда ўрнатилган ва бўш турган бир неча палаткалар бузиб ташланган. Шундан сўнг, Урганч – Хонқа йўлининг бир қисми одамлар томонидан тўсилган.

27 июль куни Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ваъда қилганидек эрталаб соат 8:00да Чондирқиёт қишлоғига келиб, аҳоли билан учрашди, уларнинг муаммоларини тинглади ва ишчи гуруҳини тузди. Вилоят раҳбарига пешвоз чиққан одамлар ўз муаммоларини баён қилишди. Хусусан, ер ажратиш ва компенсация миқдорини белгилаш жараёнида адолатсизлик қилингани, уйда яшовчи оилалар сони эътиборга олинмагани, компенсация пулидан маълум қисми ушлаб қолингани, шу пайтгача пул берилмагани, уй-жойлар шошма-шошарлик билан бузиб ташлангани, натижада одамлар ўз уйидан чиққан қурилиш материалларини олиб чиқиб кетолмаганини, 2 ойдан бери очиқ осмон остида яшаб, совуқ кунлар яқин қолишига қарамай, ҳанузгача уй-жойларини тиклаб олишга имкон тополмаётганидан шикоят қилишди.

Фарҳод Эрманов ҳар бир хонадон вакили билан учрашиб, ажратилган ернинг миқдоридан норози бўлганларга, ногиронлиги бор шахсларга, ҳомиладор аёллари бор оилаларга қўшимча ер ажратиш, компенсация пулидан 10 фоиз миқдоридаги маблағни ушлаб қолинишини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди. 10 августгача барча хонадон эгалари билан компенсация миқдори 100 фоиз ҳисоб-китоб қилинишини ваъда қилди. Шунингдек, уй-жой қуриш учун цемент ва шағал тошни бозор нархидан 10 фоиз арзон қилиб берилиши, қумни ва ишчи кучини эса бепул берилишини айтди.

Ушбу воқеалардан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Урганчда келиб чиққан тушунмовчиликни жойига чиқиб ўрганиш, таҳлил қилиш ва ижобий ҳал этиш учун бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берди.

Бош вазир Ангрендан Хоразмга етиб бориб, Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган одамлар билан учрашди ва улар билан суҳбатлашди.

27 июль куни тушдан кейин Миллий Банкнинг Урганч бўлими ходимлари томонидан компенсация пуллари тарқатила бошланди. Режага кўра, шу бугуннинг ўзида 207та хонадон эгасига келишув шартномасида кўрсатилган компенсация пулининг 50 фоизи миқдорида, жами 21 миллиард сўм тақсимлаб берилади.

Хоразм вилояти ҳокимлиги одамлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш учун Республика бюджетидан қўшимча маблағларни жалб қилган. Жами 394та хонадон эгаси 70 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пулини олиши кўзда тутилмоқда.

Маълум қилишларича, ҳукумат жойларда ободонлаштириш ишлари, жумладан, бузилишлар юзасидан бир гуруҳ депутатлар томонидан юборилган сўровни ўрганиб чиқмоқда, қонунчиликда белгиланган тартибда депутатларга ва жамоатчиликка бу ҳақда қўшимча маълумот берилади.

Бош вазир Абдулла Арипов раислигида снос масаласида ўтказилган йиғилишда Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ва шаҳар прокурори Давлатовга йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан эълон қилинди.

Top