18:20 / 12.07.2019
35348

«Барселона» Антуан Гризманн трансферини эълон қилди

Франциялик ҳужумчи Антуан Гризманн «Барселона» аъзосига айланди. Бу ҳақда «кўк-анорранглилар» расмий сайтида эълон қилинди.

28 ёшли ҳужумчи билан 5 йиллик шартнома имзоланади, бу шартномага кўра у жами 105 миллион евро миқдорида маош олади. Шартномани бекор қилиш суммаси - товон пули миқдори 800 млн евро деб белгиланади.

Каталонияликлар клуби Гризманн учун «Атлетико»га 120 млн евро тўлаган. 7-рақам эгаси 5 мавсумдан буён Мадрид клубида ўйнаб келаётганди.

Антуан душанбадан каталонияликлар сафида машғулотларга қўшилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, «Атлетико» Гризманни 2014 йилда «Реал Сосьедад»дан 30 млн еврога сотиб олган. У ўтган мавсумда «матрасчилар»нинг 48та ўйинида майдонга тушиб, 21та гол ва 10та голли узатмага муаллифлик қилганди.

Француз футболчиси мадридликлар клуби учун барча турнирлар доирасида жами 257 ўйинда майдонга тушган ва 133 гол урган.

Испания пойтахтидаги беш йиллик фаолияти давомида ҳужумчи Европа лигаси, Европа суперкубоги ва Испания суперкубогида бир мартадан ғолиб чиқди. 2016 йилда Ла Лиганинг, 2017/18 мавсумида Европа лигасининг энг яхши футболчиси деб топилди.

У 2019 йил майида клубни тарк этишини эълон қилганди. 

Антуаннинг катталар футболидаги илк мавсуми муваффақиятли кечган, у дебют - 2009/10 мавсумида «Реал Сосьедад»нинг Сегунда ғолиби бўлишига 39та ўйиндаги иштироки билан ҳисса қўшиб, сўнг ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлганди. Евро-2016нинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган, ўша йили Францияда йил ўйинчиси деб эълон қилинган Гризманн 2018 йилги Жаҳон чемпионатида 4та гол уриб, бош соврин эгасига айланган эди.

Top