Ўзбекистон | 15:27 / 29.02.2020
17060
4 дақиқада ўқилади

Профессионал таълимда педагог кадрлар малакасини ошириш тизими ўзгаради

Профессионал таълим тизими бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштирилади.

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг:

идоравий бўйсунувидан қатъи назар профессионал таълим тизими бошқарув ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш Вазирлик ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти томонидан ташкил этилиши;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ихтисослашган олий таълим муассасалари ҳузуридаги марказ (факультет)ларда ташкил этиш;

профессор-ўқитувчиларга олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартларини татбиқ этиш, бунда, бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Бошқарма ва бўлимларда фаолият кўрсатаётган услубчи ва дастурчи-муҳандис штат бирликлари негизида бош мутахассис ва етакчи мутахассис штат бирликлари жорий этилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Институт директори олий таълим муассасаси ректорига, директор ўринбосарлари – олий таълим муассасаси проректорига, бошқарма ва бўлим бошлиқлари – факультет деканига, бош мутахассис – катта ўқитувчига, етакчи мутахассис – ўқитувчига тенглаштирилади.

Белгиланишича:

Вазирлик, идоравий бўйсунувидан қатъи назар профессионал таълим тизими бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг узлуксиз малакасини ошириш ҳамда методик таъминлаш борасида ягона давлат сиёсатини юритади;

Институт профессионал таълим тизими бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида ягона меъёрий-услубий базани ишлаб чиқиш, ўқув жараёнини ташкил этиш юзасидан методик раҳбарликни амалга ошириш, таълим сифатини назорат қилиш бўйича бош муассаса ҳисобланади;

малакавий ишларни бажариш бўйича маслаҳатлар бериш ҳамда давлат аттестация комиссияси ишларига жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар, вазирлик, идоралар, ташкилотлар, тижорат банклари ва йирик корхоналар мутахассисларига белгиланган тартибда соатбай асосида иш ҳақи тўланади. Бунда соатбай иш ҳақи фонди малакавий ишларни бажариш бўйича маслаҳатлар бериш ҳамда давлат аттестация комиссияси ишларида бажарилган соатлардан келиб чиқиб белгиланади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш якуни бўйича тингловчиларга бериладиган давлат намунасидаги ҳужжатлар Институт томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Давлат бюджети маблағлари;

давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари;

республика илмий-тадқиқот лойиҳа грантлари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид