Ўзбекистон | 17:50 / 26.06.2019
11644
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ректорларни сайлаш тизимини жорий этиш керак – Азиз Абдуҳакимов

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг ректорларини сайлаш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. Ҳукумат вакили бугун Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро-пресс клуб сессиясида шу ҳақда гапириб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Кўплаб ректорларимиз ОТМлар мустақил эмаслиги масаласини кўтаришмоқда. Ўйлайманки, ОТМларимиз ўз автономиясига эга бўлиши керак. Бунга қандай эришишимиз мумкин?

Биринчи навбатда, ректорларимизда кафолат бўлиши керак. Олдинги йилларга қарайдиган бўлсак, ректорлар 2-3 йилда алмашарди. Биз ўйлашимиз керакки, уларни сайлов йўли билан камида 5 ёки 10 йилга тайинланадиган тизимни жорий этиш бугунги кун талабига айланган.

Албатта, айримлар эртага қандайдир бир гуруҳлар ўз одамларини олиб келишга ҳаракат қилиши хавфи бор, дейишади. Лекин бунга жавоб топсак бўлади. Сайловга Олий таълим вазирлиги томонидан 3-4 номзод берилса ва ректор шу номзодларнинг ичидан сайланса, ўйлайманки, ҳеч қанақа хавфи бўлмайди», – деди Абдуҳакимов.

Азиз Абдуҳакимовнинг фикрича, Ўзбекистонда олийгоҳлар структураси ҳам тубдан ўзгариши керак.

«Кўплаб ректорлар билан гаплашганимизда улар илм билан, ўқув жараёни билан шуғулланмасдан, кўпроқ хўжалик масалалари билан овора бўлиб қолишганини айтишади. Тўлов-топшириқномасига қўл қўйиш, пулнинг тақсимланиши, қурилиш масалалари каби оддий кундалик масалалар билан овора бўлиб, асосий иши – илмий-ўқув жараёни билан етарлича шуғуллана олишмаяпти.

Етакчи халқаро университетлар структурасини ўргансак, уларда ректор – ОТМнинг таниқли одами, таниқли олим, керак бўлса, бренди бўлиб чиқади. Бу университетларда мавжуд бўлган хўжалик масалалари билан шуғулланадиган бошқарувчи ёки бош менежер лавозимини жорий этсак мақсадга мувофиқ бўларди», – дейди у.

Ҳукуматнинг таълим соҳасига масъул мулозими ўз нутқида, шунингдек, мамлакатдаги ОТМларнинг бир-биридан айтарли фарқ қилмаслигини ҳам таъкидлади.

«ОТМларимизнинг ҳолатини ўрганиб чиққанимизда, оддий мисол, бирорта олий таълим муассасамизда ўзининг байроғи йўқ, мадҳияси йўқ. Умуман олганда, ҳамма ОТМларимиз бир-бирига ўхшаб қолган. Бундай қарасангиз, улар алоҳида-алоҳида ОТМ эмас, балки Олий таълим вазирлигининг филиалларига айланиб қолган. Уларда автономия бўлмагани бунга сабаб», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон олийгоҳларида корпоратив бошқарувни йўлга қўйиш вақти келган. Олий таълим муассалалари молиявий жиҳатдан мустақил бўлиши, керак бўлса, ўз сиёсатини ўзи белгиловчи бўлиши керак.

«Самарқанд давлат университети ректори билан гаплашганимда уларга кунига 300-400та хат келиши, уларни ўқишга улгуриб бўлмаслиги, йилига 6000-7000та топшириқ тушиши, улар билан овора бўлиб, иш билан шуғулланишга имконият йўқлигини айтди. Албатта, биз бу нарсаларни йиғиштириб қўйишимиз керак», – деди Бош вазир ўринбосари.

«Охирги йил давомида биз Вазирлар Маҳкамасида бўлган кўплаб функцияларнинг ҳаммасини бериб юбордик. Турли керак-керакмас идоралараро ҳар хил комиссиялар бор эди. Ҳаммасини Олий таълим вазирлигига ўтказиб юбордик», – дея қўшимча қилди Абдуҳакимов.

Мавзуга оид