Жаҳон | 20:21 / 17.05.2020
35233
6 дақиқада ўқилади

Пандемия фонида жиддийлашган ва эътибор қаратилмаётган 5та глобал муаммо

Пандемия келтириб чиқарган инқироз оқибатлари кутилганидан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкин. Энди олимлар ва гуманитарийларни фақат иқтисодий харажатлар эмас, балки ундан-да каттароқ муаммолар ҳам ўйлантирмоқда.

Фото: REUTERS/Navesh Chitrakar

Хавфлилик даражаси юқори бўлган бошқа муаммоларнинг пандемия даврида кутилмаган тарзда долзарблашиб бораётгани хавотирларни оширмоқда.

Жаҳон иқтисодий форуми сиёсатчилар эътиборидан четда қолаётган бешта таҳдидни санаб ўтди.

1. Очлик ва тўйиб овқат емаслик фоизи ошмоқда

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти – FAO томонидан маълум қилинишича, COVID-19 заиф жамиятларни инқироз ичра инқирозга маҳкум этмоқда.

Дунё бўйлаб иқтисодий тушкунликнинг ҳукмрон бўлиши ва ишсизлик кўрсаткичининг ошиши аҳоли харид қувватининг пасайишига сабаб бўляпти. Бундан ташқари, бу омиллар глобал очлик муаммосини жиддийлаштириб юборяпти.

«Мамлакатлар озиқ-овқат таъминоти занжирига эътиборли бўлишлари, ўз навбатида ҳудудий, маҳаллий ва халқаро тарзда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат етиб келишини ҳам таъминлашлари лозим.

Очликка чап бериш ҳар бир иқтисодий стимулнинг марказида туриши керак», – дея қайд этади FAO.

Халқаро озиқ-овқат инқирози бўйича 2020 йил ҳисботида айтилишича, ҳозир 55та давлатда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаган. Уларда яшайдиган одамлар инсонпарварлик ёрдами сифатида юбориладиган озиқ-овқат ва витаминларга муҳтож.

Бу давлатлар ҳукуматлари олдида 2та ўта оғриқли танлов пайдо бўлмоқда: ё одамларнинг тирикчилигини асраб қолиш ёки уларни коронавирусдан сақлаш орқали очликдан ўлишга ҳукм қилиш.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш очликнинг юқори даражаси билан курашаётган ва тўйиб овқат емайдиганлар сони яна ошиши мумкинлигини айтмоқда.

«Коронавирус туфайли мураккаб ўзгаришлар кўп бўлиши, пандемия кўп оила ва жамиятларни чуқур инқирозда қолдириши мумкин», – дейди Гутерриш.

2. Иқлим муаммоси

Иқлим ўзгаришлари муаммолари 2020 йилда бизнес ва сиёсий доиралар эътибор қаратадиган масалаларнинг асосийси бўлиши кутилаётган эди. Сайёрамизни асраш 2020 йилда Давосда ўтказилган Жаҳон иқтисодий форумида ҳам муҳокамадаги асосий мавзулардан бири бўлган эди.

Бироқ ўшандан бери иқлим билан боғлиқ муаммолар сиёсатчилар томонидан иккинчи даражали масала сифатида қолдирилмоқда. Сабаб эса пандемия.

Иқлим муаммоси унга эътибор қаратилмагани ёки бошқа йирикроқ муаммолар кўпроқ муҳокама бўлаётгани билан чекиниб қолмайди. Исбот сифатида эса 2019 йил тарихдаги иккинчи энг иссиқ йил бўлганини келтириш кифоя.

Айримлар карантин чекловлари туфайли ифлосланиш даражаси ва иссиқхона газларининг қисқариши иқлим муаммоларини ҳал қилишда нималарга эришиш мумкинлигини кўрсатиб берди, деб ҳисоблаётган бўлса, баъзилар табиат ҳимояси учун аниқ режаларнинг амалга оширилиши бир неча йилларга ортга сурилди, деган фикрда.

Карантин туфайли Нью-Йоркда карбонад ангидрид гази ажралиб чиқиши март ойида одатий кўрсаткичнинг ярмига қисқарган бўлса, Хитойда дастлабки карантин чекловлари ифлосланиш даражасини 25 фоизга камайтирди.

3. Норасмий иқтисодиётда банд аҳоли энг кўп зарар кўрмоқда

Халқаро валюта жамғармаси таҳлилларига кўра, 2019 йилда 2,9 фоизга ўсган жаҳон иқтисодиёти 2020 йилда 3 фоизга қисқариши мумкин.

Бундан ташқари, ХВЖ ишсизлик даражаси 2019 йилдаги 3,7 фоиздан 9,2 фоизга чиқишини тахмин қилмоқда.

Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам ишсизлик 6,6 фоиздан 9,2 фоизга кўтарилиши кутиляпти.

Халқаро меҳнат ташкилотининг қайд этишича, норасмий иқтисодда банд бўлган аҳоли қатлами расмий сектордаги ишчилардан кўпроқ зарар кўради. Дунё бўйлаб норасмий секторда банд аҳоли 2 миллиарддан кўпроқни ташкил қилади.

«Уларнинг аксарида тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти чегараланган, карантин даврида ёки касаллик ҳолатида суғурта учун оладиган маблағлари ҳам йўқ. Норасмий иқтисодда ишлайдиган кўпчилик учун уйда қолиш ишсиз қолиш деганидир. Чунки бундай одамларнинг аксарида масофадан ишлаш имкони йўқ, оқибатда даромадсиз ва егуликсиз қолишлари мумкин», – дея маълум қилмоқда Халқаро меҳнат ташкилоти.

ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб норасмий иқтисодиётда банд бўлган миллионлаб кишиларнинг даромадлари карантиннинг биринчи ойида 60 фоизга қисқарган.

4. Эмлаш тадбирларининг кечиктирилиши ўлимларни оширади

Айрим мамлакатларда қизамиқ ва полиомиелитга қарши эмлаш тадбирлари вирус тарқалиши хавфи сабабли кечиктирилмоқда.

ЖССТ март ойи охирида эмлаш ишларини давом эттириш учун кўрсатмалар эълон қилиб, оммавий эмлаш тадбирларини вақтинча тўхтатиб туришни тавсия қилди. Шу билан бирга, ташкилот тиббиёт ходимлари хавфсизлигини таъминлаш ва одамларни эҳтимолий касалликлардан асраш ўртасида балансни ушлаб қолиш қийинлигини таъкидлаган.

Лондон Гигиена ва тропик тиббиёт университети олимларининг изланишлари Африкада иммунология билан боғлиқ тадбирлар тўхтаб қолмаслиги кераклигини кўрсатмоқда. Таҳлилларга кўра, эмлаш тадбирлари вақтида коронавирус юқтириб олиниши натижасида юзага келадиган битта ўлим ҳолатига, эмлаш орқали келажакда ҳаёти сақлаб қолинадиган 29 нафардан 347 нафаргача бола тўғри келади.

«Агар вакцинация тўхтаб қолса, келгусида қизамиқ, сариқ безгак, кўкйўтал, менингит, пневмония ва диарея сабабли рўй берадиган ўлим ҳолатлари ошиши мумкин», – дейишмоқда Лондон университети олимлари.

5. Режалаштирилмаган ҳомиладорлик ҳолатлари

БМТ оилаларда режалаштириш бўйича муаммолар, шунингдек, карантин ва тиббиётда кузатилаётган етишмовчиликлар туфайли келгуси ойларда 7 миллион режалаштирилмаган ҳомиладорлик ҳолатлари кузатилишини тахмин қилмоқда.

Тегишли муассасалар ёпилмоқда, аёллар эса вирус юқтириб олишдан қўрқиб кўрикларни ўтказиб юбормоқда. Бундан ташқари, товарлар таъминоти занжирларидаги узилишлар сабаб контрацепция воситалари тақчиллиги ҳам юзага келмоқда.

Нафақат режалаштирилмаган ҳомиладорлик ҳолатлари, балки хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик, жинсий жиноятлар ва вояга етмаганлар ўртасидаги никоҳлар ҳам кўпайиши мумкин.

«Янги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, COVID-19 пандемияси глобал миқёсда аёллар ва қизларга фалокатли таъсир кўрсатиши мумкин. Пандемия тенгсизликни кучайтирмоқда», – дейди БМТ Аҳоли фонди ижрочи директори доктор Наталия Канем.

Мавзуга оид