Бутун Европада шифохоналар гўёки яшаб қолиш режимида ишлаётганга ўхшайди.

Хоҳ Францияда бўлсин, хоҳ Словения ёки Швецияда, барча шифохоналар ходим етишмаслиги, кам маош ва белгиланган вақтдан ташқари ишлашга қарши курашмоқда. Бу ҳолат бутун соғлиқни сақлаш тизимида иш ташлашларга сабаб бўлиб, натижада беморларни парваришлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу йил Швецияда тиббиёт ходимлари 16 йил ичида илк бор иш ташлаш ўтказди. Бунга 78 кун кетма-кет ишлаш ва кам маошга қарши норозилик сабаб бўлди.

Скандинавия мамлакатларида иш ташлашлар Европанинг бошқа ҳудудларига нисбатан камроқ учрайди. Бироқ жамоавий шартнома тузиш бўйича тўрт ойлик музокаралардан сўнг Швеция тиббиёт ходимлари уюшмаси бунга мажбур бўлди — улар 11 апрелдан 28 июнгача иш ташлади.

“Музокаралар жараёнида боши берк кўчага кириб қолдик. Иш ташлаш эълон қилишга мажбур бўлдик. Низога боришимиз муқаррар эди”, — деди Синева Риберо Швеция соғлиқни сақлаш ходимлари уюшмаси президенти. 114 000 аъзога эга уюшма ҳамширалар, акушерлар, биотиббиёт олимлари ва рентгенологларнинг манфаатини ҳимоя қилади. Касаба уюшмаси иш вақтидан ташқари ишлашни ҳам тақиқлади.

“2023 йилда улар (уюшма аъзолари) уч миллион соат ортиқча ишлаган. Ҳамширалар, акушерлар, рентгенологлар ва рентген ҳамширалари етишмаслигини билардик”, — деди Риберо.

Натижада, Швеция тиббиёт ходимлари уюшмаси ўз аъзоларининг 10 фоизи — тунги сменада ишловчилар учун иш вақтини қисқартиришга, иш ҳақини 3,05 фоизга оширишга ҳамда иш берувчилар ҳамшираларнинг малака оширишини молиялаштиришига доир келишувга эришишга муваффақ бўлди.

Бошқа томондан, улар тиббиёт ходимларининг иш ҳафтасини 40 соатдан 37 соатгача қисқартириш тўғрисидаги талаблардан воз кечишга розилик билдирди.

Умуман олганда, меҳнат шароитларининг ёмонлашуви тиббиёт ходимларини Швециядан қўшни мамлакатларга кўчиб кетишга мажбур қилувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

“20 мингга яқин ҳамшира Норвегияда ишлайди, чунки у ерда ҳафтасига камроқ соат ишлаб, кўпроқ маош олишади”, — дейди Риберо.

Бундан ташқари, Швеция соғлиқни сақлаш соҳасидаги компетенциялар бўйича миллий кенгашининг июн ойида эълон қилинган ҳисоботида таъкидланишича, 13 000 нафар малакали ҳамшира касбини тарк этган, натижада солиқ тўловчилар ҳисобидан 60 миллион евродан ортиқ маблағ сарфланиб, соҳада “қора туйнук” пайдо бўлган.