Греция оғриқли иқтисодий инқирозни расман тугатиб, молиявий қутқарув дастурларидан чиққанига олти йил бўлгач, мамлакат янги фавқулодда вазият — аҳоли сонининг камайишига дуч келди. Euronews мақоласида бу мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тузилишига таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланади.

Прогнозларга кўра, 2070 йилга келиб Греция аҳолиси чоракка қисқариши мумкин, бу Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан (4 фоиз) анча юқори.

2022 йилда мамлакатда қарийб юз йилдаги энг паст кўрсаткич — 77 мингдан кам туғилиш қайд этилган. Шу билан бирга, ўлим деярли икки баравар кўпайди. Яқин келажакда ушбу тенденция ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда.

“Демографик фалокат келажагимиз учун том маънода экзистенсиал муаммога айланиб боряпти”, — деб огоҳлантирди Греция бош вазири Кириакос Митсотакис.

2021 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўн йил ичида умумий аҳоли сони 3,1 фоизга қисқарганини кўрсатди. Ҳозир мамлакатда 10 миллиондан сал кўпроқ одам истиқомат қилади.

Шу ўн йиллик даврда Греция иқтисодий инқирозни бошдан кечирди. Айнан мазкур инқироз туфайли ярим миллионга яқин грек, айниқса ёш ва маълумотли аҳоли қатламлари, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Мамлакатда қолганлар ҳалигача ишсизлик юқори, маош кам меҳнат бозорини тиклаш машаққатига дуч келмоқда. Бу эса барқарор карера қуриш ва оила барпо этиш вазифасини янада мураккаблаштиради.

Шимолий Эгей денгизидаги 50 минг аҳоли яшайдиган Ҳиос оролида 30 ёшлар атрофидаги жуфтлик Мария ва Никос журналистлар билан суҳбатлашди. Улар икки йил олдин Грециядан АҚШга кўчиб кетган ва фақат байрамлардагина бу ерга ташриф буюради. Улар муҳожирлик қарорини тушунтирар экан, бунга иқтисодий қийинчиликлар асосий сабаб бўлганини таъкидлади.

“Кунига 10-12 соатлаб ишлашга тўғри келса-ю, хоҳлаганча даромад қилиб бўлмаса, қандай қилиб уй сотиб олиш мумкин? Оилани қандай боқасиз? Бу имконсиз”, — деди Мария.

Никос эса Грецияни қанчалик яхши кўрмасин, ҳатто шароит яхшиланса ҳам, бу ерда ўз келажагини кўрмаётганини таъкидлади.

Ҳиоснинг узоқ миграция тарихи бор: сўнгги бир неча авлод давомида одамлар бошқа жойларда имкониятлар излаб кетишган. Бугунги кунда, айниқса оролнинг шимолий қисмида, бармоқ билан санарли кекса аҳоли яшайдиган бўм-бўш қишлоқларни кўриш одатий ҳолга айланган.