Ўзбекистон | 15:57 / 01.08.2020
20569
4 дақиқада ўқилади

Ёрдам пули тарқатилишига оид эътирозли видеолар тарқалмоқда. Вазирлик хавотирга ўрин йўқлигини, айбдорлар аниқланса, чора кўрилишини билдирди

Ўзбекистонда 30 июндан бошлаб «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оилаларга нақд пул шаклида маблағлар тарқатилмоқда. 1 августга келиб, ижтимоий тармоқларда ушбу маблағлар тарқатилишидаги камчиликлар билан боғлиқ маълумотлар пайдо бўла бошлади.

Аҳрор Ғуломов /Видеодан кадр

Тарқалган видеолардан бири Тошкент шаҳрининг Сергели тумани Ҳумо маҳалласига алоқадор бўлиб, унда ёрдам пули масаласида маҳалла аҳли ва маъмурият ўртасида низо келиб чиққанини кўриш мумкин.

Видеода аҳоли вакили маҳалла раҳбариятини ногиронлиги бор шахсга ёрдам пулини бермаётганликда айблаган. Унинг сўзларига кўра, маҳалла маъмурияти эҳтиёжмандларга ажратилган маблағни сўраб келганларга банкдан кредит олишни тавсия қилган. Айни ҳолатга алоқадор бошқа бир видеода ички ишлар ходимлари маҳалла маъмурияти вакилларини аҳолидан ҳимоя қилишга уринаётгани кўринади.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятига дахлдор экани айтилаётган яна бир видео тарқалди. Муаллифи кўринмаган видеода камера ортидан гапирган шахс 700 минг сўм ёрдам пули олгани, аммо дастлаб конвертда 1 млн сўм бўлгани, 300 минг сўмни тарқатувчилар ушлаб қолишганини айтади.

«700 минг сўм. Конвертни очганда ҳақиқатан ҳам унда 1 млн сўм бўлган, лекин маҳалла ва ҳокимлик вакиллари: «Агар 300 минг сўмдан ташлаб кетмасаларинг, биз кейинги сафар пул тарқатилганда сизларни рўйхатдан олиб ташлаймиз», деб қўрқитиб, 300 минг сўмдан пулларини олишган», – дейилади видеода.

Бугун, 1 август куни АОКАдаги брифингда чиқиш қилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аҳрор Ғуломов Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ва Хоразм вилоятидаги пул тарқатилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида гапирди.

«Фармон билан белгиланган эҳтиёжманд ва ночор оилаларга пул маблағларини тарқатиш масалаларида Хоразм вилояти ва Сергели тумани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатлардан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг хабари бор.

Ушбу ҳолатлар вазирлик раҳбарияти томонидан Ички ишлар вазирлиги билан бирга қатъий назоратга олинган. Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Барча ҳолатлар ўрганилмоқда. Қонун бузилиши ҳолатлари тасдиқланадиган бўлса, айбдорларга нисбатан албатта ўрнатилган тартибда чоралар кўрилади», – деди Аҳрор Ғуломов.

Эслатиб ўтамиз, 30 июлдаги президент фармонига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари («темир дафтар»)га киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Бунинг учун 200 миллиард сўм ажратилган.

Бу пуллар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқовга кўра, «қайсидир бир идоранинг кичик ходими ёки кассирига ишониб бериб қўйилмаган».

«Моддий ёрдам пуллари вилоят даражасида молиялаштирилгач, 4та сектор раҳбари – вилоят ҳокими, прокурори, ИИБ ва солиқ бошқармаси бошлиқлари мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари асосида нақд пулларни банкдан олиб, ўзларининг вертикалларидаги сектор раҳбарларига топширишади ва мазкур жараёнда вилоятдаги секторларнинг раҳбарлари шахсан иштирок этади. Яъни пулларни қайсидир бир идоранинг кичик ходими ёки кассирига ишониб топшириб қўйганмиз йўқ. Давлатнинг ваколатли одамларига ишониб топширилди бу пуллар»,деди вазир ўринбосари 31 июлдаги матбуот анжуманида.

Мавзуга оид