Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2019 йилда Тошкентдаги кўчмас мулк бозори қандай ўзгаришларга учради ва бизни 2020 йилда нималар кутмоқда?
Сўнгги икки йил ичида биз пойтахтда кенг кўламли ўзгаришларни кузатмоқдамиз. Тошкент бу ҳажмдаги қурилиш ишларини кўпдан бери кўрмаган. Бу ҳақда бозор иштирокчиларининг фикри қандай? Ахир кўчмас мулк соҳасида сотиш ва харидлар масаласи кўпчиликни қизиқтириши аниқ.
Кўчмас мулкка ихтисослашган Uybor.uz сайти бинокорлар ва риэлторлар ўртасида Тошкент кўчмас мулк бозори ҳолати юзасидан кичик сўровнома ўтказди.

2019 йилда янги қурилган уйларга талаб қандай бўлди?
Бурхон Ишанкулов (Dream House девелоперлик компанияси директори): 2018 йилга нисбатан олсак, 2019 йилда қурувчилар ва янги уйлар сони ортди. Харидорлар талаби барқарор сақланиб турибди.
Александр Жигастов (Grand Capital Group девелоперлик компанияси сотув бўлими бошлиғи): Ҳеч шубҳасиз, жорий йилнинг биринчи квартали анча динамик кечди, қўнғироқлар кўп бўлди – демак бунинг ортидан идорамизга харидордар ташрифи ҳам кўпайди. Иккинчи ва учинчи кварталларда сусайиш кузатилди. Аммо тўртинчи кварталга келиб талаб сезиларли даражада ошди.
Мурод Назаров (Murad Buildings девелоперлик компанияси соҳиби ва рахбари): 2019 йилда талаб ҳам, таклиф ҳам ошди. Соҳада рақобат кучайди, яъни таклифлар етарли. Бунинг ижобий томони шуки, қурилишлар, қурувчилар кўпайди, рақобат эса соҳа вакилларини кучайтиради, уларга нисбатан талабни оширади. Салбий томони, қурилиш қилиш осонлашди, бу бизнесга соҳага оид тажрибаси бўлмаган инсонлар ҳам кириб келаётгани тўғрисидаги шубҳалар туғилди. Айниқса айрим компанияларнинг нафақат тарихи, балки молиявий имкониятлари ҳам йўқлиги ажаабланарли, бу анча хавотирларга сабаб бўлади.
Мая Абдувалиева (Delta Rielt Servis кўчмас мулк агентлиги директори): Иккиламчи бозорга нисбатан афзалликлари боис янги қурилган уй-жойларга бўлган талаб йилдан-йилга барқарор ошиб бормоқда. Лекин 2019 йилда бу талаб таклифнинг кўпроқлиги туфайли жиловлаб турилди. Бундан ташқари хорижий валютага боғланган юқори нархлар омилини унутмаслик лозим.

Ўтган йилга нисбатан нималар ўзгарди?
Бурхон Ишанкулов: Талабларнинг ўзи ўзгарди. Энди бинокорлар харидорларни жалб қилиш учун бири-биридан қизиқ таклифлар билдирмоқдалар. Ички таъмирлаш, мебель ва маиший техника каби бонусларни қўшмоқдалар.
Александр Жигастов: Биринчидан, қурувчи компаниялар сони ошди, шу тарзда таклиф талабга мувофиқ келди. Иккинчидан, қурувчилар уйларнинг фасадлари эксклюзив бўлишига эътибор қаратдилар ва эндиликда анъанавий ғиштли фасадлар ўтмишда қолмоқда. Учинчидан, одамларнинг баланд биноларга қарашлари ўзгарди, олдинги фикрлар ҳам ортда қолди. Олдинлар қуйи қаватларга талаб юқори бўлган бўлса, ҳозир бу борада талаб кескин ўзгарди.
Надежда Макеева (New Realtor кўчмас мулк агентлиги риелтор): Ўтган йилга нисбатан янги уйлар ва нотурар жой объектлари бўйича таклифлар миқдори ошди.
Мурад Назаров: Ўтган йили соҳа вакиллари нисбатан оз эди. Саноқли компанияларгина мавжуд бўлиб, улар ҳам бизнес, комфорт ёки премиум даражасидаги уйлар қуришарди. Охирги йилда нисбатан арзон нархдаги уйлар сони ошди, улар ҳам давлат томонидан, ҳам хусусий фирмалар томонидан қурилди. Ҳозирги кунда кам таъминланган оилалар ҳам, ўрта даромадга эгалар ва бой қатлам вакиллари учун ҳам таклифлар мавжуд.
Мая Абдувалиева: Олдинлари (2015-2016 йилларда) бу бозорнинг бир неча вакиллари бор эди. Аммо 2017 йилдан бошлаб қурувчилар сони кўпайиб кетди. Бу бир томондан нархни жиловлашга олиб келган бўлса, иккинчи томондан рақобатни кучайишига сабаб бўлди.

Айни пайтда бозорда таклиф талабдан ортиқми?
Бурхон Ишанкулов: Жуда катта ҳажмдаги таклифлар олдида харид қуввати камайиб бормоқда.
Александр Жигастов: Бундоқ ўйлаб қаралса, қайсидир синфдаги турар-жойлар учун таклифнинг талабдан ортиқчалиги эҳтимоли паст. Бундай ҳолатни фақат айрим йўналишлардагина кузатиш мумкин. Таклиф ҳажмининг ортиши харидорлар учун ўз талабларига, қулай жой ҳамёнлари қувватига кўра танлаб олиш имкониятига эга бўладилар.
Надежда Макеева: Таклиф ортиқча бўлмайди.
Мурад Назаров: ҳозирча таклифнинг талабдан ортиқчалиги йўқ, аммо бундай ҳолат юз бериши мумкин. Маълумки, премиум синфдаги уйлар бозорнинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил қилади. Ундан кейин бизнес, комфорт ва стандарт синфдаги уйлар келади. Премиум ва бизнес синфдаги уйлар кўп бўлиши мумкин.
Мая Абдувалиева: Ҳеч шубҳасиз, ҳа.

Келгуси йил учун сизнинг прогнозларингиз?
Бурхон Ишанкулов: Кейинги йилдаги вазият жорий йилдан айтарли фарқ қилмайди, бир йил ичида сезиларли ўзгариш бўлмайди.
Александр Жигастов: Бозордаги ўзгаришларнинг асосий омили АҚШ долларининг ўзгарувчан курси. Унинг қиймати ошиши ортидан қурилиш материаллари баҳоси ҳам ошиб боради. Бундан ташқари 2019 йилда жорий қилинган ҚҚС нарх ошишига замин яратиши мумкин.
Менинг фикримча, бундан буён бозорда харидорлар талабларига жавоб бера олувчи рақобатбардош компанияларгина қолади.
Надежда Макеева: нархлар айрим жойларда аста-секин туша бошлайди. Сабаби, кичик бюджетга мўлжалланган янги уйлар сони ортмоқда. Албатта, марказ юқори нархларни сақлаб туради, олди-сотдилар сони ортиши керак.
Мурод Назаров: Соҳа жорий йилдаги суратларни сақлаб қолади, катта ўсиш бўлмайди. Девелопер бўлиш истагидаги компаниялар сони ортиши мумкин, лекин ер майдони чекланган, йилдан-йилга қурилиш учун ер топиш мураккаблашаверади. Рақобат сусаймайди, чунки фаолият юритаётганлар жараённи қўллаб туришади. Талабга келсак – ипотека кредитлари очиш, хориж фуқароларига уй-жой сотиб олишга рухсат бериш талабларини юмшатиш каби жиддий маъмурий ва иқтисодий ўзгаришлар бўлмаса, шу даражада сақланиб қолади. Фақатгина арзон уй-жойларга бўлган талаб ортиши мумкин, аммо бу ҳам давлатнинг бу йўналишга қай даражада эътибор беришига боғлиқ. Фикрларни жамлаб шуни айтишим мумкинки, бозор бир текис кетади: талаб ҳам, таклиф ҳам бўлади.
Мая Абдувалиева: Қурувчиларнинг битмаган уйлари бўйича кенг кўламли таклифлари ва қуриб битказилган ҳамда расмийлаштиришга тайёр бошқа уй-жойлар ўртасида кучли рақобат кетади.
Қурувчилар янги уй-жйолар учун нархни туширадилар деб ўйламайман, аммо шуниси аниқки, харидорлар «талабчан ва инжиқроқ» бўлиб борадилар. Улар уйнинг яхшисини, тўлов шакллари ҳам муддатли (олдиндан, ойма-ой, кейинчалик) бўлишини, қурилиш тугалланганлигини, турар-жойнинг ўз номига расмийлаштиришга эътибор қилишади.
Хулоса қилишни ўзингизга қолдирамиз. Агар сиз кўчмас мулк харид қилиш ёки сотишни режалаштираётган бўлсангиз, янги уй-жой ёки иккиламчи бозор бўлсин Uybor.uz сайти сизга ҳамиша кўмак беришга тайёр.
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
11:00 / 21.01.2020
Қай бири яхшироқ: янги машина сотиб олишми ёки Тошкент шаҳридан янги қурилган уй харид қилишми?
11:00 / 30.09.2019
Истанбулда Тошкент нархидаги янги хонадон сотиб олишни хоҳлайсизми?
09:00 / 15.08.2019
Тошкентда квартирани ижарага неча пулга олиш мумкин?
15:30 / 13.06.2019