Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия тасарруфидаги ҳарбий академик лицейлар “Темурбеклар мактаби” лицейлари этиб қайта ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси тасарруфидаги мавжуд ҳарбий академик лицейларни “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Темурбеклар мактабларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун билимдон, кенг дунёқарашга эга бўлган, теран фикрловчи, интеллектуал салоҳиятли, жисмонан бақувват ҳамда ўз халқи ва она Ватанига садоқат билан хизмат қилишга тайёр номзодларни тайёрлаш;
ёшлар орасида ўзининг қатъий эътиқоди, ёт ғояларга нисбатан қарши тура олиши, мафкуравий иммунитети мустаҳкам ҳамда юксак интизомга эга, жавобгарлик ва масъулият тушунчалари юқори бўлган ёшларни шакллантириш;
ҳарбий хизматчи учун зарур бўлган бошланғич касбий билим ва кўникмаларга, юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, етук ва баркамол шахс сифатида ўз дунёқарашлари билан бошқаларни эргаштира оладиган ёшларни тарбиялаш;
етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш.
Белгилаб қўйилишича:
а) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
тегишли академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг иккинчи ва учинчи босқич ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тақсимоти асосида яқин ҳудуддаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида амалдаги ўқув дастурлари бўйича таълим олишни якунлайдилар ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисидаги давлат намунасидаги диплом оладилар;
Темурбеклар мактабларини бутлаш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ва Миллий гвардияси қўмондони томонидан тасдиқланган штатларга мувофиқ амалга оширилади. Бунда, педагог кадрлар лавозимларини бутлашда устунлик юқори малакали, кўп йиллик педагогик тажрибага ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган мутахассисларга берилади;
Темурбеклар мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш танлов асосида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ва Миллий гвардияси қўмондони томонидан тасдиқланган қабул режасига мувофиқ амалга оширилади;
Темурбеклар мактаблари битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар тарзидаги имтиёз берилади;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Темурбеклар мактабини имтиёзли тамомлаган битирувчилар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига тест синовларисиз имтиёзли ўқишга қабул қилинади;
Темурбеклар мактабларининг ахборот-ресурс марказларини зарур ўқув, илмий ва бошқа турдаги адабиётлар билан таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорлик қилади;
Темурбеклар мактабларини махсус адабиётлар, спорт жиҳозлари, замонавий компьютер техникаси, ўқув мақсадларга мўлжалланган қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк намуналари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида” 2017 йил 24 январдаги ПҚ-2738-сон қарорига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича ташкил этилган академик лицейлар махсус гуруҳларига ўқувчиларни қабул қилиш тўхтатилади;
академик лицейларга 2018/2019 ўқув йилига қадар (ушбу ўқув йили қўшилган ҳолда) махсус гуруҳларга ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишни амалдаги ўқув дастурлари асосида белгиланган тартибда тугатадилар;
Темурбеклар мактаблари ўқитувчи лавозимларига чуқур касбий билим ва маҳоратга, юксак интеллектуал салоҳиятга ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган педагог кадрлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан ташкил этиладиган танлов асосида қонунчиликда белгиланган тартибда ишга қабул қилинади;
б) Темурбеклар мактабларининг ноҳарбий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади ҳамда улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланади;
в) Темурбеклар мактабларида меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 40 фоизи миқдорида Темурбеклар мактаблари бошлиғи жамғармаси ташкил этилади;
жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан белгиланади;
г) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ноҳарбий ходимлари учун белгиланган иш стажи учун фоизли устама белгилаш тартиби Темурбеклар мактаблари ноҳарбий ходимларига ҳам татбиқ этилади;
д) Темурбеклар мактабларида ўқувчиларга таълим-тарбия беришнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда ҳамда таълим-тарбия жараёнининг узвий равишда олиб борилишини таъминлаш мақсадида, раҳбар ва педагог ходимлар тушлик вақтида Темурбеклар мактаблари ошхонасида ўқувчилар учун белгиланган нормага мувофиқ бепул овқатланади;
е) 2020 йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган Темурбеклар мактаблари битирувчилари муддатли ҳарбий хизматга танловсиз қабул қилинадилар;
ж) Темурбеклар мактаблари иншоотларини Комплекс дастурга асосан мукаммал таъмирлаш, қайта қуриш ва қуриш ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” унитар корхоналари буюртмачи ҳисобланади.
Мавзуга оид
18:20 / 21.07.2024
Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида қўшимча квота ажратилади
11:26 / 31.10.2023
“Темурбеклар мактаби”га аёллар ҳам қабул қилинади
15:01 / 21.09.2023
Максимал балл тўплаб контрактга кирган талабалар грантга ўтказилади
17:14 / 23.08.2023