Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Максимал балл олиб контрактга тушган абитуриентлар грантга қабул қилинадими? – масъуллар жавоб берди
Темурбеклар мактаби битирувчиларига қўшиб берилган балл ҳисобига максимал 189 балл олиб контрактга тушган абитуриентларнинг барчаси президент гранти асосида ўқишга қабул қилиниши масаласи кўриб чиқиляпти. «Бу бўйича таҳлиллар олиб бориляпти, ҳали якунига етгани йўқ», дейди ОТФИВ вакили.
Мандат натижалари эълон қилингач, максимал 189 балл олиб ҳам айрим абитуриентларнинг контрактга ўқишга киргани кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Бу масала 23 август куни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари иштирокида ўтган матбуот анжуманида ҳам кўтарилди. Kun.uz мухбири масъулларга максимал балл олиб, контрактга тушган абитуриентлар президент грантига қабул қилинадими, кейинги йилдан Темурбеклар мактаби битирувчилари умумий квотага дахл қилмаган ҳолда алоҳида беллашадими, деган савол билан мурожаат қилди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раҳбари Мажид Каримовнинг маълумот беришича, кимга имтиёз берилиши, Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида квота бўлиш-бўлмаслиги Билим ва малакани баҳолаш агентлигига ҳам, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ҳам боғлиқ эмас.
«Биздан юқори ташкилот бўлган Таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссияси бор, бу ўша комиссия ваколатига киради. Агар шу комиссия квота беришни белгиласа, биз шу асосда ишлаймиз, бўлмаса йўқ. Бизнинг ваколатга кирмайди», – деди Каримов.
Агентлик раҳбари фикрини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили Шерзод Неъматов ҳам маъқуллади. Унинг айтишича, бу йил 13 минг нафардан ортиқ абитуриет турли имтиёзли квоталар доирасида ўқишга қабул қилинган, яъни улар умумий квотадан ташқарида бўлган.
«Темурбеклар мактаби масаласига келсак, бу бўйича таклиф ишлаб чиқилиб, давлат комиссиясига берилади», – деди у.
Максимал балл олган абитуриентларга президент гранти берилиши масаласига эса вазирликнинг қабул жараёнларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Абдусамат Маманазаров тўхталди.
Унинг маълумот беришича, бу йил максимал балл олган абитуриентларга президент грантини бериш бўйича таҳлиллар олиб бориляпти, ҳозирча якунига етгани йўқ. «Бу танлов йўналишлар кесимида бўлади ва катта эҳтимол билан 189 балл олган абитуриент ўша ажратилган квотага тушса керак. Сабаби, таҳлиллар ўз якунига етмади. Абитуриент балли билан ундан кейинги абитуриентнинг балли тенг бўлиб қолганда, у президент грантига қўшимча тавсия этилади. Жумладан ўтган йилги қабул натижасига кўра, жами 256 нафар абитуриент президент грантига сазовор бўлганди. Агар абитуриент контракт бўлса ҳам, президент грантига тавсия этилса, давлат гранти асосида ўқишлари мумкин бўлади», – деди Маманазаров.
Олдинроқ Темурбеклар мактаби битирувчиларига қўшиб берилган балл сабаб контрактга тушиб қолган абитуриентлар Kun.uz’га мурожаат қилиб, вазиятдан норози эканликларини билдиришганди.
Мавзуга оид
18:20 / 21.07.2024
Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида қўшимча квота ажратилади
15:10 / 07.12.2023
Аввал тест ишлаб, кейин қаерда ўқиш танланади – 2024 йилдан абитуриентлар қабули ўзгаради
15:07 / 03.11.2023
Умумтаълим фанларидан ўқишга тавсия этилган дарсликлар рўйхати эълон қилинди
11:26 / 31.10.2023