Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада Хитой электромобилларига божларни кескин пасайтиради
Трамп билан савдо келишувига эришолмаган Канада бош вазири Марк Карни Пекинга сафар қилди. Келишувга кўра, Хитойнинг BYD ва бошқа электромобилларини Канадага олиб киришдаги 100 фоизлик бож муайян квота доирасида 6,1 фоизга туширилади, бунинг эвазига Хитой томони Канадада етиштирилган колза уруғи учун божни 84 фоиздан 15 фоизга пасайтиради.
Фото: Sean Kilpatrick / Reuters
Канада Хитой электромобиллари импорти учун 100 фоизлик бож тарифларини кескин пасайтиради. Ўз навбатида, Хитой Канадада ишлаб чиқарилган айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун божни камайтиради.
Бу ҳақда 4 кунлик ташриф билан Пекинга борган Канада бош вазири Марк Карни ХХР раиси Си Жинпинг билан музокаралардан кейин маълум қилди, дея хабар бермоқда Associated Press.
Карнининг сўзларига кўра, Хитой электромобиллари учун 100 фоизлик бож 6,1 фоизга туширилади ва пасайтирилган бож аввалига йиллик 49 мингта электромобилга нисбатан татбиқ этилади, кейинчалик бу квота оширилиб, 5 йил ичида 70 мингтага етади.
Хитой эса Канаданинг асосий экспорт товарларидан бири бўлмиш колза уруғи учун божни 84 фоиздан 15 фоизга туширади, деди Канада бош вазири.
“Хитой билан муносабатларимиз охирги ойларда анча ривожланди, натижаларни ҳали кўрасиз”, деди Марк Карни.
2025 йилда Канада етакчисига айланган иқтисодчи Карни 2008-2013 йилларда Канада Марказий банки, 2013-2020 йилларда Англия Марказий банки раиси бўлган. У ҳукумат раҳбарлигига келганидан буён АҚШ президенти Доналд Трамп билан савдо келишувига эришолмай келмоқда. Трамп Канадани АҚШнинг 51-штатига айлантиришни исташини очиқ айтади.
АҚШ президенти бу келишув ҳақидаги саволга жавоб бераркан, бирор эътироз билдирмади.
“У қилиши керак бўлган ишни қиляпти, савдо келишувини имзолаган бўлса, ўзи учун яхши бўлибди. Агар Хитой билан келишувга эриша олсанг, буни қилишинг керак”, – деди Трамп.
Маълумот учун, Канада Хитой электромобилларига 100 фоиз бож, пўлат ва алюминийга эса 25 фоизлик божни собиқ бош вазир Жастин Трюдо даврида, Доналд Трампнинг қарорига эргашган ҳолда киритган эди. Бунга жавобан Хитой Канададан келадиган колза ёғи, кунжараси ва уруғи учун, шунингдек, чўчқа гўшти ва денгиз маҳсулотлари учун юқори бож киритган.
Хитой томони статистикасига кўра, 2025 йилда Канададан импорт 10,4 фоизга ёки 41,7 млрд долларга қисқарган.
Канада автосаноат корхоналари ва уларнинг ходимлари Хитой электромобиллари учун бозорнинг очилишига қарши. Аввалроқ Марк Карни уларни тинчлантиришга уриниб, 49 мингта автомобил – йилига 1,8 миллионта автомобил сотиладиган Канада бозорининг атиги 3 фоизини ташкил этишини, унинг эвазига Хитой 3 йил ичида Канада автосаноатига инвестиция киритишини айтган.
Шунга қарамай, маҳаллий автосаноат Хитой билан келишув учун Трамп Канадани жазолаши, натижада улар асосий экспорт бозори – АҚШни йўқотиши мумкинлигидан хавотир олмоқда.
Мавзуга оид
20:54 / 02.04.2026
BYD глобал ўсишни намойиш этмоқда ва Ўзбекистонда ўз савдо рекордини янгилади
19:00 / 28.03.2026
BYD YUAN UP DM-i — Ўзбекистонда гибрид технологиянинг янги босқичи
17:52 / 12.03.2026
“10 кунда 3 марта бузилди” – Тошкентда янги олинган BYD Seal 6 харидори ва уни сотган автосалон ўртасида низо чиқди
15:46 / 06.03.2026