Жамият | 14:10 / 17.06.2021
4975
7 дақиқада ўқилади

Empadronamiento — у нима ва қандай имкониятлар беради?

Испанияга ўқиш ёки ишлаш учун келганингизда энг биринчи олинадиган ҳужжатлардан бири бу – эмпадронамиенто (empadronamiento). Мазкур ҳужжатни Испанияда қонунан яшашингиз учун керак бўлган NIE рақами ёки яшаш рухсатидан олдин расмийлаштириш мумкин.

Шунингдек, ҳужжат Испанияда ноқонуний яшаб турган мигрантларга ҳам берилади ва уларни кўплаб ҳуқуқий муаммолардан ҳимоя қилади.

UzbekLife учун бугун ушбу ҳужжат, уни олиш тартиби, у тақдим этиши мумкин бўлган имкониятлар ҳақида маълумот бераман.

 Эмпадронамиенто нима?

Қисқа қилиб айтганда, эмпадронамиенто Испанияда сизнинг яшаш жойингизни кўрсатувчи расмий ҳужжатдир. Бу Испанияга ўқиш ёки ишлаш учун келганингизда олиниши керак бўлган асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Бу ҳужжат нега керак?

Чунки Испанияга келганингиздан кейинги кўплаб ҳуқуқий жараёнларда мазкур ҳужжатни тақдим қилишингиз талаб этилади. Масалан, ишлаш рухсати учун ариза топшириш каби кўплаб иммиграцияга оид жараёнларда эмпадронамиенто сўралади.

Бу қонундаги тартибга мувофиқ, яъни ўзингиз яшаб турган провинциядаги иммиграция идораси орқали ариза топшираётганингизнинг исботи бўлиб хизмат қилади.

 Айнан қандай жараёнларда бу ҳужжат керак бўлади?

 Эмпадронамиенто қуйидаги ҳолларда талаб этилади:

  • Яшаш рухсати картасига ариза топширишда;
  • Тиббий суғурта картасини олишда;
  • Испанияда турмуш қуришда;
  • Автомобиль сотиб олишда;
  • Фарзандингизни мактабга беришда;
  • Ҳукуматнинг баъзи моддий ёрдамлари ва субсидияларини олишда.

 Бу ҳужжатни қачон ва қаердан олиш керак?

Эмпадронамиентони Испанияга киргандан сўнг имкон қадар эртароқ олиш тавсия этилади. Масъул идоралар турли қонуний муаммоларнинг олдини олиш учун ушбу ҳужжатни Испанияга киргандан кейин 2-3 кун ичида олишни тавсия қилади. Лекин бунчалик тез олишга имкон ёки вақт топа олмай қолсангиз, 1-2 ҳафта ёки ойда олишингиз ҳам мумкин. Масалан, биз Испанияга келганимиздан кейин бир ярим ой ўтиб бу ҳужжатни олганмиз.

Эътиборга олиш муҳимки, агар 1 йил ичида 183 кундан ортиқ Испанияда бўлсангиз, қонунан ушбу ҳужжатни олишингиз шарт.

Ҳужжатни сиз расман яшаб турган шаҳрингиз маъмурияти (town hall ёки city council) беради. Бунда шаҳар маъмуриятига бориб, ўзингиз яшаб турган манзилни айтиб, маъмуриятда рўйхатдан ўтасиз ва шу заҳотиёқ сизга эмпадронамиенто тақдим этилади.

Биз яшайдиган Жирона шаҳри маъмурияти айвони. Испанияда туғилган фарзандимизни рўйхатдан ўтказиш ва эмпадронамиенто олиш учун навбатда турган вақтим (куз охирида) суратга олганман. Коронавирус сабабли навбат кутаётганлар фақат айвонда туриши, бино ичига кирмаслиги керак эди. Айвонни иситиш учун соябонга ўхшаш иситкичлар ўрнатилган.

 Шаҳар маъмуриятида рўйхатдан ўтиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Маъмуриятда рўйхатдан ўтиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар шаҳарга қараб бироз фарқ қилади, лекин аксарият ҳолларда бир хил бўлади. Айнан қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши кераклигини шаҳар маъмуриятига телефон қилиб ёки бориб, ёхуд сайтига кириб кўриб олишингиз мумкин.

Одатда сиздан қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилиш сўралади:

  • Паспорт ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • Рўйхатдан ўтиш шакли (маъмуриятда ўзлари беради, сиз тўлдириб берасиз);
  • Агар Испанияда уйингиз бўлса, уйнинг олди-сотди шартномаси (асли ва нусхасини олиб борасиз);
  • Агар ижарада яшаётган бўлсангиз, ижара шартномаси (шартноманинг асли ва нусхасини олиб борасиз).

Кўпгина шаҳарларда уй эгасига ижара учун 2 ойлик депозит сумма берганингизни тасдиқловчи ҳужжат (берган бўлсангиз шартномада ёзилган бўлади) ва уй ижараси учун қилган охирги тўловингизни тасдиқловчи ҳужжатни олиб боришингиз керак. Биз яшаб турган Жирона шаҳрида ҳам худди шу ҳужжатлар сўралган.

Агар Испанияда уйингиз ҳам, ижара шартномангиз ҳам бўлмаса, ижара шартномасига (ёки уйга) эга бирор киши сизнинг ўзи яшаб турган манзилда рўйхатга олинишингизга рухсат берувчи шакл тўлдириб бериши мумкин. Бу шакл ижара шартномаси ўрнини босади. Бунда мазкур шакл билан бирга рухсат бераётган кишининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳам керак бўлади.

Юқоридаги ҳужжатлар тақдим этилгач, шаҳар маъмурияти сизни рўйхатга олади ва шу заҳотиёқ эмпадронамиентони тақдим қилади.

Эмпадронамиенто Испанияда ноқонуний яшаётганларга энг яқин кўмакдош

Қизиқ жиҳати шундаки, шаҳар маъмурияти сизни рўйхатга олишда Испанияда қонуний ёки ноқонуний яшаётганингизга қизиқмайди, бу ҳақда бирорта ҳам маълумот сўрамайди. Ноқонуний яшаб турган бўлсангиз ҳам, керакли ҳужжатларни топширсангиз, сизни рўйхатга олиб, эмпадронамиентони тақдим қилишади.

Ва бу ҳужжат орқали кейинчалик юқорида тилга олинган жараёнларда фойдаланишингиз мумкин.

Шунингдек, Испанияда маълум муддат (вазиятга қараб, 2 ёки 3 йил ёки бошқа муддат) давомида ноқонуний яшаганлар расман (қонуний) яшаш рухсати олиши мумкин (бу жараён arraigo деб аталади). Лекин бунда шу муддат давомида Испанияда чиндан ҳам яшаганликни исботлаш керак. Эмпадронамиенто эса бунинг исботи бўлиб хизмат қилади.

 Нега шаҳар маъмурияти ноқонуний яшаётганларни ҳам рўйхатга олаверади?

Биринчидан, мазкур рўйхатга олиш жараёни ҳамда эмпадронамиентонинг вазифаси ноқонуний яшаётганларни аниқлашга қаратилмаган. Бунинг асосий сабаби иқтисодий ва ижтимоий масалалар билан боғлиқ. Шаҳар маъмурияти ўз резидентлари сонини шу рўйхат асосида марказий ҳукуматга тақдим қилади. Ҳукумат эса шу сон асосида ҳар бир резидент учун маълум ижтимоий хизматлар (соғлиқни сақлаш марказлари, ҳудудни тозалаш ишлари, йўллар таъмири ва ҳ.к.)га пул ажратади. Яъни шаҳар маъмурияти ўз резидентларининг реал сонини билишдан манфаатдор.

Агар маъмурият ноқонуний яшаётганларни рўйхатдан ўтказмаганда эди, уларга марказий ҳукумат пул ажратмасди. Бу ўз навбатида шаҳардаги камроқ сонли аҳолига мўлжалланган жамоат хизматларидан аслида кўпроқ одам фойдаланишига ва бундай хизматлар тизимида зўриқишларнинг юзага келишига сабаб бўларди.

Иккинчидан, ҳеч ерда рўйхатдан ўтмаган, бирорта «изи» йўқ ноқонуний мигрантлардан кўра, рўйхатга олинган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд ноқонуний мигрантлар шаҳар учун ҳам, давлат учун ҳам қулайроқ. Мабодо қандайдир жиноят ёки кўнгилсиз ҳодиса юз берса ва бунда ноқонуний мигрантнинг ҳам иштироки бўлса, уларни топиш, аниқлаш осонроқ кечиши мумкин.

Мақсуд Саломов,

UzbekLife’нинг Испаниядаги колумнисти

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид