Ўзбекистон | 15:01 / 29.05.2021
62914
5 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Асакада ўлдирилган 9 ёшли қиз иши бўйича баёнот берди

Андижон вилояти Асака туманида 9 ёшли қиз ваҳшийларча ўлдирилган, гумонланувчи аёл 10 ойлик қамоқдан сўнг судда оқланган эди. Аёл ва унинг адвокати Kun.uz билан суҳбатда тергов давомидаги қийноқ ва ноҳақликлар ҳақида сўзлаб берганди. Бош прокуратура ушбу жиноят иши юзасидан баёнот берди.

Бош прокуратурага кўра, 2020 йил 21 июн куни Асака туманида 9 ёшли қизнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.

Тўпланган далилларга асосан дастлабки терговда фуқаро Асрорахон Ҳамдамова 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида киргани ва у ердан пул олганига гувоҳ бўлган, ёш бола Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиргани аниқланган. Шунингдек, А.Ҳамдамова ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этгани ўз исботини топган.

Айбланувчининг кўрсатуви бўйича олинган ашёвий далил (пичоқ), пичоқ дастаси ичидан олинган намуна марҳума қизга тегишли экани тасдиқланган экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатувлари, хусусан тўрт нафар гувоҳ А.Ҳамдамова марҳума қизнинг хонадонидан югуриб чиққанини кўришгани ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.

Бундан ташқари, А.Ҳамдамова ўз айбига иқрорлигини ҳам баён қилган. Жумладан, қўшнисининг уйига ўғирлик мақсадида киргани ва шу қўшнининг ёш қизи (марҳума) уни кўриб қолганидан қўрқиб, норасидани пичоқ билан ўлдирганини тан олган.

“Энг муҳими, А.Ҳамдамованинг иқрорлик кўрсатувлари реал воқеликка асослангани ва ихтиёрий равишда берилгани суд-психология экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган.

Бинобарин, судланувчи тергов жараёнларида қўрқитилгани ёки қийноққа солингани ёхуд бошқача тарзда унга тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги иддаолар билан ҳам келишиб бўлмайди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда гўёки “асос” қилиб кўрсатилаётган “марҳума қизнинг зўрлангани” ҳам суд-комиссиявий экспертизада ўз исботини топмаган”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, 2020 йил 21 июнь куни мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун Андижон вилоят судига юборилган.

Бироқ, тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.

Шу тариқа Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Ҳамдамова фақатгина фирибгарликда, яъни, марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.  

Ўғирлик, босқинчилик ва қотиллик юзасидан у оқланган. Жорий йил 12 май куни Андижон вилоят прокуратураси томонидан Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукмига нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

“Бинобарин, Бош прокуратура иш бўйича манфаатдор тарафлар ва кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситаларидан қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни сўрайди:

  • биринчидан, вилоят суди томонидан оқланган судланувчининг “айбсиз” эканлиги ҳақида суднинг якуний ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб, хулоса қилишга ҳали эрта.

Зотан, иш бўйича судлов жараёнлари мавжуд ҳужжатлар, далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, айблов хулосасига асос қилиб келтирилган бошқа жиҳатларга вилоят суди томонидан ҳар томонлама муносиб баҳо берилмаганини кўрсатиб турибди;

  • иккинчидан, асосан ҳимоя тарафи ва судланувчи кенг жамоатчиликка тақдим этаётган “тафсилотлар” асосида эҳтиросли хулосаларга келиш ноўриндир.

Зеро, гап 9 ёшида ваҳшийларча қотилликнинг қурбони бўлган қизалоқнинг аянчли тақдири учун айбдорни сўзсиз жавобгарликка тортиш, бир норасида фарзанди ўлдирилган оиланинг изтироблари, жазонинг муқаррарлиги ва адолат тантанасига бўлган умиди ҳамда ишончи ҳақида бормоқда;

  • учинчидан, айнан суднинг, аниқроғи, Олий суднинг якуний тўхтамидан кейингина жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади”, дея якунланган маҳкама баёноти.

Мавзуга оид