Ўзбекистон | 19:22 / 05.05.2022
22245
3 дақиқада ўқилади

Тез ёрдам ходимларининг маоши 10-15 фоизга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев келаси ҳафтада тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича қарор имзолайди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугунги йиғилишда маълум қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Унга кўра, тез тиббий ёрдам ва шошилинч хизмат ходимлари ойликлари, тоифасига қараб, 10 фоиздан 15 фоизгача оширилади.

Шунингдек, тез тиббий ёрдамнинг малакали ва натижага эришган ходимлари ойлигига 100 фоизгача устама жорий қилинади.

  • Эслатиб ўтамиз, март ойида имзоланган фармойишга асосан, 1 июндан бошлаб соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилиши белгиланган.

5 май кунги йиғилишда маълум қилинишича, тез тиббий ёрдам бригадаларининг 500 дан ортиғида врач етишмайди. 6 мингдан ортиқ шифокор ўриндошлик асосида ишламоқда.

Ваҳоланки, халқаро тажрибада барча чақирувлар учун ҳам врачлар бўлиши шарт эмас.

Шу муносабат билан чақирувларнинг мураккаблиги, долзарблиги ва турига кўра саралаш тизими жорий этилади. Янги ташкил этиладиган колл-марказ диспетчерлари шунга қараб, врач ёки фельдшердан иборат тиббий бригадаларни йўналтиради.

Хорижий тажрибада тез ёрдам фельдшери бир вақтнинг ўзида ҳайдовчи ҳисобланади.

Шу боис, янги ўқув йилидан тиббиёт техникумлари ва коллежларида фельдшерликка ўқиётган ёшлар бир вақтнинг ўзида ҳайдовчиликка ҳам ўргатилади.

Шу билан бирга, кўрсатилган тиббий хизматларни беморлар томонидан холис баҳолаш орқали тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Бунда, ҳар чорак якунида фаолияти беморлар томонидан яхши баҳоланган бригадалар ходимлари ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида мукофотланади.

Тез тиббий ёрдам тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

Мисол учун, хорижий грант ҳисобига, Самарқанд шаҳрида тез тиббий ёрдамни ўргатадиган симуляцион марказ ташкил этилиб, 100 нафар тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларининг амалий малакаси оширилган. Бундай марказ Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимларига бундай марказларни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этишни бошлаш топшириғи берилди.

Шу билан бирга, тез ёрдам бригадаларининг 12 мингдан зиёд шифокорлари ва 28 мингга яқин фельдшерларини ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Бунинг учун, вазирлик ҳузуридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази Республика тез тиббий ёрдам маркази тизимига ўтказилади ва Ходимларнинг малакасини ошириш мактаби сифатида қайта ташкил этилади.

Малака ошириш ишларини сифатли ташкил этиш учун Туркия, Корея, Франция каби тез ёрдам тизими илғор бўлган мамлакатлардан мутахассислар жалб қилинади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид