Ўзбекистон | 23:21 / 11.12.2021
21953
4 дақиқада ўқилади

Қўйлиқда тадбиркорларга бозорни бўшатиб қўйиш бўйича “огоҳлантириш хати”га имзо қўйдирилмоқда

Қўйлиқ бозоридаги тадбиркорлар 31 декабргача бозордаги фаолиятини тугатиши, 1 январдан “Food City” бозорига кўчиши, агар бу талаблар бажарилмаса, гўёки маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирилмоқда.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотни бозорда ишловчи икки савдогар Kun.uz'га тасдиқлади.

Интернетда тадбиркорлар томонидан бозор директори номига ёзиб берилаётган “огоҳлантириш хати” сурати тарқалди.

“Мен... “Қўйлиқ деҳқон бозори”АЖ ҳудудида савдо фаолияти билан шуғулланаман. Савдо фаолиятимни 2021 йил 31 декабр кунида тугатиб, 2022 йил 1 январ кунидан “Food city”да фаолиятимни давом эттираман. Агарда юқоридаги қонуний талабга амал қилмасам, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-, 194– ва Жиноят кодексининг  277-, 229-моддалари асосида жавобгарликка тортилишим тўғрисида огоҳлантирилдим”, дейилади хатда.

Мазкур “огоҳлантириш хати”да келтирилган моддалардан бири – МЖтКнинг 183-моддаси – майда безорилик билан боғлиқ. Шу кодекснинг 194-моддасида ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳақида сўз боради.

“Огоҳлантириш хати”да бозор маъмурияти талаби бажарилмаса, тадбиркорлар гўёки Жиноят кодексининг 2 та моддаси (229, 277) билан жавобгарликка тортилиши кўрсатилган. 229-модда – ўзбошимчалик, 277-модда эса безорилик ҳақида.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабр куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қўйлиқ деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони йўл кенгайтирилиши сабаб бошқа манзилга кўчирилишини маълум қилди.

Кейинроқ бозор Қўйлиқдан 6,5 км масофадаги, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Food city” савдо марказига кўчиши маълум бўлди.

Kun.uz билан суҳбатлашган бозорчилар бу қарордан норози эканини билдиришди. Уларга кўра, янги мажмуадаги дўконлар ижараси ҳаддан ташқари қиммат, майдони эса жуда кичик. Савдогарлар бозор кўчиши натижасида Тошкентда озиқ-овқатлар нархи ошишини айтишди.

“Food city” савдо мажмуаси вакилининг Kun.uz'га билдиришича, ижарага дўкон олиш учун 100 млн сўмдан ортиқ маблағни гаров сифатида қўйиш керак ва ойига 3,5 млн сўмдан ижара тўлови амалга ошириб бориш лозим.

Иқтисодчи Отабек Бакиров кўприк қуриш важи билан бозорни кўчириш тадбиркорларни “Food city”га ўтказиш мақсадида қилинаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилишини билдирди.

“Исталган нормал ҳукумат, сайланган парламентга ҳисобдор ҳукуматнинг бозорга, иқтисодиётга оид энг асосий вазифаси рақобат муҳитини рағбатлантириш ҳисобланади. Акси эмас. Ҳукуматнинг бозордаги бир субъектнинг фойдасига чиқариладиган қарори бошқа бир субъектнинг, айниқса ўн минглаб истеъмолчиларнинг зиёнига ишламаслиги керак.

“Food city” мажмуаси ростдан ҳам рақобатбардош бўлса, буни соғлом рақобат йўли билан амалга ошириши лозим. “Қўйлиқ”даги бозорлар билан рақобатлашмоқчи экан, ижара нархларини, дўкон нархларини “Қўйлиқ”дагидан каррасига қиммат эмас, каррасига афзалроқ қилиши керак.

“Қўйлиқ деҳқон бозори” АЖ ва “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ дўкондорлари, ижара ҳуқуқини сотиб олганларга ҳеч қандай компенсация ёки чегирма йўқ. Шаҳар ҳокимиятидагилар “Қўйлиқ”даги ижара дўконидан ажраётган тадбиркорларга “Food city”дан ижарага дўкон олишлари мумкинлигини айтиш билан чекланишган. Булардан яна бошқа нимани кутиш мумкин?” дея ёзади у.

Мавзуга оид