Ўзбекистон | 14:59 / 09.09.2021
25265
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

Бугун, 9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди. Қурултойда Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбир давомида амалдаги давлат раҳбари ўзининг келгуси 5 йилга мўлжалланган номзодлик дастури билан таништирди. Съезд якунига кўра номзод бўйича съезд қарори эълон қилинди ва делегатлардан овоз бериш сўралди. Делегатлар бир овоздан Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси З. Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

Шавкат Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

Мавзуга оид