Ўзбекистон | 13:13 / 09.07.2022
14940
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сўнгги йилларда портлаган газ баллонларининг қарийб 70 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган

Сенаторлар ҳукуматни хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган газ баллонларини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқаришни рағбатлантирмаётганликда айблади.

2022 йил апрелида Янгиерда портлаган Nexia-3 / Фото: Сирдарё вилояти ФВБ

Сенатнинг 8 июл кунги ялпи мажлисида газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати бўйича ҳукумат томонидан қайта кўриб чиқилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Ҳукуматнинг жавобида айтилишича, Ўзбекистондаги 196 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида (АГТКШ) 1300 та камчилик аниқланган бўлиб, 815 таси ўз вақтида бартараф қилинган бўлса, мавжуд муаммоларни ҳал этмаган 70 та АГТКШнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Сенат расмий релизига кўра, парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар юзасидан асосли жавоблар тақдим этилмаган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарори талабларининг ижроси тўлиқ таъминланмаган ва эътиборсиз қолдирилган.

Бугунги кунда сиқилган табиий газ-3 типидаги баллонлар билан жиҳозланган ва йўловчи ташийдиган “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилган “MAN А 22 CNG” русумли барча автобуслар техник синовдан ўтказилмаган ҳолда аҳолига хизмат кўрсатган.

Шунингдек, юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларини техник синовдан ўтказиш бўйича синов лабораторияларида зарур шароитлар яратиш юзасидан ҳам аниқ жавоб тақдим этилмаган.

Сенаторларнинг фикрича, Ўзбекистонда тегишли техник талабларга жавоб берадиган ҳамда хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган газ баллонларини ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ҳукумат даражасида етарли эътибор қаратилмаган.

“Жумладан, 2020–2022 йиллар давомида автотранспорт воситаларида ўрнатилган ва портлаган газ баллонларининг 70 фоизига яқини Хитой Халқ Республикасидан импорт қилинган. Ҳолбуки, юртимизда хавфсизлик талабларига жавоб берадиган газ баллонларини ишлаб чиқарувчи 3 та корхона мавжуд, холос”, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга хавфсизликни таъминлаш мақсадида киритилаётган тақдимномаларга эътиборсизлик билан қаралган. Ҳукуматдаги мутасаддилар эса бундай ҳолатга нисбатан таъсирчан муносабат билдирмаган.

Мажлисда парламент сўровида келтирилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид