Интервью: Шерзод Шерматов якуний имтиҳонлар ва ўқитувчи тўлдирадиган «мажбурий конспектлар» ҳақида
Узайтирилган карантин тартиби туфайли битирув имтиҳонлари бекор бўлган тақдирда ҳам учта чорак баҳоси билан ўқувчиларни баҳолаш мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов журналист ва блогерлар билан ўтказилган онлайн мулоқотда айтиб ўтди.
18 апрель куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва бир гуруҳ журналист ҳамда блогерларнинг Zoom дастури орқали онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда халқ таълими тизими ҳамда карантин даврида бу соҳа атрофидаги масалалар муҳокама қилинди. Мулоқот давомида журналистлар томонидан карантин тартиби ёз ойларига қадар ҳам давом этадиган бўлса, ўқувчиларнинг якуний имтиҳонлари масаласи қандай ечилиши борасида савол берилди.
Халқ таълими вазирига кўра, Қозоғистонда мактаб имтиҳонлари бекор бўлиши билан Шерзод Шерматов номига ҳам имтиҳонларни бекор қилиш борасида турли очиқ хатлар ёзилган.
«Онлайн дарслар жараёнида ҳам аълочи ўқувчилар муттасил ўқияпти, масъулиятли ота-оналар шуғулланяпти. Лекин масъулияти бўлмаган, ўқишни хоҳламаётган болалар, уларни ота-онаси ўз ҳолига ташлаб қўяётган ҳолатлари ҳам бор.
Фараз қилинг, шу саволингизга, бизда ҳам имтиҳон бўлмайди десам, ҳамма ўқувчилар учун таътил бошланиб кетади. Шунинг учун ҳали бунга вақт бор. Буни катта муаммо қилмаслик керак. Имтиҳонлар май охирида бўлади, ҳали унгача вақт бор. Имтиҳонга тайёргарлик кўришсин. Афсуски, кўп болалар имтиҳон учун ҳам ўқийдиган бўлиб қолган. Агар шу стимул ҳам йўқолса, умуман ўқимай қўяди. Бу мавзуда гапирмай турайлик, ўқишга кўпроқ жалб қилайлик.
Инглиз тилини, ахборот технологияларини билиш орқали бемалол уйдан туриб пул топиш мумкинлигини кўрсатиб беришимиз керак. Жуда бўлмаса, инглиз тилини билиб чиқсин. Битириб чиққандан кейин қанақадир бўлса ҳам ишга эга бўлади.
600 мингдан ошиқ бола мактабни битирса, 20 фоизи университетга кирса, 80 фоизи иш топиши керак.
Инқироз пайтида қаерга боради? Шунинг учун уйдан туриб ишлаш имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумот бўлиши керак.Биз аҳоли жон бошига даромад юқори бўлган бошқа давлатлар сингари интернет орқали меҳнат нархларини юқори бера олмаймиз. Лекин бунга сал ҳаракат қилиш керак.
Тил билиш, ахборот технологиялари билан ишлай олиш, қунт бўлиши керак.
Битириш имтиҳонларидан хавотир олмаяпман. Уни ўтказиб олса бўлади. Бутун дунёда қилинадиган тажрибалар бор. Жуда бўлмаса, бекор бўлганда ҳам учта чорак баҳоси билан баҳо қўйилади.
Кириш имтиҳонларида муаммолар бўлиши мумкин. Олий таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси билан бунинг чоралари ҳам кўриб чиқиляпти. Августгача ҳали нима бўлишини ҳеч ким билмайди, шунинг учун қандайдир вариантлар билан халқни чалғитмаган маъқул», – деди вазир.
Шерматов ўқитувчиларнинг ўтилган ҳар бир дарс учун ҳисобот ёзиши мажбурийлиги ва бу уларга ўз устида ишлашига ҳалақит бериши борасидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.
«Ўқитувчи конспект ёзмайди, у дарсга тайёргарлик кўради. Ҳозир телевидениеда кўрсатилаётган дарслардан ҳам кўриш мумкин.Педагоглар ҳар бир дарс учун тақдимот тайёрлайди, дарсни ташкил этиш методикасини ишлаб чиқади. Бу ҳисобот учун эмас, дарсни сифатли ўтказиш, ўқитувчи ўз устида ишлаши учун қилинадиган иш. Йиллар давомида бу нарсага ойлигини асослантириш учун текшириладиган ҳужжат сифатида қаралган. Бу нарсани ойлик учун ёзилади, деб қараш керак эмас. Бу унинг ўз устида ишлаши учун керак. Ҳужжатларга келадиган бўлсак, мажбурий ҳужжатлар сони еттитадан учтага камайтирилган. Кейинчалик ҳам янги технологиялар, мисол учун, «Кундалик» платформасини ривожлантириб, ҳисоботларни камайтирамиз.
Ўқитувчи дарсга тайёрланмаса ҳам бўлмайди. Телеграмда топшириқ бериб, уни шундоқ қабул қилиб олиш ҳолатларини масофавий дарс шуми, деб айтганлар ҳам бўлди. Ҳозирги аҳволимиз жуда зўр эмаслигини ҳаммамиз биламиз. СССР пайтида ҳам, мустақилликдан буёғига ҳам ўқитувчи асосан далада бўлган, пахта терган, кўча супурган. Шулар таъсирида ҳам ўқитувчилар шундай аҳволга келган», деди вазир.
У вазирлик томонидан ўқитувчиларга дарс ўтиш жараёнида фойдаланиши учун интернет имтиёзлари бериш ҳақидаги таклиф бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.Унга кўра, вазирлик бу ишни инқироздан аввалроқ бошлаган.
«UMS провайдери «Ўқитувчи» деган тарифни йўлга қўйганди. Карантин бошлангач, UzMobile’да «Таълим» таърифи тақдим этилди. Қолган провайдерларга ҳам бу масалада илтимос қилганмиз. Ўқитувчиларга нисбатан арзон тарифлар тақдим этилиши масаласи бўйича уларга сўров берилган», деди Шерматов.
Вазир саволга жавоб берар экан инқироз элга келган тўй эканлиги ва ҳозирда масофадан ишлаётган ўқитувчиларга ҳам ойлик маош берилаётганини урғулаб ўтди.
«Бошқа пайтда ўқитувчи ишга борганда ҳам транспорт, овқатланиш харажатлари бўларди. Уйда ўтириб ишлагани учун интернет пакети нархи билан бошқа пайтдаги транспорт ва овқат нархини солиштирганда ҳам интернет арзонроқ тушса керак. Биз уларга шароит қилиб беришга ҳаракат қиляпмиз.Мегабайт сарфи юқори бўлган ҳолларда алтернатив вариантлар ўқитувчилар томонидан ҳам, ота-оналар томонидан ҳам кўриб чиқилгани мақсадга мувофиқ. Tas-ix сайтларидан фойдаланиш, видео ва аудио файллар жўнатганда мегабайт ҳажмини камайтириш каби чоралар билан ўзаро ёрдам қилинса, чораларини топса бўлади», – деди Шерзод Шерматов.
Интервюни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Тавсия этамиз
Тошкент бозорларида патта нархи ошади. Савдогарлар нима дейди?
Ўзбекистон | 19:32 / 10.02.2025
Сертификатга эга ўзбек тили ўқитувчиларига ҳам 50 фоиз устама берилади
Ўзбекистон | 16:36 / 10.02.2025
Қуёш энергияси орқали даромад олиш: Ўзбекистонда қуёш панеллари билан бизнес фаолияти
Ўзбекистон | 15:00 / 10.02.2025
Трампнинг ўтмишдаги кумири. Уилям Мак-Кинли ҳақида нималар маълум?
Жаҳон | 14:52 / 09.02.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари расман ўрнатилди
Ўзбекистон | 16:00
-
Тадқиқот: Россия йўқотишларни Украинага қараганда яхшироқ тиклаяпти
Жаҳон | 15:39
-
Олмазор туманида ишлаб чиқариш корхонаси ёниб кетди
Жамият | 15:38
-
“Соғлом инсон – соғлом миллат” умуммиллий ҳаракати бошланади
Ўзбекистон | 15:12
Мавзуга оид
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/mr3pWPssvHaDsNstANxAtKLhW9bpZbJa_medium.jpg)
13:05
Британиялик эркак 58 ёшида савод чиқариб, 40 йил аввал сотиб олган журналини ўқиди
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/T_Jp9u1kYfa9kU_NdeCGPECkt7dqiGbL_medium.jpg)
12:52 / 31.01.2025
Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси дунёнинг энг яхши университетлари рейтингига киритилди
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/NedxSFLgv5nyY0kNdbnOE21kWvoA1fig_medium.jpg)
15:02 / 28.01.2025
Академик ҳалоллик, янги адабиётлар, олийгоҳлар трансформацияси: миллий таълимда нималар ўзгаряпти?
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/o9GTKv0qfe9aZPw72n5H1y5HgfTixVzy_medium.jpg)
20:00 / 23.01.2025