Жаҳон | 11:16 / 28.05.2024
3144
2 дақиқада ўқилади

Янги Гвинеяда кўчки хавфи туфайли оммавий эвакуация эълон қилинди

Папуа-Янги Гвинея ҳукумати Мунгало тоғи ёнбағрида кўчки хавфи остида қолган аҳоли пунктларидан 7900 га яқин киши эвакуация қилишини тўғрисида маълумот берди. Аввалроқ табиий офат 2000 дан ортиқ фуқаронинг ҳаётига зомин бўлган эди.

Фото: Mohamud Omer/International Organization for Migration/AP

Папуа-Янги Гвинея ҳукумати Энга провинциясидаги қишлоқлардан тахминан 7900 киши эвакуация қилинишини тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда 28 май, сешанбага ўтар кечаси AFP агентлиги хабар тарқатди. Бунинг сабаби - Мунгало тоғи ёнбағридан пастга силжишда давом этаётган кенг кўламли кўчки.

24 май куни ушбу кўчки Мулитака ҳудудини қамраб олди, қишлоқлардан бири бир неча метр қалинликдаги тупроқ қатлами остида деярли бутунлай қолиб кетган, у ерда улкан тошлар ва илдизи билан қўпорилган дарахтлар бор. 2000 дан ортиқ киши вайроналар остида қолган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийлари улардан биронтаси омон қолишига шубҳа билан қарамоқда. 

Мунгалодан тупроқ ва тошларнинг янги массалари тушишда давом этмоқда, шу сабабли яна бир нечта аҳоли пунктлари хавф остида - айнан улардан фуқаролар эвакуация қилинмоқда. 

Мамлакат расмийлари халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради

Табиий офат зонасида қутқарув ишлари қийин кечмоқда, чунки тоғли ҳудудга етиб бориш қийин, у ерга вайроналарни тозалаш учун техника ва гуманитар ёрдам етказиш ҳам мушкул бўлиб турибди. Қабилалар ўртасидаги низолар вазиятни мураккаблаштиряпти. Маълум қилинишича, сўнгги тўрт кун ичида маҳаллий аҳоли асосан белкурак ва ёғоч таёқлар ёрдамида қариндошлари ва дўстларининг жасадларини ўзлари қазиб олишга ҳаракат қилишган. 

Папуа-Янги Гвинея ҳукумати табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ёрдам сўради. 28 май куни БМТ томонидан ушбу мавзуда видеоконференция ташкил этиши режалаштирилган. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг айтишича, Германия ўз ҳамкорлари билан алоқада ва қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўйлаяпти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Хитой ҳам ёрдам таклиф қилди.

Мавзуга оид