Ўзбекистон | 14:32 / 01.01.2019
10349
4 дақиқада ўқилади

Таълим ташкилотларини аккредитациялаш тартиби белгиланади

Фото: ЎзА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 21-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом жойлаштирилди.

Таълим ташкилотлари аккредитацияси Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда мазкур низомда белгиланган талаблар асосида ўтказилади.

Аккредитациянинг асосий принциплари:

аккредитация тизимини ташкил этилишининг мустақил ва объектив характердалиги;
тўла ошкоралик;
шаффофлик;
даврийлик, яъни таълим ташкилоти (таълим дастурлари) учун аккредитацияланганлик мақоми муддатининг чекланганлиги.

Таълим ташкилотларини аккредитациялаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аккредитация экспертизаси натижаларига асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ташкил этилган таълим муассасалари 5 йилга қадар аккредитацияланган деб ҳисобланади.

Янги ташкил этилган таълим ташкилотларини аккредитация экспертизасидан ўтказиш битирув якунларига кўра таълим олувчилар тайёрлаш даври тўла тугагандан сўнг ўтказилади.

Лицензияга эга бўлган, аккредитациядан ўтмаган нодавлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат аккредитация қилинган таълим муассасаларининг тегишли таълим дастурлари бўйича имтиҳонлар топширгандан кейин берилади.

Таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш Давлат инспекцияси томонидан ташкил этилади.

Таълим ташкилотлари (таълим дастурлари) 5 йилда бир марта аккредитация экспертизасидан ўтказилади.

Олий таълим муассасаси таркибида филиаллар ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тури мавжуд бўлса, уларнинг аккредитация экспертизаси олий таълим муассасасининг асосий таълим фаолиятини аккредитация экспертизаси билан бир вақтда ўтказилади.

Таълим ташкилотларини аккредитациялаш қуйидаги босқичлардан иборат:

аккредитация жараёнига тайёргарлик кўриш;
таълим ташкилоти томонидан ўтказилган ички баҳолаш натижаларини таҳлил қилиш;
экспертлар комиссияси томонидан таълим ташкилотини ташқи баҳолаш;
аккредитация комиссияси томонидан таълим ташкилотини аккредитациялаш бўйича қарор қабул қилиш;
аккредитациялаш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва таълим ташкилотини ривожлантириш бўйича ўрнатилган тартибда йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда ижрога йўналтириш;
йўл харитаси ижроси назоратини олиб бориш.

Олий таълим муассасаси таркибидаги таълим сифатини назорат қилиш бўлими ушбу олий таълим муассасасида ички баҳолашни амалга оширади.

Бошқа таълим ташкилотларида ички баҳолаш таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан ўтказилади.

Таълим ташкилотининг ички баҳолаш комиссияси ушбу Низомда белгиланган кўрсаткичлар асосида ўзини ўзи икки ой олдин баҳолайди ва натижаларини ташқи баҳолаш бошланишидан камида бир ой олдин таълим муассасаси раҳбарининг электрон имзоси билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этади.

Таълим ташкилотини ички баҳолашнинг асосий мақсади:

таълим ташкилоти (таълим дастурлари)нинг фаолиятини аккредитациялаш кўрсаткичлари ва мезонлари асосида баҳолаш;
таълим ташкилотида таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
ички баҳолаш натижалари бўйича мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;
таълим ташкилотида ташқи баҳолашни ўтказишга замин яратиш.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид