Ўзбекистон | 19:24 / 06.01.2023
22467
5 дақиқада ўқилади

Манзилдан адаштирувчи пойтахт кўчалари

 Бирор шаҳарга, айтайлик, Тошкентга келяпсиз. Навигатор ёки шунга ўхшаш йўл кўрсатувчи қурилмаларсиз, йўл белгиларига таяниб, манзилни топиб келишингизга кўзингиз етадими? Техника исталган пайтда панд бериб қўйиши мумкин. Қолаверса, гаджетлардан фойдаланмайдиган катта ёшли авлод ҳамон анъанавий услублар билан шаҳар кезади. Kun.uz пойтахт манзилларини навигаторларсиз топиб бориш мумкин ёки йўқлиги бўйича тажриба ўтказди.

Пойтахт кўчаларини бир неча дақиқа кезсангиз, бу ҳам арзирлигина муаммо эканига амин бўласиз. Мисол учун, воҳадан Тошкентга яқинлашаверганингиз сари М-39 магистрал йўлида  ушбу суратдагидек яшил, оқ рангдаги “Йўналишларнинг дастлабки кўрсаткичи” белгисини тез-тез учратасиз. 

Шаҳарга кираётганингизда ҳам ҳаммаси рисоладагидек кўринади. Навигатор шарт эмас. Ҳозирча.

Бунёдкор кўчаси бўйлаб 3 км кириб келгунингизча ҳаммаси жойидадек. “Олмазор” метро бекати, Сирғали туманига олиб чиқувчи яна бир асосий йўл ҳақидаги керакли маълумолар бўлмаса ҳам, ҳартугул Марказ ва Алгоритм даҳасига йўналишлар бор. 

Шу билан Тошкент ўз ҳолича сизнинг интуиция ва тахминларингизга ташлаб қўйилади.

2 км юрсангиз, “Чилонзор” метро бекатига етасиз. Бу манзилни ўзингиз билмасангиз, телефонингиз билдирмаса, уловингиздаги шерикларингиз эслатмаса, билиб бўпсиз. Майли, бу шунчаки бир метро бекати бўлиши мумкин. Лекин ҳатто пойтахтнинг 2-йирик темирйўл вокзали – Жанубий вокзал, шаҳарнинг 2-асосий белбоғи – Кичик ҳалқа йўлига йўналтирувчи белгилар йўқлигини нима деб изоҳлаш мумкин? Ахир ҳалқа йўли билан Тошкентнинг исталган нуқтасига осон бориш мумкин. Темирйўл вокзали эса юртдошларимиз республика шаҳарларига йўл оладиган асосий транспорт объектларидан бири. 

Кейинги асосий кўприк. Сирғали туманига ўтказувчи янги қурилган кўприкка олиб борадиган энг яқин йўл ёки Кичик ҳалқа йўлига олиб чиқувчи яна бир йўналиш бўлишига қарамасдан, йўл ўтказгичнинг атрофида бу ҳақда ҳеч бир маълумотга кўзингиз тушмайди.   

“Новза” бекатидаги кўприкдан бироз олдинроқда ўнгга, Муқимий кўчасига қайрилиб олсангиз, бу йўл сизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб чиқади. Аммо бу ҳақда ҳам пойтахтнинг бизга бирор айтари йўқ. Ваҳоланки, аэропортга ҳар куни минглаб кутиб олувчилар, меҳмонлар ва юртдошларимиз келиб кетишади. Уларнинг ҳаммаси ҳам бу манзилни осон топиб боришига амин бўла оламизми?

Пойтахтга кириб келганимизга 7 км бўлди. Ўйлаб қолдик, балки, бундай “Ахборот ишора белгилари” йўл ўтказгичлар олдидан қўйилмас, биз адашаётгандирмиз? Бошқа давлатларда ҳар бир кўприкка олиб чиқувчи, тушувчи йўллар ҳақида маълумотлар ёзилади-ку? Бизда бундай таомил йўқмикин ёки? Йўқдир-да, бўлмасам аллақачонлар қўйишмасмиди? Мана шу ўй-хаёллар билан кеза-кеза ўтган йили фойдаланишга топширилган янги кўприк олдидан чиқдик.  

“Мана, бўларкан-ку? Бор экан-ку!” деб юбордик беихтиёр. Бу йўналишлар ёрдами билан Шимолий ва Жанубий вокзал, аэропорт, Кичик ҳалқа йўли – ҳаммасига қулайгина чиқиш мумкин: янги йўл ўтказгичнинг ҳар икки томонига йўл белгиларини қўйишибди.  

“Йўналишларнинг дастлабки кўрсаткичи” белгисига ишониб, йўналиш бўйича ҳаракатландик. Бизга Шимолий вокзал керак. Қани, қаршимизда уни эслатувчи бирор маълумот чиқса. Йўқ экан десак, хато бўлади. Тахминан, автомобиль рақами ўлчами билан бир хил ва фақат унга яқин турган одамгина ўқий оладиган йўл белгиси ўрнатилган экан.   

Олдинда эса Кичик ҳалқа йўлининг давоми ва ёнида Шимолий вокзалга элтувчи икки йўл бор. Аммо бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Нукус кўчаси бўйлаб ҳаракатлансангиз, йўл Абдулла Қодирий кўчасига туташади. Кўча бўйлаб 1 км юрсангиз, йўл 2 га бўлинади. Олдин ўнгдаги Мовароуннаҳр кўчасига ҳам юриларди. Энди йўналишлар бироз ўзгарган. Биттагина йўл белгиси ҳаракат фақат Абдулла Қодирий кўчасига эканини кўрсатиб турибди. 

Унгача эса ҳеч қандай огоҳлантирувчи ёки ахборот белгилари мавжуд эмас. Бу ҳолатда йилларки ҳар 2 йўналишда ҳаракатланган ҳайдовчилар йўл инфратузилмаси, белгилар ўрнида ўрнатилмагани учун хато қилиб, чизиқ босиб ёки бошқа бирор хатога йўл қўйишлари мумкин. 

Кўзингиз тушдими-йўқми, йўлларнинг айби билан адашиб қўйсангиз, жарима нақд. 

Камчиликлар шу мисоллар билан якунланмайди. Изласа муаммо бисёр. Лекин изланса имкон ҳам бор. Тошкент кўчаларида юрмоқчи бўлсангиз, ё шаҳарни тўкис ёдлаб қолинг, ёки навигаторни қўлдан қўйманг. Пойтахтнинг йўл инфратузилмаси бу талабингизни қондиришга қодир эмас. 

Сардорбек Усмоний, журналист

Тасвирчи, монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид