Жаҳон | 18:06 / 30.10.2023
21267
16 дақиқада ўқилади

Исроил найзасида келган мўътадил ҳукумат? — Урушдан сўнг Ғазо сектори тақдири нима бўлади?

ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига қўққисдан ҳужумидан сўнг исроилликлар ҳукумати гуруҳни ер юзидан йўқ қилиб ташлаш ва Ғазо сектори билан барча алоқаларни узишни ваъда беришди. Лекин кўплаб сиёсатчилар ва кузатувчилар ЦАҲАЛнинг ерусти операциясидан сўнг 2,2 млн киши яшовчи Ғазо сектори билан нима бўлиши борасида Исроилда аниқ тасаввур йўқлиги, анклавнинг келажаги савол остида қолишидан хавотирда.

Экспертлар фикрича, Исроил Ғазо сектори билан алоқаларни тўлиқ узиши қийин бўлади. Фото: ABED RAHIM KHATIB / ANADOLU

ҲАМАСнинг операцияси Исроилга сўнгги 50 йил ичида қилинган энг жиддий ҳужум бўлди. Камида 1400 киши ҳалок бўлган, яна икки юздан ортиқ киши гаровга олинган, ўнлаб инсонлар бадарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

«Исроил халқи бирдам, унинг раҳбарияти ҳам бирдам, — деган тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишига жавобан бош вазир Бинямин Нетаняҳу. — ҲАМАСнинг барча аъзолари ҳозирдан ўзини ўлган деб ҳисоблайвериши мумкин».

«Ғазо ортиқ Исроил учун таҳдид бўлмайди, —дея таъкидлаган Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коҳэн. — Биз Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимияти қолишига йўл қўйиб бера олмаймиз».

ҲАМАС гуруҳи ҳужумидан сўнг Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) қўмондонлиги Ғазо секторида «мисли кўрилмаган» ерусти операцияси бошланаётганини эълон қилиб, маҳаллий аҳолини 24 соат ичида анклавни тарк этишга чақирди.

Шошилинч тарзда тўлиқ жанговар ҳолатга келтирилган қўшинларнинг (ЦАҲАЛ сафига 300 мингдан ортиқ захирадагилар чақирилган), воқеалар ривожини бутун дунё кузатиб турган бостириб кириши ҳануз бошланмади, бунга АҚШ бошчилик жаҳон ҳамжамиятининг ерусти операциясини кейинроққа суриш бўйича саъй-ҳаракати сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Исроил бир неча бор Ғазони оккупация қилиш ниятида эмаслиги, асосий мақсади ҲАМАС режимини йўқ қилиш эканини таъкидлаган.

Бироқ ҳануз бу ишдан кейин анклавни ким бошқариши, Исроил иқтисодий жиҳатдан ўзига боғлиқ бўлган Ғазо сектори билан муносабатларни узиши мумкинлиги ноаниқ, деб ёзади BBC таҳлилчиси Алина Исаченко.

«Реал эришиш мумкин бўлган ҳарбий мақсадлар йўқ»

Вашингтондагилар Исроилнинг Ғазо секторида «реал эришиш мумкин бўлган ҳарбий мақсадлари йўқлиги»дан ташвишда ва ЦАҲАЛ ҳали иш бериши мумкин бўлган режа билан ерусти операциясини бошлашга тайёр эмас, деб ҳисобламоқда, деб ёзади New York Times нашри.

Исроил мудофаа армияси сафига 300 минг захирадагилар чақирилган, ерусти операциясига ҳамма нарса тайёр — лекин у асосан Вашингтоннинг босими билан бошланмай турибди. ФОТО: MOSTAFA ALKHAROUF / ANADOLU

Тел-Авивда АҚШ президенти Бинямин Нетаняҳу билан учрашганидан сўнг Исроилга «узоқ муддатли ҳаракатлар режаси»ни шакллантиришга чақирган ва уруш даврида оғир қарорларни қабул қилиш «қўйилган мақсадлар аниқроқ бўлиши»ни тақозо этишини айтган.

АҚШ ҲАМАСни қувишдан бошқа аниқ мақсади бўлмаган қўшинларни Ғазога киритиш минтақавий урушга айланиб кетишидан хавотирда. Минтақавий уруш хавфи ҳақида Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам 24 октябр куни Бинямин Нетаняҳу билан учрашуви чоғида тилга олганди.

Араб давлатлари ҳукумати мансабдорлари ҳам Исроил 2,2 млн киши истиқомат қиладиган анклав келажаги борасида аниқ режа ишлаб чиқмаганидан хавотирда, деб ёзади Reuters ўз манбаларига асосланиб.

«Уларнинг стратегияси — минглаб бомбаларни ёғдириб, барча нарсани вайрон қилиб, чиқиб кетиш. Кейин нима бўлади? Уларда чиқиб кетиш стратегияси йўқ», — деган агентлик билан суҳбатда ўз номини ошкор этмаган минтақавий хавфсизлик хизмати ходимларидан бири.

Кнессетнинг собиқ депутати ва Вашингтондаги Atlantic Council илмий ходими Ксения Светловага кўра, жорий босқичда Исроил раҳбариятида ҲАМАС жангчиларидан қутулишганидан сўнг Ғазо секторида нималар рўй бериши хусусида аниқ тасаввур йўқ.

Ғазонинг юз минглаб аҳолиси жанубга кўчган, бироқ кўпчилик киши озиқ-овқат ва электр етишмовчилигига қарамасдан, анклав шимолида қолишга қарор қилишган. ФОТО: MUSTAFA HASSONA / ANADOLU

«Сиёсатчиларимизда улар ўзлари Ғазода кўришни истаётган иделлаштирилган манзара бор: У мўътадил ҳукумат пайдо бўлиши учун назоратни БМТ ва араб давлатлари олиши керак. Лекин бунгача қандай босқичлар босиб ўтилиши кераклигини улар билишмайди», — дейди Светлова.

Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделманнинг фикрича, Ғазо секторидан «чиқишнинг аниқ стратегияси» йўқлиги шу пайтгача ҳам Исроилни ҲАМАСни ағдаришдан тўхтатиб келган.

«Узоқ вақтдан буён давом этаётган Исроил оккупацияси, ФАТҲнинг (Ғарбий соҳилда ҳукмронлик қилаётган Фаластин сиёсий партияси) Исроил найзалари остида иқтидорга келтирилиши, бошқарувнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, БМТ ёки араб давлатларига топширилиши ё анархияга ёки ҳокимият тепасига салафийлар каби ҲАМАСдан ҳам радикалроқ унсурлар келишига олиб келади, — дея санайди Генделман эҳтимолли сценарийларни. — Бу барча вариантлар ё исталмас ёки ниҳоятда назарий деб қаралган».

«Ҳозир ҳеч кимда аниқ тасаввур йўқ — Исроил Европа ва АҚШ билан, араб давлатлари иштирокида бу конституцияни қуришга интилмоқда», — дея қўшимча қилган у.

Ғазо секторида янги ҳокимият?

Фаластин мухторияти ҳокимиятининг Ғазо секторига қайтиши — Исроил томонидан ҲАМАС ағдарилганидан сўнг анклав учун энг позитив сценарийларидан бири, дейди айрим сиёсатчилар ва кузатувчилар.

«Алал-оқибатда содир бўлиши мумкин бўлган энг яхши ҳолат Фаластин мухториятининг Ғазога қайтиши», — деган Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид.

(ҲАМАС 2007 йилда қақшаткич жанглардан сўнг «Фаластин миллий озодлик ҳаракати» (ФАТҲ) сиёсий партияси ва ҳарбийлашган ташкилоти тарафдорларини куч билан Ғазодан сиқиб чиқарган. Айни пайтда ФАТҲ Ғарбий соҳилдаги ҳудудларни Исроил билан бирга қисман бошқармоқда).

Бироқ, бу вариантга қарши бўлаётганлар ҳам бор.

«Мен кимдир уларни Исроил танкларида Ғазога қайта олади, деб тахмин қилиш даражасида аҳмоқ деб ўйламайман», — деган Фаластиннинг собиқ вазирларидан бири Ҳассан ал-Хатиб.

АҚШ президенти Жо Байден Исроилни «узоқ муддатли ҳаракатлар режаси»ни шакллантиришга чақирди ва уруш даврида оғир қарорларни қабул қилиш «қўйилган мақсадлар аниқроқ бўлиши»ни тақозо этишини айтган. ФОТО: MIRIAM ALSTER / POOL / AFP

Фаластин сиёсий тадқиқотлар маркази (PCPSR) томонидан яқинда ўтказилган сўровларга кўра, агар Ғазо секторида Фаластин мухторияти етакчиси Маҳмуд Аббос ва ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания ўртасида сайлов ўтказилса, анклавнинг 65 фоиз аҳолиси ҲАМАС етакчиси учун овоз бериши маълум бўлган.

Маҳмуд Аббос Ғарбий соҳилда ҳам унчалик катта қўлловга эга эмас: Ғазодаги касалхонада портлаш рўй бергач кўплаб шаҳарларда унинг истеъфоси талаб қилинган норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ксения Светлованинг фикрича, сўнгги йилларда Исроил Фаластин маъмуриятидаги ягона мўътадил ҳукуматни кучсизлаштирган, бош вазир Бинямин Нетаняҳу эса уни ҲАМАС билан бир сафга қўйиб обрўсизлантирган.

«10 йилгина аввал кўпчилик Абу Мазен (Маҳмуд Аббос) агар ҲАМАС иқтисодий ва бошқа сабаблар оқибатида қуласа ўзига нисбатан душманона кайфиятда бўлган аҳолини назоратига ололадими, деган саволни қўярди. Мен Исроил анча вақтдан буён ҳис қилмаган бундай урушдан сўнг бу сиёсий мурдага қайта жон ато этиш мумкинлигини кўрмаяпман», — деган Светлова.

Зиммадан соқит қилиш

19 октябр куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ҲАМАС маҳв этилгани ҳамоно Исроил «Ғазо сектордаги ҳаёт учун жавобгарлик»ни ўз зиммасидан соқит қилишини таъкидлаган.

АҚШ ва бошқа давлатлар имкон қадар кўпроқ гаровдаги асирларни қутқариш учун Исроилни ерусти операциясини бошлашдан тийилиб туришга чақирмоқда. (Суратда: ҲАМАС томонидан яқинда озод қилинган Йоҳевед Лифшиц). ФОТО: GETTY IMAGES

Ғазо сектори иқтисодиёти қарийб тўлиқ Исроилга боғлиқ. Бу ердан анклавга озиқ-овқат, электр энергияси ва ичимлик сув етказилади. ҲАМАС жангчиларининг Исроилга ҳужумидан сўнг Исроил Ғазони тўлиқ қамал қилди, бу эса гуманитар фалокатга олиб келди.

Ксения Светловага кўра, Исроил ҳукумати томонидан қатъий риторикага қарамасдан уруш тугаганидан сўнг «кимдир фаластинликлар билан шуғулланиши кераклиги, бошқа вариантлар бўлмагани сабабли, бу ролни яна Исроил ўз зиммасига олиши мумкин».

«Мен бу қарор мутлақ Исроилга тегишли бўлади, деб айта олмайман, — дейди Светлова. — Эҳтимол, бу қарор БМТ Хавфсизлик Кенгашида қабул қилинар, Исроил дўстлари томонидан босим бўлар».

«Исроил Ғазо сектори билан ҳеч қандай алоқаларга эга бўлмасликни истайди, — дея Светлованинг фикрини маъқуллайди Давид Генделман. — Ҳеч ким урушдан кейинги механизм қандай бўлиши ҳақида тасаввурга эга эмас».

Ишонч тақчиллиги

Ғазо секторининг урушдан кейинги келажаги кўп масалада Яқин Шарқ давлатлари ролига боғлиқ. Economist нашри ёзишича, ўтган ҳафтада бир неча араб мулозимлари анклавда хорижий тинчликпарвар кучлар жойлаштириш ғоясини илгари суришган ва дарҳол қўшимча қилишган: уларнинг ҳеч бири бунда иштирок этиш истагида ёнаётгани йўқ.

Ғазо секторидаги бошпаналар тўлиб тошган: 600 мингга яқин киши БМТнинг Фаластин қочқинлари бўйича ишлаш агентлигининг 150 та объектларида жойлаштирилган. ФОТО: ASHRAF AMRA / ANADOLU

Bloomberg маълумотига кўра, Исроил ва АҚШ Ғазо секторини келгусида, жумладан, араб давлатлари иштирокида, БМТ қўлловида вақтинчалик потенциал ҳукумат тузиш орқали бошқариш масаласини муҳокама қила бошлашган.

Бироқ, бундай ҳукуматни яратиш осон иш бўлмайди, араб давлатлари розилигини олиш ундан-да мураккаб масала, дейди АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Яқин Шарқ бўйича катта таҳлилчиси Уилям Ашер.

«Араб ҳукуматлари иштирокидаги режа араб давлатларидан бир-бири билан ишлашдаги рискларни қандай қабул қилишига қараб кўплаб ўзгаришларни тақозо этади. Бу, шунингдек, Тел-Авив томонидан ишончнинг — жуда камёб бўлган маҳсулотнинг кескин оширилишини талаб қилади», — дея Ашердан иқтибос келтиради Bloombeg.

BBC суҳбатлашган экспертлар ҳам Ғазо секторининг яқин қўшнилари Миср ва Иордания ҳам анклавнинг келажагида иштирок этишни исашмайди, деган фикрда.

ЦАҲАЛ Ғазо секторидаги ҲАМАСга тегишли деб гумон қилаётган объектларни бомбалашда давом этмоқда. ФОТО: MAHMUD HAMS / AFP

Уруш бошлангач Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий фаластинлик қочқинларни Синай яриморолида қабул қилмаслиги, агар бу ишни қилса яриморол «Исроилга ғужум қилиш учун янги базага айланиши»ни таъкидлаган.

Миср 2007 йилда Исроил билан бирга Ғазо секторини қамал қилгани ҳамда 1948 йилдан 1967 йилгача секторни бошқаргани учун анклавда яхши қабул қилинмайди.

Иордания ҳукумати ҳам анклавнинг кўчирилган аҳолисини қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслигини билдиришган.

Қатар минтақа мамлакатлари орасида Ғазо секторига энг катта таъсир ўтказаётган давлатлардан бири. Кўп йиллар давомида Доҳа ижтимоий тўловлар миллионлаб доллар ажратиб, текин ёнилғи билан таъминлаб учун анклав иқтисодиётини барқарорлаштириб келди. Ҳозир Қатар гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш бўйича воситачилардан бири ролини ўйнамоқда: Reuters’га кўра, Доҳа Исроил томонидан ён берилишини кутмасдан ҲАМАСни гаровдагиларни озод қилишга чақирган.

Ғазо сектори масаласида Қатар нечоғлик жиддий таъсир ўтказа олиши мумкин, деган саволга Ксения Светлова «бу Исроилнинг қўлида эмас, бу АҚШнинг масаласи», деб жавоб берган.

«Қатарда Американинг йирик Al-Udayd ҳарбий базаси жойлашган. Вашингтон ва Доҳа ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб бормоқда, бу эса парадоксал ҳолатни юзага келтирган, чунки Қатар ҲАМАС етакчиларига бошпана берган, уларнинг маълум бир фаолиятига ҳомийлик қилади ва уларга тўлиқ ахборот қўллови беради», — деб қайд этган Светлова.

«Сўнгги 10 йил ичида Исроил стратегияси Қатарга ишониш эди, — деган Economist нашрига Исроил армиясининг истеъфодаги полковниги ва Моше Даян маркази таҳлилчиси Михаэл Милштейн. — бу урушдан чиқаришимиз зарур бўлган сабоқлардан бири — биз Қатарнинг вазиятга аралашишига йўл қўйиб бермаслигимиз керак».

Ғазонинг Исроил ва минтақадаги бошқа ўйинчилар билан муносабати Ғазо секторида урушдан кейинги режим қандай бўлишига қаттиқ боғлиқ, деб ҳисоблайди Давид Генделман.

Жумладан, анклавнинг Эрон билан муносабатлари ҳам.

«Қайта форматлаш асносида режим қандай бўлишини кўриб бораверамиз. Эҳтимол, Эрон бу ерда ҳеч кимга ёрдам бера олмасдан қолар. Теҳрон ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди”ни қўллаб-қувватлайди, ФАТҲга деярли ёрдам бермайди. Агар назарий жиҳатдан ФАТҲ Ғазода ҳокимият тепасига қайтса, ҳеч бўлмаганда дастлабки босқичларда муносабат бошқача бўлади», — дейди Генделман.

Ўзларининг ҳокимияти

Ксения Светлованинг тахмин қилишича, ерусти операцияси «Ғазонинг реоккупацияси» билан тугайди.

«Барча миноралар ва тунеллар йўқ қилинган, ҲАМАС етакчилари ё қамоқхонада, ё ўлдирилган. Исроил қўшинларини ортга қайтариб, биз кетамиз, дейди. У ерда эртаси куни нима бўлади? Энг камида ҲАМАСнинг қайта туғилиши кузатилади. Айнан шунинг учун токи келажак учун бирор ечим бўлмас экан, Исроил у ердан чиқа олмайди. Бу ечим — 1993 йилда Фаластин мухторияти ташкил этилгунигача бўлганидек, ўзларининг ҳокимиятини яратиш», — дейди Светлова.

(1993 йилда Ослода келишув имзолангач, Исроил 2005 йилгача Ғазода ҳарбий назоратни ўз қўлида ушлаб турган).

Генделманнинг фикрича, Ғазонинг Исроил томонидан реоккупация қилиниши воқеалар ривожининг вариантларидан бири, бироқ «Исроилнинг барча ҳукуматлари изчил равишда буни исташмаган ва исташмайди».

Фаластин халқи уларга тинч ва осуда ҳаётда яшашни таъминлаб бера олувчи етакчига лойиқ, деган CBS телеканалига берган интервюсида Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

«Бу келгусида босиладиган қадамлар нуқтайи назаридан қандай кўриниш олишини бугун мен айтиб бера олмайман, бироқ бу саволни бугуноқ қўйиш керак, чунки биз қисқа муддатли эмас, узоқ муддатли истиқболни ҳам кўзлашимиз керак», — деган Салливан.

Исроил ҳарбий нишонлар, жангчилар ва уларнинг қўмондонларини йўқ қилиши мумкин — бироқ аввалги ҳолатга эришиш учун у бошқа соҳалардаги ечимларни ҳам ҳал қилиши керак бўлади.

«ҲАМАС мафкураси қолади. Гап бу ташкилот яқин орада қайта туғилмаслиги, Ғазо секторида таъсири кун сайин сусайиб бориши учун учун уни қандай заифлаштиришда. Давлат аралашуви ва дипломатик таркибий қисмсиз бунга эришиб бўлмайди», — дейди Светлова.

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми

2023 йилнинг 7 октябрида Фаластининг ҲАМАС ҳарбийлашган гуруҳи Исроилга ҳужум қилиб, унинг жангчилари шаҳар ва қишлоқларга бостириб кирди, юзлаб одамларни ўлдирди ва ўнлаб одамларни гаровга олди.

ҲАМАС Исроил давлатини йўқ қилишга ва бутун тарихий Фаластин давлати ҳудудида исломий давлат қуришга интилади. Ҳаракат Эрон томонидан қўллаб-қувватланади.

ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида 2007 йилда сайлов орқали ҳокимият тепасига келган ва шундан сўнг ўзининг сиёсий рақибларини сектордан сиқиб чиқарган. Ўшандан буён унинг жангчилари Исроил билан бир неча бор урушган.

Мавзуга оид