Жаҳон | 19:37
477
10 дақиқада ўқилади

Трампнинг сиёсати, Ғазо ва миграция. Пулицер мукофоти совриндорлари эълон қилинди

АҚШда «журналистлар учун Нобел» дея эътироф қилинадиган Пулицер мукофотининг навбатдаги ғолиблари эълон қилинди. Washington Post, New York Times, Reuters, Associated Press каби халқаро нашрлар Трамп ва унинг сиёсати, иммиграция ва Ғазо бўйича материаллари учун совриндорлар қаторида бўлди.

Доналд Трамп Оқ уй олдида журналистлар билан суҳбатлашгач вертолётга йўл олмоқда – Апрел, 2025 йил / Фото: AP

4 май куни Пулицер мукофоти қўмитаси журналистика ва санъат йўналишларида хизмат қилувчи 24 нафар ғолиб рўйхатини эълон қилди.

Мукофот администратори Маржори Миллер ўзининг кириш нутқида журналистика ва ижодий ишларга нисбатан тарқалган ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий босимларни санаб ўтди. Миллер, шунингдек, АҚШ Конституциясидаги Биринчи тузатиш (дин, сўз ва матбуот эркинлиги) ҳамда мустақил матбуотнинг аҳамиятини таъкидлади.

«Афсуски, буни ҳозир яна такрорлашга тўғри келмоқда. Чунки Оқ уй ва Пентагонга ОАВ кириши чекланган, кўчаларда сўз эркинлиги хавф остида. Америка Қўшма Штатлари президенти бир нечта ОАВга қарши туҳмат ва ғаразгўйлик учун миллиардлаб долларлик даъволар қўзғатган», деди у.

Маржори Миллер

Аммо «кўплаб қатъиятли ва иқтидорли инсонлар шарофати билан бу соҳалар ҳамон кучли», дея қўшимча қилди Миллер.

Ғолиб бўлган кўплаб ҳикоялар ўтган йили Оқ уйга қайтганидан бери институционал нормаларни остин-устун қилган ва АҚШнинг мамлакат ичидаги ҳамда хориждаги ролини қайта шакллантирган Трамп маъмурияти ҳақидаги ҳисоботлар эди.

Журналистик йўналишдаги барча мукофотлар

Энг олий мукофот – Жамоат хизмати (Public Service)Washington Post нашрига берилди. Улар Трамп маъмуриятининг миллиардер Илон Маск билан бирга федерал идораларни тартибсиз қайта ташкил этишидаги махфийлик пардасини очиб берган. Шунингдек, мақолаларда ҳукуматдаги қисқартиришларнинг инсонларга таъсири ва мамлакат учун оқибатлари барча тафсилотлари билан ёритилган.

Washington Post журналисти Ханна Натансон – Трамп маъмурияти ҳақидаги суриштирувлардан кейин унинг уйи ФҚБ томонидан тинтув қилинган эди

Суриштирув журналистикаси (Investigative Reporting) – New York Times таҳририятига берилди. Улар «президент Трампнинг манфаатлар тўқнашуви борасидаги чекловларни қандай бузгани ва ҳокимият берган пул ишлаш имкониятларидан фойдаланиб, ўз оиласи ва ҳамкорларини бойитганини фош этган чуқур суриштирув материаллари учун» мукофотга лойиқ кўрилди.

Соҳавий репортаж (Beat Reporting) – Reuters мухбирлари Жеф Ҳорвитс ва Энген Тамга берилди. Улар META компанияси ҳақида фош этувчи репортажлар қилган. Унда технологик компания ўз фойдаланувчиларини, жумладан, болаларни фирибгарлик ва сунъий интеллект манипуляциясига дучор қилишга тайёр экани батафсил баён этилган.

Миллий репортаж (National Reporting) – Reuters таҳририятига берилди. Улар президент Доналд Трамп ижро ҳокимиятини кенгайтириш ва ўз душманларидан ўч олиш учун ҳукумат таъсиридан қандай фойдаланганини ҳужжатлаштирган.

Reutersʼнинг Трамп ҳақидаги махсус суриштирувида эълон қилинган иллюстрация

Хусусан, Reuters суриштирувлари Трампнинг юзлаб нишонлар: федерал прокурорлар, ҳарбий раҳбарлар, собиқ расмийлар, юридик фирмалар, университетлар ва медиа компанияларга нисбатан ўч олиш учун ижро ҳокимиятидан қандай фойдаланганини очиб берган.

Халқаро репортаж (International Reporting) – Associated Press мухбирларига берилди. Улар Кремний водийсида яратилган, Хитойда такомиллаштирилган ва бутун дунёга тарқалаётган оммавий кузатувнинг энг замонавий воситалари бўйича ҳайратланарли глобал суриштирувлар ўтказган. Бу воситалар АҚШ Чегара хизмати томонидан махфий мақсадларда фойдаланилиш учун Америкага қайтиб келган.

Тушунтириш репортажи (Explanatory Reporting) – San-Fransisco Chronicle мухбирларига "Burned" (Ёнган) туркум мақолалари учун. Унда суғурта компаниялари ёнғин оқибатида уйидан айрилган калифорнияликларнинг мулкини тизимли равишда паст баҳолаш, тўловларни рад этиш орқали уларни қандай қилиб қийин аҳволда қолдиргани кўрсатиб берилган.

Маҳаллий репортаж (Local Reporting) икки нашрга берилди.

  • «Connecticut Mirror» мухбирлари – штатнинг ўзига хос эвакуация қонунлари аҳолидан ортиқча ҳақ оладиган инсофсиз компанияларга қандай фойда келтирганини фош этган туркум мақолалари учун.
  • «Chicago Tribune» таҳририяти эса Трамп маъмуриятининг шаҳарда ўтказган ҳарбийлаштирилган иммиграция рейдларини ёритган кучли материаллари учун.

Тезкор хабарлар фотографи (Breaking News Photography) – New York Times билан ҳамкорлик қилган Саҳер Алгоррага берилди. У Исроилнинг геноцид уруши оқибатида Ғазодаги вайронагарчилик ва очарчиликни кўрсатувчи таъсирчан суратлари учун мукофотга лойиқ кўрилди.

Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳрининг рамзи ҳисобланган Муштаҳа минорасини бомбардимон қилган вақт — май, 2025 йил / Фото: NYT

Тезкор хабарлар (Breaking News Reporting) – «Minnesota Star Tribune» таҳририятига берилди. Улар католик мактабидаги ибодат вақтида содир бўлган, икки боланинг ўлими ва 17 кишининг яраланишига сабаб бўлган отишмани ёритишдаги синчковлик ва ҳамдардлик билан ёзилган кучли материаллари учун мукофотга лойиқ кўрилди.

Публицистик мақола (Opinion Writing) – New York Times мухбири М. Гессенга берилди. У тарих ва шахсий тажрибага таянган ҳолда зулм, мансублик каби долзарб мавзуларни тадқиқ қилувчи, юксалиб бораётган авторитар режимлар ҳақидаги ёритувчи эсселар тўплами учун мукофот олди.

Тасвирий репортаж ва шарҳ (Illustrated Reporting and Commentary) – Bloomberg мухбирларининг 'trapAPPedʼ (Қопқонда) материали учун. Унда ўз телефони орқали 'рақамли ҳибс'га олинган ҳиндистонлик невролог ҳақидаги ҳаяжонли ҳикоя визуал ва матнли воситалар ёрдамида баён қилинган.

Бадиий фотограф (Feature Photography) – Washington Post сураткаши Жаҳи Чиквендиуга берилди. У отаси саратон касаллигидан аста-секин вафот этаётган вақтда биринчи фарзанди дунёга келишини кутиб олаётган ёш оила ҳақидаги фото-очерки учун мукофотга лойиқ кўрилди.

30 ёшли Таннер Мартин шифохонадан уйга олиб келинган қизини бағрига босиб турибди / Фото: Washington Post

Очерк (Feature Writing) – "Texas Monthly" мухбири Арон Парслига берилди. У Марказий Техасдаги тарихий сув тошқинларидан бир неча кун ўтиб ёзилган, омон қолиш ва йўқотиш ҳақидаги фавқулодда шахсий ҳикояси учун бунга лойиқ кўрилди.

Танқид (Criticism) – “The Dallas Morning News” ходими Марк Ламстерга берилди. У ўз фикрларини етказиш ва шаҳар аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилишда ўткир зеҳн ва экспертлик билимини қўллагани айтилди.

Aудиожурналистика йўналишида «Pablo Torre Finds Out» подкасти жамоаси ғолиб бўлди. Улар «Los-Anjeles Klippers» баскетбол жамоаси ўзининг юлдуз ҳужумчисига ҳомийлик шартномаси орқали яширинча пул тўлаб, қандай қилиб NBA'нинг «маошлар чегараси» қоидасини четлаб ўтганини суриштирган.

Махсус эътироф (Special Citation) – "Miami Herald" мухбири Жули Браунга берилди. У педофил жиноятчи Жеффри Эпштейннинг ёш аёлларга нисбатан тизимли зўравонлиги, уни ҳимоя қилган адлия тизими ва вақт ўтиши билан унинг нуфузли шериклари ва ёрдамчилари тармоғини фош этганди.

Жули Браун

Брауннинг 2017 ва 2018 йиллардаги инқилобий репортажлари туркуми – прокурорлар Эпштейнни федерал жинсий савдо айбловларидан қандай ҳимоя қилганини кўрсатиб берганди.

Бундан ташқари, Пулицер мукофоти яна 8 та йўналишда: бадиий адабиёт, драма, тарих, биография, мемуар, шеърият, ҳужжатли адабиёт ва мусиқа йўналишидаги ижод намуналарига ҳам топширилди.

Пулицер қандай мукофот ўзи?

Пулицер мукофоти (Pulitzer Prize) — журналистика, адабиёт, драма ва мусиқа соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири. Уни кўпинча «журналистлар учун Нобел мукофоти» деб ҳам аташади.

Мукофот 1917 йилда келиб чиқиши венгер бўлган америкалик йирик газета ношири Жозеф Пулицер васиятига кўра ташкил этилган. Ҳозирда у Ню Йоркдаги Колумбия университети томонидан бошқарилади. Мукофот 21 категория бўйича газета, журнал ва онлайн нашрлар ходимлари, ёзувчилар, драматург ва композиторларга топширилади.

Энг муҳим йўналиш ва энг олий тоифа — «Жамоат хизмати» (Public Service) бўлиб, жамиятдаги муҳим муаммоларни кўтариб чиққан нашрларга берилади.

Пулицер мукофотининг махсус олтин медали

Журналистика йўналишидаги мукофотлар дунёнинг исталган фуқаросига берилиши мумкин, бироқ уларнинг иши АҚШ нашрларида (газета, журнал ёки сайт) эълон қилинган бўлиши шарт.

Ҳар бир номинация ғолиби учун 15 минг доллар миқдорида мукофот пули берилади. Фақатгина «Жамоат хизмати» номинацияси ғолибига махсус олтин медал топширилади. Қолган барча йўналиш ғолибларига сертификат берилади.

Аммо ушбу нуфузли мукофот ҳам маълум бир сиёсий босим остида қолган. Хусусан, 2026 йилда ҳам президент Трампнинг Пулицер мукофоти кенгашига қарши фаол суд даъвоси бор.

2022 йилда New York Times ва Washington Post нашрлари Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампанияси ва Россия ўртасидаги тахминий тил бириктириш ҳақидаги материаллари учун мукофот олган. АҚШ президенти эса айнан ушбу материалларга мукофот берилгани учун судга даъво киритганди. Суд жараёни ҳали ҳам давом этмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид