Ўзбекистон | 12:08 / 26.02.2026
4451
7 дақиқада ўқилади

Янги стратегия: Ўзбекистоннинг 5 йиллик мақсадлари

16 феврал кунги президент фармони билан, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Шу асосда 2023 йилда қабул қилинган аввалги стратегия ўз кучини йўқотиб, келгуси 5 йиллик режалар қайта кўриб чиқилди. Kun.uz ҳужжатнинг кенг омма учун диққатга сазовор айрим бандларини санаб ўтади.

Таълим

Янгиланган стратегияга асосан, 2030 йилда боғча ва мактаблардаги ойлик маошлар миқдори 2023 йилга нисбатан 2 баробарга юқори бўлиши керак. Расмий статистикага кўра, таълим соҳасидаги ўртача маош (даромад солиғини ҳам қўшганда) 2023 йилда 3,1 млн сўм бўлган; 2025 йилда эса 4,4 млн сўмга етган.

Мактаблар ва боғчалардаги санитар шароитларни яхшилаш ҳам устуво вазифалар қаторига киритилган. Ҳужжатга кўра, ҳозирда “Уч юлдузли ёндашув” методологияси асосида сув, санитария ва гигиена шароитлари билан таъминланган боғчалар ва мактаблар улуши 30 фоизни ташкил этади. 5 йилдан кейин бу кўрсаткич 86 фоизга етиши кўзда тутилган.

Президент мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар улушини 33 фоиздан 50 фоизга етказиш, “Электрон доска” билан таъминланган мактаблар улушини эса 43 фоиздан 100 фоизга етказиш мақсад қилинган. 2025 йилда хусусий мактабларнинг улуши 6,3 фоиз бўлган бўлса, 5 йилдан кейин Ўзбекистондаги ҳар 10 та мактабдан 1 таси хусусий бўлиши керак.

Соғлиқни сақлаш

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75 йил-у 2 ойни ташкил этган. 2030 йилга бориб, шу кўрсаткични 78 ёшга етказиш мақсад қилиняпти. Бунинг учун маҳаллаларда 3 мингтадан ортиқ спорт майдончалари барпо этилади.

Шунингдек, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар улушини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш кўзда тутилган.

55 ёшдан ошган аҳолининг 90 фоизини ҳар йили профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш, бу орқали юрак-қон томир касалликлари, хавфли ўсма, қандли диабет ва сил ташхиси қўйилган беморларнинг 50 фоизини ана шу профилактик кўрикларда аниқлаш режа қилинган.

Иқтисодиёт

2030 йилга бориб, Ўзбекистонда “мутлақ камбағаллик”ка буткул барҳам бериш мақсади қўйилган. Расмий рақамларга кўра, ҳозир аҳолининг 5,8 фоизи “мутлақ камбағаллик”да яшаяпти, яъни оиладаги жон бошига тўғри келадиган харажат 669 минг сўмдан ошмайди. Келгусида камбағалликнинг кўп ўлчамли шкаласига ўтилади ва режага кўра, 5 йилдан кейин Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатларининг амалдаги қиймати асосида “мутлақ камбағаллар” қолмаслиги керак.

Стратегияда белгиланишича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳозирги 145 млрд доллардан 2030 йилда 240 млрд долларга етади. Инфляция жорий йилда 6,5 фоиздан ошмаслиги, 2027 йилдан бошлаб эса барқарор 5 фоизлик инфляцияга эришиш кўзда тутилмоқда.

Олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2024-2030 йиллар оралиғида 1,5 баробарга ошиши, шу даврда мис ишлаб чиқариш 3,5 баробарга, кумуш ва уран ишлаб чиқариш эса 3 баробарга ортиши прогноз қилиняпти.

Статистикага кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 450 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарилган. 2030 йилда бу рақам 1 миллионтага етиши, шундан 200 мингтаси электромобил бўлиши белгилаб қўйилди.

2027-2030 йилларда 5 та давлат банкини хусусийлаштириш, шу даврда давлатга қарашли 12 та йирик корхона акцияларининг бир қисмини халқаро ва маҳаллий бозорларга чиқариш режа қилинган.

Энергетика ва транспорт

Стратегияда табиий газ қазиб чиқаришдаги пасайиш тенденциясини 2027 йилда тўхтатиш вазифаси қўйилган. Қизиғи, бу фармон эълон қилиниши билан, ўтган йили қазиб олинган газ ҳажми борасида саволлар пайдо бўлди. Аввалроқ Статистика агентлиги 2025 йилда 42,3 млрд куб метр табиий газ қазиб олинганини маълум қилганди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқловчи президент фармонида эса, ўтган йили газ қазиб олиш ҳажми 41,7 млрд куб метр бўлгани кўрсатилган. Энди бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 48,5 млрд куб метрга етказилиши керак. Ушбу мақсадга эришилган тақдирда ҳам, газ қазиб чиқариш ҳажми 2022 йилги даражадан 6 фоизга ёки 3,2 млрд куб метрга кам бўлади.

Келгуси 5 йилда электр энергиясининг улгуржи бозорини яратиш; электр энергияси, табиий газ ва иссиқлик тармоқларда йўқотишларни камайтириш; энергия самарадорлигини ошириш бўйича қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами генерациядаги (истеъмолдаги) улушини ҳозирги 31 фоиздан 54 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Стратегиядан пулли автомобил йўллари бўйича мақсадлар ҳам ўрин олган. Унга кўра, пулли автойўлларни қуриш 2027 йилда бошланиб, 2030 йил охиригача уларнинг узунлиги 130 км бўлиши кутиляпти. 130 км узунликдаги пулли йўллар Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Водий ва бошқа йўналишларда бўлади. Аниқроғи, шу йўналишларнинг бошидан охиригача эмас, фақат маълум бир қисмларида пулли йўллар пайдо бўлади. Кейинги 5 йилда 38 минг км узунликдаги автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилган.

Экология

Кейинги 5 йилда дарахт экиш бўйича катта марралар олинган. Хусусан, шаҳарлар, туман марказлари ва шаҳарчалардаги яшиллик даражаси ҳозирги 14 фоиздан 30 фоизга етказилиши керак. 2026-2030 йилларда 916 та янги яшил боғ ва парклар ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳозир мавжуд ва экилган дарахтларнинг 45 фоизи кўкараётган бўлса, 2030 йилга бориб 70 фоизи яшаб кетишига эришиш мақсад қилиняпти.

Стратегияга кўра, Ўзбекистон бўйлаб ўрмон билан қопланган майдонлар 5 йил ичида 1,5 баробарга кенгайиб, 6,1 млн гектарга етиши керак. Атроф-муҳитга хавфи юқори даражадаги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизимининг қамров даражасини 50 фоизга етказиш назарда тутилган.

Коррупцияга қарши курашиш

Шу ой бошида Transparency International халқаро ташкилоти 2025 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилган ва унда Ўзбекистоннинг позицияси 3 поғонага пасайиб, 182 та давлат орасида 124-ўринга тушган эди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосан, бу рейтингда кейинги 5 йилда камида 20 поғонага кўтарилиш мақсади қўйилди. Бунда, Ўзбекистоннинг ўрни ҳар йили 4 поғонадан яхшиланиб бориши кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат харидларида ягона етказиб берувчидан ва монопол харидларни инобатга олмаганда, рақобатли усуллардан фойдаланиш даражасини 80 фоизга етказиш режа қилинган. Фармонга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган стратегия лойиҳаси 2026 йил августигача тайёр бўлиши керак.

Ташқи сиёсат

Қайд этилишича, ҳозир Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сони 34 та. 2030 йилга бориб, ватандошлар 50 та мамлакатга визасиз кириб боришига эришиш мақсад қилиняпти. Ўзбекистонликлар соддалаштирилган тартибда кириш мумкин бўлган давлатлар сонини эса ҳозирги 42 тадан 60 тага етказиш вазифаси қўйилган.

Кейинги 5 йилда қўшни мамлакатлар билан савдо айланмасини 1,5 баробарга ошириш кўзда тутиляпти. 2026 йилда 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш орқали, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мослаштириш жараёнини якунига етказиш режа қилинган.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид