Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда табиий газ билан боғлиқ ҳолат қандай ўзгаряпти?
Ҳар қандай мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам табиий газ ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакат иқтисодиёти, энергетик хавфсизлиги ва ташқи савдо балансига жуда катта таъсир кўрсатади. Охирги йилларда газ қазиб олиш, экспорт ва импорт билан боғлиқ динамика қандай ўзгарди?
Газ қазиб олиш
Йилдан йилга Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми камайиб бораётганди. Аммо, расмий статистикага кўра, 2025 йилда 2,4 фоизлик ўсиш қайд этилган. Хусусан, 2025 йилда 42,3 млрд куб газ қазиб олинган, бу кўрсаткич 2024 йилда 41,3 млрд кубни ташкил этган. Эътиборга молик жиҳати, 2024 йилнинг якунлари бўйича эълон қилинган ҳисоботда газ қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд кубни ташкил этгани кўрсатиб ўтилганди. Рақамларнинг бирдан ўзгариб қолгани бўйича маъсул давлат ташкилотларининг ҳеч бири расмий изоҳ бергани йўқ.

Газ экспорти
Ўзбекистон узоқ йиллар хорижга йирик ҳажмларда газ экспорт қилиб келади. Қазиб олиш кўрсаткичларининг пасайиши фонида экспорт ҳам олдингига қараганда камайди, аммо тўхтагани йўқ. Масалан, 2025 йилда 629 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу қиймат жиҳатдан 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга кўп.

Ўзбекистон гази асосан Россия, Хитой, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилиб келинган. 2020 йилда Россияга экспорт тўхтатилди, Хитойга етказиб бериш ҳажми ҳам камая бошлади. Ўзбек газини хорижга сотиш нархи бирор марта очиқланмаган ва бу “тижорий сир” сифатида тавсифланади. Шу сабабдан экспортнинг миқдор жиҳатдан қандай ўзгараётганини таҳлил қилиш имконсиз.
Газ импорти
2023 йилдан бошлаб қазиб олишдаги тақчиллик Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилишни ошириш ҳисобига қоплана бошланди. Бу эса Ўзбекистоннинг табиий газ экспортчисидан, табиий газнинг соф импортёрига айланиб қолишига сабаб бўлди.

2020-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистонга импорт қилинган газ ҳажми қиймат жиҳатдан 33 баробарга ошди.
Ўзбекистоннинг газ захиралари қанча?
2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1 трлн 867 млрд куб метрга баҳоланган эди ва жорий қазиб чиқариш ҳажмларида бу захиралар камида 34 йилга етиши маълум қилинганди. 2023 йилнинг август ойида Ўзбекистонда 296 та нефть-газ кони мавжудлиги, уларда жами 1 трлн 854 млрд куб метр газ захиралари борлиги маълум қилинган. 296 та нефть-газ конидан 122 таси “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлиб, республика умумий газ захирасининг тенг ярми – 933 млрд куб метри ушбу конлар ҳиссасига тўғри келиши келтириб ўтилганди.
OPEK ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистондаги газ захираси 1 трлн 522 млрд куб метрга баҳоланган ва дунёдаги умумий газ ҳажмининг 0,74 фоизи билан 22-ўринга жойлаштирилган. Бошқа бир халқаро манбада эса бу кўрсаткич 1 трлн 840,5 млрд куб метр экани кўрсатилиб, Ўзбекистон энг кўп табиий газ захирасига эга давлатлар қаторида 17-ўринда қайд этилган.
Газ қазиб олиш ошиши мумкинми?
Бир неча ўн йилликларга етадиган захирамиз бор экан, хориждан газ сотиб олмай, шуни ишлатсак бўлмайдими, деган савол пайдо бўлиши мумкин. 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш” вазифаси қўйилганди. Ушбу вазифа янги таҳрирдаги ҳужжатда “газ қазиб олиш ҳажмини 186,8 миллиард куб метрга етказиш" жумласи билан алмаштирилган. Бу 5 йиллик учун умумий кўрсаткич ҳисобланиб, кейинги йилларда қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада пасайиб боришини англатиши мумкин.
Мавзуга оид
17:57 / 12.01.2026
Президент «Ўзбекнефтгаз»га кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишни буюрди
12:14 / 25.08.2025
Газдан ноқонуний фойдаланиб келган тиббиёт маскани аниқланди
09:03 / 19.08.2025
Бўка туманида юқори босимли газ қувурига шикаст етказилди
21:14 / 03.08.2025