Жаҳон | 13:03 / 24.10.2023
26133
9 дақиқада ўқилади

Автомобиллар билан тўлиб-тошган Ер курраси – тарихдаги энг йирик тирбандликлар қаерда содир бўлган?

2023 йил 23 октябр куни Тошкент шаҳридаги кўплаб асосий кўчаларда улкан тирбандликлар кузатилди. Маълум бўлишича, тирбандликка пойтахт кўчаларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сабаб бўлган. Ушбу материалда дунёда содир бўлган энг йирик кўча тирбандликлари ҳақида сўз юритамиз.

Фото: pixabay.com

Автомобил саноати кескин ривожлана бошлагандан буён йирик шаҳарларда тинимсиз равишда тирбандликлар содир бўлмоқда. Оқибатда, кўплаб инсонларнинг қимматли вақти кўчада ўтиб кетмоқда. Шу жумладан, Тошкентда ҳам.

2023 йил 23 октябр куни пойтахтда 10 балли тирбандликлар содир бўлди. Оқибатда шаҳарнинг асосий кўчаларида машиналар ҳаракати тўхтаб қолди ва бу автобуслар ҳаракатига ҳам таъсир кўрсатди.

Тошкентдаги тирбандлик

24 октябр куни эрталаб шаҳарнинг йигирмага яқин асосий кўчасида тирбандлик қайта содир бўлган. Транспорт вазирлигига кўра 70 дан ортиқ автобус йўналишларида куннинг тиғиз пайтида қатнов вақти ва оралиқ интервалга риоя этишнинг имкони бўлмаган.

Йўлларда тирбандликларнинг келиб чиқишига бир нечта омиллар сабаб бўлади. Жумладан, машиналар сонининг ўта кўплиги, кўчаларда қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўтказилиши, ҳайдовчиларнинг тартибсиз ҳаракатланиши, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиши ёки ноқулай об-ҳаво шароити машиналар ҳаракатини чеклаб қўйиши мумкин.

Самарқанднинг марказий кўчаларидан биридаги тирбандлик

Маълумотларга кўра тирбандликдан энг кўп Ҳиндистон аҳолиси азият чекади. Чунки бу давлатда турли транспорт воситалари жуда тартибсиз ҳаракатланади ва уларни ҳатто полиция ҳам етарлича назорат қила олмайди.

Айрим давлатлар эса тирбандликларнинг олдини олиш учун маълум чекловлар киритишган. Масалан, Сингапурда шахсий машинага эга бўлиш ҳуқуқи сотилади.

Сингапурдаги марказий кўчалардан бири. Жамоат транспорти ва пиёдалар учун кенг жой ажратилган. \ Фото: singapore-airlines.vn

Ҳозир бу давлатда шахсий машинага эга бўлиш учун рухсатнома олиш 70 мингдан 106 минг долларгача бўляпти. Одамлар шахсий машина учун жуда катта пул сарфлашдан кўра, жуда яхши ривожланган жамоат транспортида юришни афзал билишади.

Индонезияда эса 1992 йилда қабул қилинган қонунга кўра, йирик шаҳарларда ҳайдовчилар ўзи билан яна икки кишини олиб юришга мажбур. Агар кўчада ҳаракатланаётган машинада ёлғиз ҳайдовчининг ўзи бўлса уни жаримага тортишади.

Лос-Анжелесда эса ҳайдовчи машинага камида икки кишини олиб кетаётган бўлса унга алоҳида бўлакдан юриб, тирбандликни четлаб ўтиш имконияти тақдим этилади.

Германиядаги тирбандлик \ Фото: alamy.com

Тирбандликлардан қочиш учун айрим мамлакатларда, йирик шаҳарларда машиналарнинг рақами бўйича чекловлар жорий қилинган. Яъни бир кун охири тоқ, иккинчи кун охири жуфт сон билан тугаган машиналар ҳаракатланишига рухсат берилади.

Қуйида тарихда юз берган энг йирик тирбандликлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтамиз.

Пекин-Тибет магистралидаги тирбандлик \ Фото: alamy.com

1. Пекин-Тибет магистрали, Хитой – 260 километр

2010 йил 14 август куни Пекиндан Тибетга олиб борувчи магистрал йўлда 260 километрга чўзилган улкан тирбандлик кузатилади. Оқибатда миллионлаб одамлар икки ҳафта йўлда қолиб кетишади.

Тирбандликка йўлдаги таъмирлаш ишлари сабаб бўлади. Кўплаб машиналар бутунлай тўхтаб қолади ва уларнинг суткалик ҳаракатланиши бор-йўғи 1 километрни ташкил этади.

Ўшанда тирбандликда турган машиналарни тунаб кета бошлашади. Шунда уларни қўриқлаш учун 400 нафардан ошиқ полиция ходими тирбандлик содир бўлган ҳудудга юборилади.

Москва — Санкт-Петербург йўлидаги тирбандлик \ Фото: rostov.kp.ru 

2. Москва – Санкт-Петербург М-10 трассаси, Россия – 200 километр

2012 йил 30 ноябр куни Москва-Санкт-Петербург М-10 трассасини қор ҳамда муз қоплайди ва кўплаб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади.

Шундан сўнг Твер вилояти маъмуриятини трассанинг вилоятдан ўтган қисмини ёпишга қарор қилади. Оқибатда машиналар тўхтаб қолиб, 200 километрлик тирбандлик юзага келади.

Йўлларни тозалаш учун кўплаб махсус машиналар жалб қилинади. Бироқ улар йўлларни тозалаб улгуришмайди. Тирбандлик уч кун давом этади.

Шундан сўнг Россия ФВВ йўллар четида иссиқ чодирлар ўрнатади ва совуқда қолиб кетган ҳайдовчилар ва йўловчиларга иссиқ овқат ҳамда ичимлик тарқатди. Оғир вазиятга тушганларнинг бир қисми эвакуация қилинади.

Сан-Паулудаги тирбандлик \ Фото: subscribe.ru

3. Сан-Паулу, Бразилия – 193 километр

Сан-Пуалу жанубий яримшардаги энг йирик шаҳар ҳисобланади ва бу ерда 20 миллион одам яшайди. Шунга яраша шаҳарда миллионлаб машина бор ва тирбандликлар одатий ҳисобланади.

Бу шаҳардаги энг йирик тирбандлик 2009 йил 8 май куни кузатилади. Ўшанда Сан-Паулу кўчаларида бир нечта йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлади. Оқибатда йўллар ёпилиб қолади ва шаҳар бўйлаб 193 километрли улкан тирбандлик юз беради (бошқа маълумотларда тирбандлик 300 километрдан ошгани айтилади).

Бу шаҳардаги яна бир тирбандлик 2013 йил ноябр ойида кузатилади. Ўшанда Сан-Паулу аҳолиси Республика эълон қилинган кунни нишонлаш учун шаҳар чеккасига қараб отланишади. Оқибатда улкан тирбандлик содир бўлади ва кўчага чиққанлар кун бўйи ҳаракатлана олмасдан қолиб кетишади.

Умуман олганда Сан-Паулу дунёдаги тирбандлик кўп кузатиладиган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, шаҳардаги ҳар бешта кўчадан биттасида узундан узун тирбандликлар кузатилади.

Лион-Париж магистралидаги тирбандлик \ Фото: experientia.com

4. Лион-Париж автомагистрали, Франция – 175 километр.

1980 йил 16 феврал шанба куни Алп тоғларида ва мамлакат жанубида ўз таътилини ўтказган миллионлаб французлар уйга шошилишади. Шу куни ҳаво булутли ва туман бўлиб, кўриш даражаси жуда паст бўлади.

Оқибатда кўп сонли машиналар 170 километрга чўзилган улкан тирбандликда қолиб кетади. Ушбу тирбандлик Гиннеснинг рекордлар китобига тарихда юз берган энг узун тирбандлик сифатида қайд этилган.

Хюстондаги тирбандлик

5. Хюстон, АҚШ – 161 километр

2005 йил АҚШнинг жанубида жойлашган Техас штати томон «Рита» тўфони яқинлаша бошлайди. Аҳолига эвакуация эълон қилинади.

Шундан сўнг кўпчилик ўзининг шахсий автомобили билан хавфсиз ҳудудларга қараб ҳаракатлана бошлайди. Оқибатда 160 километрга чўзилган улкан тирбандлик ҳосил бўлади.

Одамлар икки сутка тирбандликда қолиб кетади. Бир томондан даҳшатли тўфон яқинлашаётгани учун ҳукумат тирбандликда қолиб кетган одамларни зудлик билан қутқариш операциясини бошлайди.

Операцияга қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, ҳарбийлар, миллий гвардия ходимлари ва кўнгиллилардан иборат жуда катта куч ташланади. Натижада одамлар талафотсиз олиб чиқилади.

Токиодаги одатий тирбандлик

5. Токио, Япония – 135 километр

1990 йил 12 август куни Токио шаҳри четидаги йўлларда 135 километрга чўзилган улкан тирбандликлар кузатилади.

Ўшанда тирбандликка Японияга «Вайнон» тўфони ёпирилгани, яна кўплаб японлар таътилдан қайтаётгани сабаб бўлади.

Ўрта асрлардан қолиб келаётган жуда тор йўллар улкан машиналар оқимини сиғдира олмайди ва узун тирбандликлар содир бўлади.

Германиядаги тирбандлик \ Фото: pixabay.com

 

7. Шарқий ва Ғарбий Германия чегараси – 95 километр

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг иккига бўлинган Германия 1989 йилда қайта бирлашади. Шундан сўнг ҳар икки томонда яшовчилар саёҳат ва бошқа мақсадлар учун ҳаракатлана бошлайди.

1990 йил 12 апрел куни Шарқий ва Ғарбий Германия чегарасида ҳар икки томондан 18 миллион дона автомобил йиғилиб қолади ва 95 километр узунликда тирбандлик ҳосил бўлади.

Айнан шу тиқилинч автомобиллар сони бўйича дунёдаги энг йирик тирбандлик ҳисобланади.

АҚШдаги тирбандлик \ Фото: alamy.com

8. Пенсилвания штати, АҚШ – 80 километр

2007 йил 15 феврал куни қалин қор ёғгани туфайли Пенсилвания штати бўйлаб ўтадиган I-78 магистрали ёпилиб қолади.

Бундан бехабар ҳолда йўлга чиққан кўплаб машиналар ҳаракатлана олмай тўхтаб қолади. Оқибатда Хюстон 80 километр узунликда улкан тирбандлик содир бўлади.

Тирбандлик бир сутка давом этади, ҳайдовчилар ва йўловчилар ана шу муддатда совуқда йўл очилишини кутишга мажбур бўлишади.

Москвадаги тирбандлик \ Фото: themoscowtimes.com

9. Москва, Россия – 60 километр

2015 йил декабр ойида Москва айланма автомобил йўлида Россия тарихидаги яна бир улкан тирбандлик кузатилади. Кучли қор туфайли кўплаб машиналар тиқилинчда қолиб кетади.

Тирбандлик етти соат давом этади ва машиналар соатига бор-йўғи 2-3 километр тезликда ҳаракатлана олади холос.

Ню-Йоркдаги тирбандлик \ Фото: alamy.com

10. Ню-Йорк штати, АҚШ – 32 километр

1969 йилда Ню-Йорк штатида жойлашган Бетел шаҳарчасида рок-мусиқа фестивали ўтказилиши белгиланганди. Ушбу фестивални томоша қилиш учун кўплаб одамлар келади ва шаҳарча ҳудудидан ўтган магистрал йўлни тўсиб қўйишади.

Оқибатда, ушбу магистралда улкан тирбандлик кузатилади ва унда кўплаб машиналар билан бирга 500 минг одам қолиб кетади.

Ўшанда мусиқачилар ҳам шаҳарчага етиб бора олмайди. Уларни манзилига етказиш учун вертолёт чақирилади. Тирбандликда қолиб кетган ҳайдовчилар ва йўловчилар йўллар очилишини уч сутка кутишга мажбур бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид