Ўзбекистон | 21:42 / 22.05.2024
4118
6 дақиқада ўқилади

22 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тошкент марказида кесилган дарахтлар, мева-сабзавот экспортчилари учун чегарадаги енгиллик, тошқинлардан жабр кўрган Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами — Ўзбекистонда 22 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз. 

Тошкент марказида яна дарахтлар кесилмоқда

Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХнинг бузилаётган биноси ҳудудидан йирик дарахтлар кесиб, усти мато билан ўралиб, яширинча олиб кетилаётгани видеоси тарқалди.

Экологик партия Бош прокуратура ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ушбу ҳолатга чора кўрилишини сўраган.

«Иқлим ўзгаришини юмшатишнинг энг муҳим аспекти бу дарахтларнинг кўп бўлиши. Шундоқ ҳам пойтахтимизда саноқли қолган дарахтларимизни асраш бўйича мораторийга ва экофаолларимиз бонг уришига қарамасдан ҳали ҳамон дарахткушлар тўхтамаяпти», — дейилади партия муносабатида.

Қайд этиш жоиз, 2023 йилда Radisson Hotel Group компанияси Metropol Group билан шартнома тузиб, собиқ МХХ биноси ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қуриши маълум бўлган эди. Бино 2021 йилнинг ёзигача Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида бўлган.

Экспортчилар учун енгиллик

Ўзбекистон божхона постларида мева-сабзавот ортилган юк машиналари учун алоҳида йўлаклар ташкил этиладиган бўлди.

Божхона қўмитаси ҳаракат тиқилинч бўлган йирик чегара божхона постларида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини устувор тартибда тезкорлик билан амалга ошириш учун махсус белгилар билан жиҳозланган алоҳида йўлаклар ташкил этилади.

Бунда тез бузилувчан мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган транспорт воситаларини ушбу йўлакларга йўналтиришда устуворлик таъминланади.

Экспортга йўналтирилаётган тез бузилувчан мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган транспорт воситаларига халқаро стандартларга мос бўлган фарқлаш белгисини автотранспорт воситасининг олд ойна ўнг томонига ўрнатиш тавсия қилинади.

Бу чегара божхона постларида ушбу транспорт воситаларини алоҳида йўлакка йўналтиришда муҳим рол ўйнайди. 

Боғча опаларнинг маоши ошмоқда

1 июндан олий маълумотли боғча тарбиячиларининг маоши ошади. Давлат боғчаларида ишловчи олий маълумотли педагог ходимларнинг маоши мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

Бу президентнинг 2023 йил май ойида имзолаган қарорида белгиланган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат боғчаларининг олий маълумотли тарбиячи-методист, тарбиячилари 1 млн 203 минг сўм олиши белгиланган. Мактабларнинг олий маълумотли бошланғич ва юқори синфлари ўқитувчилари эса 2 млн 090 минг сўм олади.

Шундан келиб чиқилса, бакалавр дипломига эга боғча тарбиячиларининг маоши 2 млн сўмдан оширилиши кутилмоқда.

Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами

Ўзбекистон тошқинлардан жабр кўрган Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдам юборди. Инсонпарварлик юклари карвони президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди.

Ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1000 литрли 96 та сув сақлаш идишлари ўрин олган.

Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги компания ҳудудида Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди. Афғонистон томони вакиллари Ўзбекистон президенти ва халқига оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. 

Самарқандда халқаро туризм академияси очилади

Ўзбекистонда UNWTO шафелигида Халқаро туризм академияси ташкил этилмоқда. Академия Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетига тегишли бинога жойлаштирилади.

Бу борада ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳузурида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси ташкил этилган ҳамда академияда юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджети ҳисобидан маблағлар ажратиб борилиши белгиланган.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)га аъзо давлатларнинг фуқароларига академияда жорий этилган ўқув курсларида давлат гранти асосида таълим олиш учун ҳар йили 100 та ўрин ажратилади. 

Саудияга визасиз кириш истиқболлари

Саудия Арабистони Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболларини ўрганмоқда.

Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчиси Нодир Турғунов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Али ал-Юсуф билан учрашув ўтказган.

Унда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш ва Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

«2023 йил 1 январ ойидан бошлаб Саудия фуқароларига Ўзбекистонга 30 кун муддатда визасиз кириш тартиби жорий этилгани бизни жуда қувонтирди. Бу ўз ўрнида сайёҳлар оқими ошишига, ўзаро савдо ҳажмининг ортишига туртки бўлмоқда», — деди Саудия Арабистони ТИВ раҳбари ўринбосари. 

Британиядан келадиган туристлар

Туризм соҳасига оид яна бир хабар: Британия мингдан зиёд туристни Ўзбекистонга юборишни режалаштирмоқда. Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси Равшан Усмонов ушбу мамлакатнинг етакчи сайёҳлик компанияси Explore Worldwide директори Саймон Гроув билан учрашув ўтказган.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, мулоқот чоғида Британиядан сайёҳларни Ўзбекистонга кенг жалб этиш ва 2024 йилда улар учун мамлакатни жозибадор йўналиш сифатида таништириш масалалари муҳокама қилинган.

Музокаралар натижасида, Explore Worldwide билан ҳамкорликда Британияда Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, вебинарлар ўтказиш, шунингдек, жорий йил давомида 1000 дан зиёд сайёҳларни мамлакатга юбориш бўйича келишувга эришилган. 

Мавзуга оид