Жамият | 14:04 / 22.09.2024
47116
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда катта тезликда ҳаракатланган ҳайдовчи 19 ёшли қизнинг ҳаётига зомин бўлди

Ҳайдовчи “Машинамга ўлик ортмайман”, деб ҳали тирик бўлган қизни шифохонага олиб боришдан бош тортган. Оқибатда тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунча қиз жон берган.

Тошкентда катта тезликда ҳаракатланган “Жентра” машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган қизни уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган қиз ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Ҳодиса 18 сентябр куни соат 11:30 ларда Шайхонтоҳур тумани Самарқанд дарвоза ва Абу Али ибн Сино кўчалари кесишмасида содир бўлган.

2005 йилда туғилган қиз ўзига йўл очиқ бўлган пайтда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда катта тезликда ҳаракатланиб келган “Жентра” уни уриб юборган. Оқибатда 19 ёшли қиз оғир тан жароҳати олиб ҳодиса жойида ҳалок бўлган. “Жентра” бошқарувида 1996 йилда туғилган йигит бўлган.

Ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра, қиз машина уриб юборгандан сўнг бир муддат тирик бўлган. “Жентра” ҳайдовчиси уни касалхонага олиб боришдан бош тортган. Тез тиббий ёрдам машинаси етиб келгунча у жон берган.

“Одам уриб кетди дейишди. Жонҳолатда пастга тушдим. Келиб қарасам қиз оғир аҳволда ётган экан. Ҳайдовчига кўтар, ёрдам бер, дедим. У бўлса қўлида чилимини кўтариб олган, “машинамга ортмайман”, деб жавоб берди. Бироз ўтиб қиз жон берди. Ҳайдовчи жуда катта тезликда келган. Мен иккинчи қаватдан тушиб, то буёққа келгунимча қиз тирик эди. Кейин 5 минутдан сўнг жон берди. Тез ёрдам машинаси кейин келди”, дейди ҳодиса гувоҳларидан бири.

“Нимадир айланиб учиб тушди, пастга тушиб келиб қарасам қиз экан. Машина Оқтепа тарафдан катта тезликда келган. Ҳайдовчи 70-80 км тезликда юрдим деди, лекин мен ишонмадим. Чунки 70-80 км тезликда юрса, бунча қаттиқ зарб билан урмасди. Машина жуда тез бўлган ва зарба оқибатида қиз 15 метрга учиб кетган. “Жентра” эса светофор ва электр линияси устунига бориб урилган”, дейди бошқа бир гувоҳ.

“Ҳайдовчи қизни уриб юборгандан сўнг машинасидан тушди-да, “ўликни машинамга ортмайман”, деди. Ҳайдовчида афсусланиш ҳам йўқ эди. Агар у зудлик билан ёрдам берганда балки қиз тирик қолармиди”, дейди ҳодиса гувоҳи.

“Фариштадай қизимнинг бошини еди. Инсоф, виждони йўқ экан. Ота-онаси таъзияга келиб бир оғиз кўнгил сўрамади. Йигит озодликда юрганмиш. Эртага ўзининг ўлиги кўчада хор бўлсин. Йигитга қонуний жазо берилишини хоҳлайман, дейди қизнинг отаси.

Бошқа бир гувоҳнинг сўзларига кўра машина уриб юборгандан сўнг қиз бир муддат тирик бўлган. У онасини, отасини сўраган, сўнг жон берган.

Маълум бўлишича, қиз Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида таҳсил олган ва энг аълочи ўқувчилардан бири бўлган.

Ҳодиса гувоҳларидан яна бири қизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қамоққа олиниши кераклигини, шунингдек, Жиноят кодексининг 266-моддаси қайта кўриб чиқилиши кераклигини, одам ўлимига сабабчи бўлаётган ҳайдовчиларга жазолар янада кескинлаштирилиши лозимлигини айтди.

Мавзуга оид