Спорт | 12:10 / 01.11.2021
2701
2 дақиқада ўқилади

«Хоразм» клуби Про-Лига мавсумини 5-ўринда якунлади

Фото: KUN.UZ

Урганчнинг «Хоразм» клуби Про-Лига 2021 йилги мавсумида 5-ўринни эгаллади. Молиявий имкониятлар ва футболчилар салоҳиятидан келиб чиқилса, бу натижа кутилганидек бўлди.

2021 йилги Про-Лига мавсуми 10 та клуб иштирокида бошланди. Бироқ, Фарғонанинг «Истиқлол» ва Тошкентнинг «Оқтепа» клублари молиявий муаммолар туфайли мусобақадан чиқиб кетишди.

Суперлига йўлланмаси учун Фарғонанинг «Нефтчи», Самарқанднинг «Динамо», Тошкентнинг «Олимпик» ва «Бухоро» клублари кураш олиб бориши башорат қилинган эди. Молиявий имкониятлар, моддий-техника базаси ва футболчилар салоҳиятида ушбу жамоаларнинг устунлиги сезилиб турди.

Александр Ежов бош мураббийлигида «Хоразм» клуби лига фаворитларига қарши ўйинларда атиги 1 марта ғалаба қозониб, 3 марта дуранг ўйнади, 4 марта мағлубиятга учради. Оқибатда, Суперлига йўлланмаси учун курашувчи юқори тўртликка кира олмади.

5-8-ўринлар учун курашувчи жамоалар гуруҳида «Хоразм» клуби муваффақиятли иштирок этиб, 1-ўринни эгаллади. «Янгиер», «Шўртан» ва «Орол» клубларига қарши баҳсларда 6 та ғалаба ва 4 дурангни қўлга киритиб, 2 марта мағлубиятга учради.

«Хоразм» клубининг 2021 йилги кўрсаткичлари:

20 та ўйин, 7 та ғалаба, 7 та дуранг, 6 та мағлубият, тўплар нисбати 32:29

«Хоразм» клубининг 2021 йилги тўпурарлари:

  • 7 (1 пен) – Рўзимбой Аҳмедов (мавсум ўртасида «Динамо» клубига ўтди)
  • 7 (1 пен) – Темур Бекчанов
  • 3 – Шахзод Бешимов
  • 3 – Жасур Отажонов
  • 3 – Бобур Фарҳодов
  • 2 – Сардор Матмуратов
  • 1 – Саиджамол Давлатжонов
  • 1 – Миржалол Қурбонов
  • 1 – Ҳазрат Турсунқулов
  • 1 – Бобурмирзо Баҳодиров
  • 1 (пен) – Равшан Султонов
Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид