Ўзбекистон | 11:00
799
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Хоразмда янги илмий марказ: Маъмун университети инновация ва таълимни бирлаштирмоқда

Хоразм вилоятида жойлашган Маъмун университети сўнгги йилларда нафақат таълим, балки илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Яқинда университет ҳузурида янги Илмий-тадқиқотлар ва инновацион ривожланиш марказининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди.

Тантанали очилиш маросимида иштирок этган мутахассислар мамлакатда илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири эканини таъкидладилар.

Янги марказ таркибида иқтисодиёт, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ахборот технологиялари, тарих, тиббиёт ва психология каби йўналишларда замонавий лабораториялар ташкил этилган. Бу лабораториялар талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, шунингдек ёш тадқиқотчиларни илмий фаолиятга жалб этишга хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, марказ нафақат таълим сифатини ошириш, балки илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хорижий экспертлар ҳам университетда яратилган шароитларни юқори баҳоламоқда. Жумладан, россиялик профессор Владимир Казлов бу ерда кўрган илмий муҳит ва лабораториялар замонавий техникалар билан жиҳозланганини таъкидлаб, бундай имкониятлар дунёда кам учрашини қайд этган.

Маъмун университети 2019 йилда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, 2021 йилдан расмий фаолиятини бошлаган. Университет инфратузилмасига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Ҳозирги кунда университетда 12 500 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда ва уларга 248 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Илмий салоҳият даражаси 68,8 фоизни ташкил этиб, бу олийгоҳнинг илмий йўналишдаги ўсишини кўрсатади.

Олий таълим муассасасида 5 та факултет ва 12 та кафедра фаолият юритади. Таълим ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Шунингдек, талабалар учун замонавий ўқув бинолари, электрон кутубхона, спорт инфратузилмаси ва талабалар турар жойлари яратилган. Илмий фаолият кўрсаткичлари ҳам эътиборга лойиқ: университетда 48 та дарслик, 45 та монография ва 84 та ўқув қўлланма нашр этилган. 800 дан ортиқ илмий мақолалар эса халқаро ва республика журналларида чоп этилган бўлиб, уларнинг бир қисми Scopus ва Web of Science базаларига киритилган.

Университет халқаро ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Япония, Жанубий Корея, Индонезия, Туркия ва Озарбойжон университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, талабалар алмашинуви ва қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда.

Мутахассислар фикрича, янги ташкил этилган илмий марказ ва замонавий инфратузилма Маъмун университетини ҳудуддаги инновацион таълим ва тадқиқот марказларидан бирига айлантиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Маъмун университети ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид