Ўзбекистон | 16:31 / 22.10.2025
8345
7 дақиқада ўқилади

«Мубашшир Аҳмад суд ҳукми устидан шикоят бермасликка қарор қилди» – адвокат

«Менимча, Мубашшир домла «тақдир»га таслим бўлди ва яна оворагарчиликларда юришни хоҳламади», дейди Алишер Турсуновнинг адвокати Kun.uzʼга берган изоҳида. 8 октябр куни судя Бобур Раҳимов уламони тергов органи қўйган учала модда бўйича ҳам айбдор деб топган ва 2,5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди.

Суддан сўнг яқинлари билан хайрлашаётган Мубашшир Аҳмад. 8 сентябр, 2025 йил / Фото: Kun.uz

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Kun.uzʼга жиноят ишининг кейинги тақдири ҳақида маълумот берди.

«Мубашшир Аҳмад домла суд ҳукми устидан апелляция шикояти бермасликка қарор қилганини айтди. Лекин бунинг сабабини изоҳламади.

Лекин мен адвокат сифатида суд ҳукмидан норозиман. Суд жараёнида ҳам домланинг ҳаракатларида ЖК 244-1 ва 156-моддалар таркиби йўқлигини исботладик.

Шунга қарамай бу ишда асосий қарор қабул қилувчи мижозимиз, унинг айтгани бўйича кейинги ишлар қилинади. Менимча, домла «тақдир» деб, қадарга таслим бўлди. «Одил судлов»ни кўрди, яна оворагарчиликларда юришни хоҳламади», дея адвокатнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Адвокат Абдуллоҳ Содиқ

Маълум бўлишича, диний уламонинг ўзи айни вақтда ҳам тергов ҳибсхонасида қолмоқда, жазони ижро этиш колониясига чиқарилмаган.

Мубашшир Аҳмад иши қандай бошланди?

Асли исми Алишер Турсунов бўлган, 51 ёшли диний уламо – ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти фаолларидан бири. У Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

Мубашшир Аҳмад бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилаётган эди. У 2025 йил 8 май куни Истанбулда қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга мажбуран олиб келинган.

Алишер Турсунов 3 ой муддат давомида ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинди. Унга тергов давомида яна иккита айблов қўшилиб, жами 3 та айблов билан иш судга оширилди.

2025 йил 19 август куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмадга нисбатан жиноят ишини судя Бобур Раҳимов раислигида кўриб чиқиш бошланди.

Ўшанда Учтепа туман прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суд жараёни ҳақида ҳар хил талқинлар бўлмаслиги учун залга аудио ва видеоёзиш воситалари киритилишига рухсат бермасликни сўради. Судя айнан шундай ажрим чиқарди, лекин суд жараёни кириб тинглаш учун очиқ ўтди.

Прокурор айблов хулосасига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланган:

  • 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
  • 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
  • 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.

8 сентябр куни бўлиб ўтган иккинчи суд мажлисида эса Ренессанс университетининг сиёсатшунослик фанлари бўйича профессори Одил Мусаев материаллар бўйича сиёсий хулосалар берди. Дин ишлари бўйича қўмита диншунослик экспертизаси бўлими ходими Шаҳбоз Низомов эса материалларни диний нуқтаи назардан баҳолади.

15 сентябр куни бўлиб ўтган учинчи суд мажлисида эса Алишер Турсуновнинг ўзи кўрсатма бериб, Туркияда фаолият олиб борган вақтида чиқарилган материаллари учун Диний қўмита рухсатини олиш зарурати бор деб ўйламаганини билдирди. Шунингдек, у ўзига қўйилган бошқа айбловлар бўйича ҳам изоҳ ҳамда қарши фикрларини билдирди. Судя Бобур Раҳимов қўшимча экспертнинг сўроқ қилинишига рухсат бермади.

18 сентябр куни бўлиб ўтган тўртинчи суд мажлисида давлат қораловчиси — Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан Мубашшир Аҳмадни Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топишни сўради. Хусусан, прокурор Мубашшир Аҳмадга «ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўраган.

Абдуллоҳ Содиқ бошчилигидаги адвокатлар гуруҳи эса Алишер Турсуновдан 2 та модда: «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш» ҳамда «Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» айбловларини олиб ташлашни сўради. Шунингдек, адвокатлар, материалларни Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз тарқатишга доир айбловни қисман тан олиб, бу ҳаракат ижтимоий хавфлилигини йўқотганини, уни ЖК 70-моддаси тартибида бекор қилишни сўради.

Шундан сўнг, 22 сентябр куни ўтказилиши белгиланган бешинчи суд мажлиси турли сабаблар: судянинг банд бўлиб қолгани, касаллиги ва бошқа важлар билан 3 маротаба қолдирилди. Хусусан, иш дастлаб 22 сентябрдан 29 сентябрга, кейин 29 сентябрдан 2 октябрга, 2 октябрдан эса 8 октябрга қолдирилди.

Ниҳоят 8 октябр куни сўнгги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Мубашшир Аҳмад ўзига қўйилган айбловлардан диний материалларни Диний қўмита рухсатисиз тарқатганини яна бир бор тасдиқлади ва буни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади. Қолган моддалар бўйича эса айбдор эмаслигини, бу терговда ҳам, суд мажлисларида ҳам ўз исботини топмаганини билдирди.

Шунингдек, Мубашшир Аҳмад судядан ҳукм чиқаришда – 21 йилдан буён қанд касали билан оғриши, оилавий аҳволи, бошлаб қўйган кўплаб илмий фаолият ва таржима билан боғлиқ ишлари борлигини ҳисобга олишни ҳамда адолатли ҳукм чиқаришини сўради.

 

Судя Бобур Раҳимов 1 соатдан кўпроқ маслаҳатлашувдан кейин диний уламога тергов органлари қўйган учта модда бўйича айбловнинг барчасини асосли деб топди. Мубашшир Аҳмадга жазоларни қўшиш йўли билан, узил-кесил 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди ва 2025 йил 11 майдан бошлаб ҳисобланиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан уламога тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ўчирилиши ёки блокланиши белгиланди. Шундан сўнг, 15 октябр куни Azon Global медиа жамоаси ҳам «жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиш учун ва қонунга итоат юзасидан» барча медиа фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид