Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан фаолият олиб борувчи таниқли диний уламо Алишер Турсунов иши бўйича адвокат Руслан Содиқов маълумот берди.

Жорий йил 10 май куни Туркиядан келтирилган Алишер Турсунов 75 кундан буён қамоқда сақланмоқда. Адвокатнинг маълум қилишича, дастлабки терговни ДХХ Тергов бошқармаси ўтказган.

«Эндиликда, жиноят иши тамомланиб, судга оширилганлиги боис, устознинг адвокати сифатида ишга оид баъзи тафсилотлар, шахсан ўзларининг ҳолатлари ва муносабатлари ҳақида қисқача маълумот беришни лозим кўрдим», деб ёзди Руслан Содиқов 24 июл куни Facebook'да.

Унинг айтишича, жиноят иши 2023 йил 11 август куни Шайхонтоҳур туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими терговчиси томонидан Жиноят кодексининг 244-3-моддаси билан қўзғатилган. Бу моддада «диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш» учун жавобгарлик белгиланган. Бу қилмиш жиноят сифатида эътироф этилиши учун олдин айни шу ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланган бўлиши керак.

«Устоз Мубашшир Аҳмад домла Azon TV каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўзғатилган», дея ёзди адвокат.

Маълум бўлишича, 2025 йил 11 май куни Алишер Турсунов ушланганидан сўнг, унга нисбатан Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Бу айблов – жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни ОАВ ёки интернетда тарқатишни назарда тутади. Айбловга Алишер Турсунов ўз телеграм каналига жойлаштирган видеодаги суҳбат асос бўлган.