Ўзбекистон | 23:28 / 11.06.2020
26062
4 дақиқада ўқилади

“Янги қонун лойиҳаси давлат хизматчилари орасида коррупцияни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган” – Светлана Ортиқова

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова умумхалқ муҳокамасига қўйилиши ортидан анчагина шов-шувга ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат хизматчилари орасида коррупцияни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилганини таъкидлади. У бу ҳақда Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўхталиб ўтди.

“Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам давлат хизматчилари орасида коррупцияни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган. Давлат фуқаролик хизматчилари декларация қилиши керакми? Албатта қилиши керак.

Лекин “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида, мисол учун, прокурорлар, судьяларга истиснолар кўзда тутилган. Алоҳида тоифадаги давлат хизматчилари фаолияти алоҳида қонун билан белгиланган ва уларнинг иш вақти, унвон масаласи, иш тартиби каби уларга бўлган талаб ҳам ўзгача. Шуни ҳам ҳисобга олиш керак.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари мурожаатномада ҳам, бу йилги давлат дастурида ҳам коррупцияга қарши курашиш, Ўзбекистонга алоҳида превентив механизм керак деб олдимизга катта вазифа қўйдилар. Шу вазифани амалга ошириш учун халқаро тажрибани ўрганган, миллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда алоҳида ҳужжат лойиҳаси тайёрланди.

Шаҳар бедарвоза эмас. Бу ҳам тегишли тартибда, қонун билан белгиланган тартиб-қоидаларга итоат қилган ҳолда мутасадди идоралар билан келишиш жараёнларидан ўтяпти”, дея Светлана Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Нодиржон Максумовнинг айтишича, қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилгандан сўнг 1100 дан ортиқ таклиф, қўшимча ва эътирозлар келиб тушган.

Нодиржон Максумов

“Тарихга озгина назар ташлайдиган бўлсак, 2017 йилнинг декабрь ойида муҳтарам президентимиз Олий Мажлисга қилган мурожаатномаларида ана шу масалага қаттиқ урғу берганлар. Мана шунинг натижасида 2019 йилнинг 3 октябрида иккита жуда катта, муҳим ҳужжат қабул қилинган.

Биринчиси – «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президентимизнинг 5843-сонли фармонлари қабул қилинди. Иккинчиси – мана шу фармоннинг ижроси бўйича ўша муддатнинг ўзида президент қарори ҳам қабул қилинган.

“Ўзбекистон Республикасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори асосида ташкил этилган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳамманинг хабари бор, бу қонун лойиҳаси regulation`да чиқди. Кўплаб таклиф, эътироз, қўшимчалар берилди. Буларда журналистлар, турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар, оддий фуқаролар ҳам иштирок этишди. Сайтимизга келиб тушган 1100 дан ортиқ таклиф ва эътирозларни ўрганиш давомида гувоҳи бўлдикки, лойиҳа жуда ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

Келиб тушаётган таклиф, муносабатларни кенгроқ доирада мутахассислар иштирокида вазирлик, идоралардан малакали мутахассисларни ҳам жалб қилган ҳолда яна бир маротаба учрашиб, муҳокамаларимизни бўладиган саволларга аниқ жавоб бериш ва уларни кенг ёритиш, қонун лойиҳасига яна қўшимчаларни киритиш давом этади деб ҳисоблайман”, деди Нодиржон Максумов.

Мавзуга оид