Ўзбекистон | 10:41 / 26.08.2025
3456
2 дақиқада ўқилади

Япония ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади

Япония ташқи ишлар вазири Такэси Ивая 2025 йилнинг 26-27 август кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу унинг Япония ташқи ишлар вазири сифатида республикага сўнгги уч йилдаги биринчи ташрифи.

Такэси Ивая Фото: AP / Hiro Komae

Ташриф давомида 27 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашув ўтказилади. Унда, икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг биринчи стратегик мулоқоти доирасида сиёсат, иқтисодиёт ва маданият каби турли соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантириш, халқаро чақириқларга биргаликда жавоб бериш масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Қайд этилишича, Япония томони Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига кадрлар тайёрлаш, “яшил” энергия, асосий ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва бошқа йўналишларда кўмаклашишда давом этади ва шу орқали жадал ривожланаётган Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантиради.

Такэси Иваяга кўра, жорий йилнинг апрел ойида Осака шаҳрида бошланган “Келажак жамиятини ҳаётимиз учун лойиҳалаш” мавзусидаги Бутунжаҳон кўргазмасида “Билимлар боғи”, The Garden of Knowledge концепцияси акс эттирилган Ўзбекистон павилионига ҳар куни кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. 17 август куни Ўзбекистон Миллий кунига бағишлаб Ўзбекистон президенти администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти мудири Гаянэ Умерова иштирокида жуда қизиқарли тадбир бўлиб ўтди.

"Умид қиламизки, ЭКСПО кўргазмаси икки мамлакат ўртасидаги турли даражадаги иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим туртки бўлиб хизмат қилади. ЭКСПО тугашига салкам бир ярим ой вақт қолди, бу вақт ичида Японияга янада кўпроқ Ўзбекистон фуқаролари ташриф буюради, деган умиддамиз", дейди Япония ташқи ишлар вазири.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид