Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳукуматингиз кўмагини доимий ҳис қилишни истаймиз” – “Тоёта Тсушо” минтақавий директори
Президент Японияга сафари чоғида ушбу давлатдаги энг катта бизнес вакиллари билан кўришиб, бизнес форуми ҳам ўтказди. Унда қатнашган кўплаб япон компаниялари аллақачон Ўзбекистон бозорида фаол. Kun.uz билан гаплашган “Toyota Tsusho” корпорацияси минтақавий директорига кўра, улар ҳукуматдан доимий кўмак истайди.
Ўзбекистон–Япония бизнес форумида чиқиш қилган президент бугун мамлакатда япон компаниялари сони охирги йилларда каррасига кўпайиб, 117 тага етганини айтди. Ўзининг узоқ йиллик тарихида ушбу бизнеслар маҳсулотлари сифатлилиги, ишончлилиги билан истеъмолчилар бозорида мустаҳкам ўринни эгаллаган.
“Toyota Tsusho” корпорацияси Тоёта гуруҳидаги йирик савдо ва инвестиция компанияси. 1948 йилда ташкил топган ушбу компания Toyota Motors’нинг стратегик ҳамкори ҳисобланиб, дунё бўйлаб 120 дан ортиқ давлатларда фаолият юритади.
“Toyota Tsusho” – оддий савдо фирмаси эмас, балки катта автомобил корхоналарига эҳтиёт қисмлар ва хомашё етказиб берувчи, заводлар учун логистика компанияси. Бундан ташқари, қуёш ва шамол энергияси, водород технологиялари ва карбон нейтраллик лойиҳалари бор.
Kun.uz билан гаплашган ушбу компаниянинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ижрочи директорига кўра, улар Ўзбекистон ҳукуматидан доимий кўмак истайди.
“Ҳозирда мен асосан икки йўналиш, икки сегментда ишлаяпман. Улардан бири қайта тикланувчи энергия, иккинчиси эса рақамли соҳадир. Ўзбекистон компаниямиз учун энг муҳим мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бугун мен рақамли технологиялар билан боғлиқ бизнесимиз ҳақида баъзи фикрларимни билдираман. Биз ҳамкорликни давом эттиришни истаймиз ва Ўзбекистоннинг салоҳиятини юқори баҳолаймиз. Шу сабабли, биз президентнинг қўллаб-қувватлашини доимий ҳис этиб туришни хоҳлаймиз. Ҳукумат томонидан аллақачон катта ёрдам оляпмиз. Шу боис ҳукуматингиз кўмагини доимий ҳис қилиб туришни истаймиз”, дейди Ҳироши Ёненага.
У Ўзбекистонда аҳоли сони йилдан йилга ошиб бораётганини ҳам қўшимча қилиб, бу ҳамкорлик имкониятларини янада оширишини айтди.
Шохруҳ Мажидзода суҳбатлашди.