Жаҳон | 12:24 / 18.11.2025
2651
3 дақиқада ўқилади

КХДР: Сеул учун сувости кемалари минтақада "ядровий домино"ни келтириб чиқаради

Пхенянга кўра, Жанубий Корея учун атом ёнилғиси билан ҳаракатланувчи сувости кемаларини қуриш тўғрисидаги келишув муқаррар равишда қуролланиш пойгасини кучайтиради. КХДР Вашингтон ва Сеулнинг "тўқнашувга қаратилган ниятлари"га жавобан қарши чоралар кўришга тайёрланмоқда.

Фото: YONHAPNEWS AGENCY

Шимолий Корея Сеул ва Вашингтон ўртасида атом энергияси билан ҳаракатланадиган сувости кемаларини қуриш бўйича тузилган келишув минтақада "ядровий домино" эффектига олиб келади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 18 ноябр куни эълон қилинган, КХДР давлат ахборот агентлиги КМТА хабарида айтилган.

"Жанубий Кореянинг атом сувости кемасига эга бўлиши, "мустақил ядровий қуролланиш" йўлини танлашнинг асосий қадами сифатида, минтақада "ядровий домино" ҳодисасини ва янада жиддий қуролланиш пойгасини муқаррар равишда келтириб чиқаради", – дейилади баёнотда. КХДР АҚШ ва Корея Республикасининг "тўқнашувга қаратилган ниятлари" муносабати билан "бунга мос келадиган, ҳақиқий ва муносиб чоралар" кўришини маълум қилди.

Пхеняндаги позицияга кўра, икки мамлакат ўртасидаги бу келишув "нафақат Корея яриморолида, балки бутун Осиё-Тинч океани минтақасида ҳарбий хавфсизлик вазиятини беқарорлаштирадиган ва глобал миқёсда назорат қилиб бўлмайдиган ядровий вазиятни юзага келтирадиган жиддий ҳолатдир".

Ўтган ҳафта Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён хавфсизлик ва савдо соҳасини ўз ичига олган, субмариналар қуриш режаларини ҳам қамраб олувчи АҚШ билан келишув тузилганини эълон қилди. Вашингтон, шунингдек, Сеулга уранни бойитиш ва ишлатилган ядровий ёнилғини қайта ишлашга рухсат беришни қўллаб-қувватлади.

Доналд Трамп томонидан Жанубий Кореянинг атом энергетик қурилмаларга эга сувости кемаларини қуриши ва эксплуатация қилиши ғояси қўллаб-қувватланиши Шарқий Осиё минтақасида хавотир уйғотди. 29 октябрда Ли Чжэ Мён билан музокаралар якуни бўйича Оқ уй раҳбари Сеул учун биринчи субмарина "Филаделфияда қурилишини" маълум қилди. Ҳозирда Жанубий Корея ҳарбий-денгиз кучлари таркибида фақат дизел ва электр двигателига эга субмариналар мавжуд.

Ҳозир атом двигателига эга сувости кемалари олти давлат ихтиёрида бор: АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Ҳиндистон. Бошқа қатор мамлакатлар бундай субмариналарни ҳали фақат ишлаб чиқмоқда. Улар орасида КХДР раҳбарияти ҳам бу ҳақда баёнот бериб келмоқда.

Экспертлар огоҳлантиришича, ҳар икки Корея ҳам тез суръатда қуролланиш пойгасига тортилиб бормоқда, шу билан бирга Шимоли-Шарқий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам мудофаа харажатларини оширмоқда.

"Биз аллақачон қуролланиш пойгаси шароитида эканимизга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Минтақада АҚШ иттифоқчилари орасида америкаликларнинг хавфсизлик борасидаги ваъдаларига нисбатан хавотир ортиб бормоқда", – деди DW'га берган интервюсида Сеулдаги Кунмин университетининг тарих ва халқаро муносабатлар профессори Андрей Ланков.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид