Жаҳон | 01:42 / 16.05.2026
5276
3 дақиқада ўқилади

“Россия Украина раҳбариятини йўқ қилмоқчи” - Зеленский  

Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина махсус хизматлари Киев ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги бўлажак ҳужумлар нишонлари батафсил кўрсатилган Россия ҳужжатларига эга. 

Фото: Reuters

Россияликлар янги зарбалар бериш, хусусан, Банковая кўчасидаги бинога ҳужум қилиш учун Киевдаги сиёсий ва ҳарбий объектларни қидириш ишларини фаоллаштирди. Бироқ давлат раҳбарияти ва украиналиклар мустақилликни ҳар қандай шароитда ҳимоя қилишга тайёр, деб ёзди Украина президенти Володимир Зеленский ўз Telegram-каналида. 

Унинг сўзларига кўра, Украина махсус хизматлари пойтахт ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги бўлажак ҳужумлар нишонлари батафсил кўрсатилган Россия ҳужжатларига эга. 

“Бизнинг қўлимизда Россия ҳужжатлари мавжуд, уларда Киевга ва бошқа шаҳарларимизга — армия раҳбарияти, ҳукумат бўлиши мумкин бўлган сиёсий ва ҳарбий объектларга, шунингдек, бу ерга — Банковаяга зарбалар бериш учун нишонлар таклиф қилинган. Улар бу режани анчадан бери пишитишмоқда — ҳозир, Эрондан кейин яна фаоллашиб қолишди — қаерда эканлигимизни, қаерларда бўлишимизни излашмоқда”, — деб таъкидлади Зеленский.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, бу нафақат шахсан унинг ўзига, балки Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти, разведка ва махсус хизматларининг бошқа вакилларига ҳам тегишли.

Украина раҳбари душманнинг бундай режалари ва раҳбариятни қўрқитиш ёки йўқ қилишга бўлган уринишлари Украина халқининг позициясини ўзгартира олмаслигига ишонтирди.

“Москвадаги аллаким украиналиклар ҳеч қачон ўз мустақиллигидан воз кечмаслигини ҳали ҳам тушуниб етмади. Ҳар қандай ҳолатда — Банковая билан ёки Банковаясиз — ўз еримизни, суверенитетимизни, давлатимизни топширмаймиз”, — дея хулоса қилди Украина президенти.

Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси Россиянинг янги ракета-дрон ҳужумларига тайёргарлик кўраётганини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритганди.

Ушбу маълумотларга кўра, Россия «қарор қабул қилиш марказлари» деб аталадиган объектларга, жумладан, йигирмага яқин сиёсий объектлар ва ҳарбий қўмондонлик пунктларига зарба беришни режалаштирмоқда.

Хусусан, эълон қилинган нишонлар суратларида Киев марказидаги бинолар, президент офисининг турли қаватлардаги кабинетлари ва давлат раҳбарининг далаҳовлиси қайд этилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид