12:58 / 02.05.2023
55060

Картадан картага ўтказмалар назорати – Конституцияга зид

Ўзбекистонда 1 май куни бир-бирига зид иккита ҳуқуқий норма кучга кирди. Банк сирларига оид кенгайтирилган нормани ўз ичига олган янги Конституция амал қила бошлади. Шу кундан эътиборан, бу нормага зид амалиёт ҳам йўлга қўйилиши – солиқчилар барча фуқароларнинг картадан картага пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни тўплаши кўзда тутилган.

Ўзбекистон қонунчилигида 1 майдан эътиборан бир қатор ўзгаришлар кучга кирди. Улардан энг асосийси – янги таҳрирдаги Конституция амал қила бошлади.

Конституция бўйича референдумда қабул қилинган қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликни янги конституцияга мослаштириш дастурини 2 ой муддат ичида ишлаб чиқиб, парламентга киритиши керак.

Бу ўзгаришлар дастуридан картадан картага пул ўтказмаларига оид янги тартибни бекор қилиш ҳам жой эгаллаши мумкин. Чунки янги Конституция шуни тақозо қилади.

Гап шундаки, 2023 йил 10 феврал куни имзоланган президент фармонига асосан, 1 майдан бошлаб тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар (банклар ва Payme, Click каби тўлов тизимлари) жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (комиссия “0” сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштиради ва солиқ органларига тақдим этади.

Бу – солиқ органлари Ўзбекистонда эмиссия қилинган бир неча ўн миллион карталар ўртасидаги ўтказмалардан хабардор бўлиб туришини англатади.

Бу норма фармонга ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган ҳолда қўшиб юборилган. Тўлов ташкилотлари ЭҲФларни “тақдим этади ва расмийлаштиради” деб ёзилганига қараганда, лингвистик экспертизадан ҳам ўтмаган бўлиши мумкин, чунки жумладаги сўзлар кетма-кетлиги “расмийлаштиради ва тақдим этади” деган шаклда бўлиши тўғри бўларди.

Kun.uz аввалроқ бу тартибнинг камида икки қонунга – “Банк сирлари” ҳамда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунларга зид экани ҳақида ёзган,. бу тартиб Конституциянинг янги таҳририга зид бўлишини ҳам қайд этган эди.

Конституциянинг аввалги таҳририда “Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади”, деб ёзилган эди. Ҳужжатнинг 1 майдан кучга кирган янги таҳририда эса бу норма қуйидагича кенгайтирилган:

  • “Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади”. (41-модда)

Картадан картага ўтказмалар банк операцияларини ташкил этади. Банклар карталарни эмиссия қилишда уларни мижознинг ҳисобварағига боғлайди. Шу тариқа, банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар (уларнинг бор-йўқлиги ҳақидаги ахборот ҳам шу жумладан) сир тутилиши шарт.

Бундан ташқари, янгиланган конституцияда бир қатор бошқа янгиликлар ҳам борки, улар ҳам картадан картага ўтказмалар кейсига бевосита тааллуқли:

  • Ҳар бир инсон шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш ҳуқуқига эга. (31-модда)
  • Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. (20-модда)
  • Ҳар ким ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. (31-модда)
  • Конституция олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан тўғри амал қилади. (15-модда)

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказмалар назоратидан мақсад нима экани, нима сабабдан бу ҳақдаги банк президент фармонига ҳуқуқий экспертизасиз қўшиб юборилгани бўйича шу пайтгача изоҳ бермай келмоқда.

Вазирлик ва қўмита раҳбарияти 13 апрел куни банклар ва тўлов ташкилотлари вакиллари билан учрашиб, ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига узатиб туриш қандай ташкил этилишини муҳокама қилган.

Солиқ қўмитаси вакиллари Kun.uz'нинг айни мавзудаги иқтисодчилар билан суҳбатига таклифини рад этди.

Kun.uz суҳбатлашган иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг сўзларига кўра, ҳисобварақ-фактурада пул қабул қилувчининг эмас, фақат пул жўнатувчининг маълумотлари акс этади. Бу эса солиқчилар P2P орқали савдо қилиб, солиқдан қочаётганларни таъқиб қилишни мақсад қилган, деган тахминга соя солади. Қурбонов шунга ўхшаш тартибни аввалроқ Қозоғистон ҳам жорий қилмоқчи бўлгани, лекин танқидлар ва эътирозлардан кейин қўшни мамлакатда бу фикрдан қайтилганини ҳам эслайди.

“[Қозоғистон] молия вазири ўринбосари ҳисоб-китоб натижаларига таяниб, нақдсиз тўловларнинг 10 фоизга ошиши реал ЯИМнинг 1 фоизга ошишига олиб келишини айтган”, – дейди у.

Интервюда иштирок этган яна бир иқтисодчи Отабек Бакиров негадир қонун чиқарувчи органлар ва Марказий банк бу масалада сукут сақлаётганига эътибор қаратган эди. У 2 май куни Telegram-каналида янги конституция қабул қилиниши муносабати билан банкларни P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни зудлик билан тўхтатишга, солиқ органларини эса бу маълумотларни олишдан воз кечишга чақирди.

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг биз билан суҳбатда айтишича, P2P ўтказмалар назоратидан мақсад – ҳисобварақ-фактурадан пул қилиш бўлиши мумкин. У солиқ органлари айрим жисмоний шахсларга маблағ ўтказишни блоклаб қўйишидан хавотир билдирди.

Kun.uz бугун, 2 май куни ўтказмалар бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш ва солиқ органларига узатиш бошландими, деган савол билан қатор банклар ва тўлов ташкилотларининг матбуот хизматларига мурожаат қилди. Жавоблар олингач, бу ҳақда қўшимча хабар берилади.

Top