Жамият | 16:36 / 22.12.2021
7578
6 дақиқада ўқилади

“Digital Uzbekistan” – Андижонда “ай-ти” соҳаси қай даражада ривожланмоқда?

Kun.uz “Digital Uzbekistan” лойиҳасини йўлга қўймоқда. Лойиҳа доирасида илк ташриф Андижон вилоятига амалга оширилди.

Ташриф давомида вилоятдаги “Digital City” мажмуаси, дастурлаш соҳасидаги мутахассислар, фрилансер ва ёшлар билан суҳбатлашдик.

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими IT соҳаси бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Вилоятдаги “Digital City” мажмуаси 2020 йил фойдаланишга топширилган. Умумий майдони 5,6 гектарни ташкил этади. Бугунги кунда бу ерда IT-академия, Co-Working, CyberSport, офислар, Анжуманлар зали, бизнес инкубатор, стартап хоналари ўрин эгаллаган.

Хусусан, IT-академияда мобил дастурлаш, веб-дастурлаш, робототехника, график ва 3D дизайн йўналишлари бўйича ёшлар таълим олмоқда.

Зиёдулла Саматов, “Digital City” раҳбари:

— “Digital City” лойиҳасининг асосий мақсади Андижон вилоятида турли соҳаларни рақамлаштириш, бундан ташқари ҳозирги кунда ривожланиб бораётган IT соҳаси учун етакчи мутахассисларни етиштириб беришдир. Шу мақсадда 76 ўринга мўлжалланган IT-академия фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозир бу ерда 500 га яқин ёшлар таълим олмоқда. Кейинги босқичларда биз талабалар учун тураржой ва спорт мажмуалари қуришни мўлжалламоқдамиз.

Умуман Андижон вилоятида IT соҳаси ривожига кенг эътибор қаратилмоқда. Вилоятда ҳозир 37 та IT марказлар фаолият юритади. Вилоятнинг 16 та туман ва шаҳарларида намунали “Digital school”лар мавжуд, 4 та олий ўқув юртида инкубация марказлари ишга туширилган. Бундан асосий мақсад вилоятда IT соҳасидаги ёшларни қамраб олиш, ўзига хос занжир асосида соҳа мутахассисларини етиштиришдир.

«Digital City»да 500 дан зиёд ёшлар IT соҳаси бўйича 50 га яқин устоз-мураббийлардан таълим олмоқда. Улар орасида ёшларнинг ҳам борлиги эътиборимизни тортди. Ана шундай ёш ўқитувчилардан бири Муродилло Исматов билан суҳбатлашдик. Суҳбат давомида у бизга ўзи амалга ошираётган янги лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.

Муродилло Исматов, дастурчи:

Янги лойиҳамизнинг номи “Dastyor”. Лойиҳамизнинг биринчи босқичида озиқ-овқатларни етказиб бериш кўзда тутилган. Қўл остимдаги шогирдларим билан 5 ойдан бери шу лойиҳа – мобил илова устида ишлаб келяпмиз. Илова фойдаланиш учун қулай, кўплаб афзалликларга эга. Масалан, унда буюртмачилар ўз буюртмаларининг қайси ҳолатда – кафеда тайёрланиш босқичида то етказиб бериш учун йўлда эканлигини кўриб туриши мумкин.

Лойиҳа ғояси туғилишига карантин туртки берди. Андижонда етказиб бериш хизматлари учун талаб жуда катта. Шу талабни қондириш учун бу лойиҳа билан ишлашни бошладик. Айтиб ўтганимдек, лойиҳа ҳали биринчи босқичда бўлиб, келгусида унга дори-дармон ва кийим-кечаклар етказиш хизматларини ҳам қўшишни ният қилганмиз.

Дастурчи сифатида ҳозир автоматлаштиришга талаб катта эканлигини айтишим мумкин. Чунки бизнесменлар ўз бизнесини доимий равишда онлайн кузатиб боришни хоҳлайди. Шундан келиб чиққан ҳолда бизнес ёки маълум бир фаолиятнинг мунтазам кузатиб борилишига имкон яратувчи рақамлаштириш анчагина оммалашиб бормоқда. Шу сабабли мен ҳам бу лойиҳам билан вилоятда, умуман мамлакатдаги рақамлаштириш ривожига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Бизга маълум қилишларича, “Digital Сity” мажмуасига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳафтанинг ҳар шанба кунида келиб ёшлар билан мулоқот қилади. Бизнинг ташрифимиз ҳам айнан шанба кунига тўғри келганлиги учун навбатдаги, ҳоким ва ёшлар учрашувида иштирок этдик. Вилоят раҳбари учрашув давомида ёшларнинг янги стартап лойиҳалари билан танишди.

Учрашувдан кейин вилоят ҳокимидан қисқа интервью олдик. Суҳбатда вилоят раҳбари дастурлаш соҳасидаги ёшларни иш билан таъминлаш, шунингдек IT соҳаси бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов, Андижон вилояти ҳокими:

— Бугун Ўзбекистон дунёга бўй чўзяпти. IT соҳасининг аҳамиятини англаган ҳолда шу каби марказлар ташкил қилиб, уларни нафақат вилоят марказида, балки чекка шаҳар, туманларда ҳам фаолиятини таъминлаяпмиз. Уларни келгусида иш билан таъминлаш масаласига тўхталадиган бўлсам, ҳозир биргина Андижон вилоятининг ўзида минглаб корхона, ташкилот ва муассасалар бор. Уларнинг барчасига рақамлаштириш борасида етакчи мутахассислар зарур. Шунингдек, бу марказларда ўқиётган болалар ўз дастурларини яратишяпти. Бу каби дастур ва лойиҳалардан биз Янги Андижон массивини қуришда фойдаланяпмиз. Барча соҳаларда рақамлаштириш сиёсати кетаётганлиги ҳисобидан бу ерда таълим олувчи талабаларнинг келгусида иш билан таъминланиши дастлаб уларнинг ўзини-ўзи молиялаши, саноатнинг турли соҳаларида иш ўринларини эгаллаши орқали амалга оширилади. Бу ерни битириб чиқадиган ёшларнинг бирортаси ишсиз қолмайди.

Ҳозир ушбу “Digital City”да 500 нафар ёшлар таҳсил олаётган бўлса, бу миқдор зарур эҳтиёжнинг 10 фоизинигина қоплаяпти дейишим мумкин. Бизга 500 эмас, 5 минглаб дастурчи ёшлар керак. 

Андижонда бу каби рақамли марказ қурилиши Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 2022 йилда амалга оширилиши керак эди.

Ҳукуматимиздан рухсат олиб буни 2020 йил амалга оширдим. Боиси Президентимиз таъбири билан айтганда, ўз келажагини кўрган одам бу соҳани бир кунгаям, бир соатгаям кечиктирмайди.

Kun.uz сайтини хориждаги ватандошларимиз кузатиб боришади.  Фурсатдан фойдаланиб, бутун дунёдаги андижонлик IT соҳаси вакилларини Андижонга таклиф қилиб қоламан. Ҳозир ўзлари ишлаб, даромад олаётган давлатларида мавжуд барча шароитларни у ердан кам бўлмаган шароитда шу ерда яратиб беришга тайёрмиз.

Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

Уфора Ҳабибуллаева, журналист
Мирвоҳид Мирраҳимов, оператор

Мавзуга оид