Ўзбекистон | 10:55 / 23.05.2023
17619
2 дақиқада ўқилади

25 ёшга тўлмаганларга хорижга чиқиш паспорти энди 5 йил муддатга бериляпти

Ўзбекистоннинг 25 ёшгача бўлган фуқаролари учун хорижга чиқиш паспорти энди 5 йил муддатга бериляпти. Илгари ҳужжат 16 ёшга тўлмаган фуқароларга 5 йил муддатга, 16 ёшдан ошган фуқароларга 10 йил муддатга берилган. 

Фото: Kun.uz

Gazeta.uz’нинг ёзишича, қонун ҳужжатларига президентнинг 2022 йил 16 июндаги қарори билан ўзгартириш киритилган. Расмий органлар ва ОАВ паспорт бериш тартибини соддалаштирган (хусусан, уни рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар олишга рухсат этилган) ушбу ҳужжат ҳақида хабар берган, аммо ёшни 16 ёшдан 25 ёшгача ошириш банди эътибордан четда қолган.

Паспорт олиш бўйича аксарият сайтлар, жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ҳамон эски маълумотлар мавжуд. 1 ёшгача бўлган болалар учун паспорт ҳали ҳам 2 йил муддатга берилади.

2022 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб давлат хизматлари порталида паспорт бериш хизматларини кўрсатиш вақтинча тўхтатилганди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг хати асос қилиб олинган.

«Хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилган айрим ўзбекистонликларнинг билдиришича, 22−23 ёшгача бўлган ҳар икки жинсдаги фуқаролар билан терроризмга қарши кураш бўлими вакили ва маҳалладаги участка инспектори суҳбат ўтказган», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ёшлардан четга чиқиш мақсади ва хорижда қолиш муддати, ота-оналарнинг саёҳат ҳақида хабардорлиги сўралади. Баъзилар рўйхатдан ўтиш жойида ёшлар билан ишлаш ташкилотидан маълумотнома сўрашганини айтган.

Мавзуга оид