Жамият | 20:14 / 17.10.2025
5997
5 дақиқада ўқилади

“8,5 балл ҳам етади дейишганди” – 17 ёшидаёқ IELTS'дан 9 балл олган Нозима Қадамова ҳикояси

Нозима ҳозирда Тошкент шаҳридаги 357-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. У инглиз тилини чуқурроқ ўрганишни атиги икки йил аввал бошлаган. Қисқа вақт ичида бошланғич даражадан юқори босқичга кўтарилган. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Нозима имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўргани ва максимал натижага эришишида унга нималар ёрдам бергани ҳақида сўзлаб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нозима IELTS имтиҳонини тўрт марта топширган. Биринчи уринишда 8, иккинчисида 8,5 баллни қайд этган.

Ота-онам ва устозларим “8,5 балл – зўр, шунинг ўзи етарли”, дейишди. Тўғри, бу ҳам ўқувчи учун катта ютуқ. Бироқ мен ўзимдан қониқмадим, энг юқорисини оламан деб ният қилгандим. Шу сабабли имтиҳонни яна қайта топширишга қарор қилдим”, – дейди у.

Нозима қисқа вақт ичида тайёрланиб, имтиҳонни қайта топширди. Бироқ бу сафар унинг натижалари кутилганидек чиқмади — 7,5 баллга тушиб кетди.

Имтиҳон натижаси фақат тайёргарлик эмас, балки омадга ҳам боғлиқ. Саволларнинг осон ёки қийин тушиши якуний кўрсаткичга таъсир қилади. Учинчи марта топширганимда атрофимдаги ҳамма нарса тескарисига ишлагандек туюлди: тест ечаётган компютерим ишламай қолди. Бошқасига кўчиришгунча вақтдан ютқаздим. Диққатим чалғиди, фикримни жамлаш қийин бўлди. Айниқса ўқиш (reading) қисми мураккаб тушди”, – дея эслайди Нозима.

Учинчи уринишдаги омадсизлик унинг руҳиятига салбий таъсир этган бўлса-да, ўқувчи қиз ҳаракатдан тўхтаб қолмади.

7,5 балл чиққанида “балки, энди тўхташ керакмикин”, деб ўйлаб қолдим. Лекин устозим “бу табиий ҳол, йиқилишдан кейин ўсиш бўлади”, деб куч берди. Шундан кейин яна уриниб кўрдим”, – дейди у.

Нозима камида аввалги натижаларини тиклаш учун ҳам имтиҳонни тўртинчи марта топширишга қарор қилади. Тест кунига қадар у ўз устида янада кўпроқ ишлаб, аввалги хатоларини таҳлил қилади.

Дарсларни соатлаб ўтириб эмас, кун давомида вақт топилган пайтда мунтазам қилиб борганман. Энг самарали усулларимдан бири — овоз ёзиш ва ўзимни тинглаш бўлган. Нутқимни диктофонга ёзиб олардим, кейин эшитиб, хатоларимни топардим. Талаффуз ва мазмун яхши чиқмагунча, ўша мавзуда такрор машқ қилардим. Луғатларни ёзиб, уларни гаплар орасида ишлатардим.

Кўпчилик инглизчани тил сифатида эмас, IELTS олиш воситасидек ўрганади. Аслида эса аввал тилнинг ўзини пухта ўрганиш керак. Табиий тилда фикрлай олмасангиз, максимал натижага эришиш қийин”, – дейди у.

Нозима тўртинчи уринишда яна 8,5 балл олган, ўқиш (reading) бўлимида 8 чиққани учун умумий натижа 9 баллга етмаган. Устозининг маслаҳатига кўра, у имтиҳоннинг айнан шу қисмини қайта топширган ва якунда энг юқори баллни қўлга киритган.

Аслида жавоб бир кундан кейин чиқиши керак эди. Бизда эса натижаларни олиш 21 кунга кечикди. Ҳар ярим соатда устозим билан электрон почтани текшириб турардик. 20 кун ўтди ҳам, аммо ҳеч қандай хабар йўқ. Умидим сўниб бораётганди. Кейин маълум бўлдики, расм билан боғлиқ техник муаммо туфайли натижалар кечиккан экан. 21-куни электрон почтадан хабар келди. Очгунча қўлларим қалтираб кетди. Қарасам — якуний натижа 9. Ота-онам билан ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Бу мен учун оддий балл эмас, устозим ва ота-онам ишончини оқлаш туйғуси эди”, – дейди Нозима.

Суҳбат давомида Нозима имтиҳоннинг ҳар бир бўлимидан юқори балл олиш учун қандай усуллардан фойдалангани ва нималарга кўпроқ эътибор қаратгани, яъни шахсий лайфхаклари ҳақида гапириб берган.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Муаллиф: Диёрахон Набижонова
Оператор: Абдуллоҳ Ҳасанов
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид