Иқтисодиёт | 14:09 / 30.08.2025
6233
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”да аҳоли ва давлат шерикчилиги йўлга қўйилади

2026 йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ижтимоий масалаларга оид лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасидаги шерикчилик асосида молиялаштириш тартиби жорий этилади. Бунда ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳа қийматининг 50 фоиз қисми ихтиёрий равишда молиялаштирилган тақдирда қолган 50 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатларига ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалардан иккитасини танлаш ва уларни молиялаштириш ваколати берилди. 

Фото: Kun.uz

“Ташаббусли бюджет” жараёнларини такомиллаштиришга доир президент қарори қабул қилинди, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги. 

Қарорда кўзда тутилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалардан иккитасини (ҳар мавсумда биттадан) танлайди ва улар “Очиқ бюджет” ахборот порталида автоматик равишда ғолиб деб топилиб, республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Бунинг учун ҳар бир депутатга йилига икки мавсум учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 минг баробари (3,3 млрд сўм) ажратилади.

Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб ижтимоий масалаларга оид лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш тартиби жорий этилади.

Бунда, ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоиз қисми ихтиёрий равишда молиялаштирилган тақдирда лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилади.

Лойиҳалар шериклик асосида молиялаштирилганда:

  • овоз беришда иштирок этмаган ҳолда ғолиб деб топилади;
  • тегишли маҳаллаларга танаффус бериш амалиёти қўлланмайди. 

Шунингдек, 2025 йил 1 октябрга қадар “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Ташаббусли бюджет” доирасида ғолиб бўлган лойиҳаларнинг интерактив харитаси ишга туширилади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид