1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти 2020 йил 1 июлдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
200 ва 500 сўмлик қоғоз пуллар муомаладан чиқарилади
- 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик;
- 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлдан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.
Асос: «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида»ги низом.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида амалга оширилади, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади
Президент қарори билан, 2020 йил 1 июлдан:
- ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари сони 24тадан 67тага кўпайтирилиб, улар даромад солиғидан озод этилмоқда.
Асос: «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори
Нодавлат (хусусий) музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказлари учун айрим солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади
2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлга қадар нодавлат (хусусий) музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари белгиланган миқдорга нисбатан 50 фоизга камайтирилади.
Асос: «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш 6 ойга тўхтатилади
Қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилади.
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно.
Асос: «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони
Янги табиий газ истеъмолчилари (йирик стратегик корхоналар бундан мустасно) фақат газ тақсимлаш тармоқларига уланади
Бундан ташқари, 1 июлдан:
- «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш функцияси «Ўзтрансгаз» АЖга юкланади;
- «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан кейинчалик газ тақсимлаш тармоқларига уланган республика ички истеъмолчиларига, шу жумладан аҳолига сотиш мақсадида табиий газни ушбу табиий газ магистрал газ узатиш тизими орқали етказиб берилган тақдирда ― «Ўзтрансгаз» АЖдан, шунингдек, тўғридан-тўғри газ тақсимлаш тармоқларига етказиб берилган тақдирда ― табиий газ ишлаб чиқарувчилардан олди-сотди шартномаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган тарифлар бўйича сотиб олинади.
Асос: «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони
Кўп қаватли монолит уй-жойлар қуриш учун импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмлари 3 йиллик муддатга божхона тўловларидан озод этилади
2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда кўп қаватли монолит уй-жойлар қуриш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмлари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.
Бундан ташқари, божхона тўловларини тўловчилар 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда импорт қилинадиган, қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Асос: «Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори
Ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилинади
Ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилиниб, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизими жорий қилинади.
Асос: «Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори
Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммасининг ўрни қопланади
Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрнини қоплаш 2020 йил 1 июлдан эътиборан амалга оширилади.
Асос: «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун
Ҳокимликлар томонидан қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурилиши учун ер участкалари ажратилишининг янгича тартиби белгиланди
Ҳукумат қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ер участкалари қурилиши режалаштирилган уй-жойлар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш хавфи бўлмаган тақдирда ажратиладиган бўлди.
Асос: «Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуришда тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори
Маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими босқичма-босқич жорий этилади
Президент қарорига кўра, ушбу жараёнда:
- аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи камида 10 та референт мамлакатлар танланади;
- дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда айни бир ишлаб чиқарувчининг худди шундай фаол моддага эга дори воситасининг ишлаб чиқарувчи мамлакатда, референт мамлакатларда ва Ўзбекистон Республикасида сотиш нархларини рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси эгаси ёки унинг ишончли вакили томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади;
- дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситасининг ҳар бир савдо номи учун белгиланган энг юқори нархи қайд этилади.
Асос: «Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори
Эксперимент тариқасида, Тошкент шаҳридаги ДХМлар биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратилади
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида, давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратилишини таъминлайди.
Асос: «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори (ПҚ-4754 – 17.06.2020)
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича ахборотлари мунтазам равишда эшитиб борилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинади.
Асос: 2020 йилги давлат дастурига оид президент фармони
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органлар сони биттага кўпаяди
Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига, ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.
Асос: «Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги президент қарори
Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади
Солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари (иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан малакали мутахассислар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, иш ҳақи тўлаш фонди ва бошқа мезонлар) асосида автоматик тарзда шаклланадиган лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади.
Асос: «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони
Мавзуга оид
13:12 / 26.12.2024
Электрон браслетли бўладиган маҳкумлар, маоши ошадиган маданиятчилар ва ёввойи ҳайвонларга “эркинлик” – 1 январдан нималар ўзгаради?
16:14 / 27.11.2024
Мигрантлар учун имконият, ишга тушаётган ижтимоий карталар ва «Мажбуриятлар реестри» – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
13:59 / 29.10.2024
Камбағалликни қисқартиришда янги дастур, заргарлик буюмлари импортида енгиллик ва чиқинди қарздорлиги учун “жазо” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
14:36 / 28.09.2024