Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ўзгаради

1 ноябрдан бошлаб, ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ўзгармоқда. Бу ҳақда президентнинг “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан эътиборан, ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:

  • ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
  • 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
  • 2– ва 3– ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.

Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.

Шунингдек, фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар фақат қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиради:

  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
  • Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари;
  • муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар. 

Бунда мажбурий захиралаш ходимларнинг умумий сонининг уч фоизидан ошмаслиги керак. Мажбурий захиралаш ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланади. Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар учун ушбу талаб ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланади ва ходимларнинг умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги керак. Шунингдек мажбурий захирага қўшимча равишда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар ва одам савдоси қурбони бўлган шахслар ҳам киради.