Жамият | 19:02 / 15.07.2025
20975
12 дақиқада ўқилади

“Ваҳшийлик шу даражада бўладими?..” — заҳарли дори сабаб водийда асаларилар қирилиб битмоқда

Асаларичилик қишлоқ хўжалигининг ажралмас, муҳим тармоғидир. Водий асаларичилиги эса республикада алоҳида ўрин тутади. Лекин соҳа бугунга келиб боши берк кўчага кириб қолган. Ғўзага кучли кимёвий дориларнинг айни кундуз куни бетартиб сепилаётгани асалариларнинг қирилиб кетишига сабаб бўляпти. Бу йил ҳам кўплаб асалари оилалари нобуд бўлди. Асаларичилар даромадсиз қолган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Асаларичилик соҳасининг ривожи қишлоқ хўжалик ўсимликларини чанглантириб, ҳосилдорликни ошириш ва мевали дарахтлар ҳосили сифатини яхшилашга хизмат қилади. Водий вилоятларида асосан асал пахтадан олинади. Асаларичилар йил давомида ғўза гуллашини интиқлик билан кутади.

Кейинги йилларда пахтага кучли кимёвий дориларнинг бетартиб сепилиши ортидан соҳа боши берк кўчага кириб қолди. Йилдан йилга асаларичилик билан шуғулланаётганлар сафи қисқариб бормоқда. Дорига тушган асаларисининг қирилиб кетиши ортидан асаларичилар саросимага тушиб қолган.

Маълумотларга кўра, пахта даласига яқин ҳудудда истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз орасида онкологик касалланиш ҳам кўпайиб кетган.

150 оилам қирилди...

“Бу йил ҳам асаларини пахтага олиб чиққан эдим. 30 майнинг охири 1 июнда сепилган заҳарнинг касрига 150 оила қирилиб кетди. Қутиларда ари деярли қолмаган. Биз энди кимга мурожаат қиламиз? Ўзи қишдан зўрға олиб чиққан эдик асалариларни. Мана, энди ҳосил оламиз деган пайтда шу аҳволга келиб турибмиз. Даромадимиз асаларичиликдан бўлса... Энди бу йилги даромад йўқ. Йилига 30-40 миллион сўм даромад қилар эдик.

Шерзод Мирзаматов

Ҳар йили шундай талафотлар бўлар эди. Лекин бу йилгиси жуда ҳам оғир келди. Фермерлардан илтимос қиламиз, дориларни тунда сепиш керак фақат. Тунда сепилган дорилар ғўзага ҳам кундузидан кўра яхши таъсир қилиши исботланган. Кундузи сепилган дори, албатта, арига таъсир қиляпти. Дори сепилганда ҳам арига таъсир қилмайдиган вариантларини топиш керак.

Йилдан йилга асаларичилик соҳаси ўлиб боряпти. Агар шу кетишда бўлса, ҳудудимизда асаларичилик батамом тўхтайди. Чунки бунга умуман шароит йўқ. Шароит қилиб берадиган ташкилотнинг ўзи ҳам йўқ ҳозир”, дейди Шерзод Мирзаматов.

Асаларичилик жар ёқасига келиб бўлди

“Ёзёвон туманида асаларичилик билан шуғулланамиз. Бир ҳафта бўлди, 300 дан ортиқ асалари оиласи таг-туги билан қирилиб кетди. Охирги 20 йил ичида аримиз бу даражада ўлмаган эди. Билмайман, бу ҳақда кимга шикоят қиламиз. Бошимиз қотиб қолган. Дардимизни эшитадиган одамнинг, ташкилотнинг ўзи йўқ.

Баҳодиржон Узоқов

Асалариларимиз асосан ғўзадан асал олади. 300 дан ошиқ асалари оилаларини ғўзага олиб борган эдик. Пахтага кучли кимёвий дорининг кундуз куни сепилиши ортидан асаларилар қайтиб тикланмайдиган даражада ўлиб кетди. Асосий даромадимиз шу соҳадан эди. Ҳар бир асалари оиласи бугунги кундаги нархи 700-800 минг сўмни ташкил қилар эди. Энди умумий зарарни ҳисобланг. Бу ҳолатни мўъжизавий жониворларни атайлаб ўлдирган билан баробар ҳисоблайман. Бундан кейин асаларичилик билан шуғулланмасликка қарор қилдим. Негаки, бу катта зарар, катта увол.

20 йил аричилик қилдим, бундай заҳарга тушганини биринчи марта кўришим. Шунақа заҳарки, арилар ақлдан озиб, юмалаб-юмалаб ўляпти, давомийлик ўлим ҳолати. Заҳарга тушганига бир ҳафтадан ўтди, шундан кейин ҳам тўхтамасдан ўляпти. Одатда ариларимиз заҳарга тушганида бир кун, икки кунда ўлимлари тўхтаб қоларди. 100 фоизга ўлдириб юбормас эди. Бу йилги талафот жуда катта бўлди. Ҳукуматдан асаларичиларга ёрдам беришларини илтимос қиламиз. Асаларичилик жар ёқасига келиб бўлди”, дейди 300 асалари оиласини пахта даласида йўқотган Баҳодиржон Узоқов.

Асаларисиз пахта ҳам яхши бўлмайди...

“Водийдан бошқа ҳудудларда асаларилар талафоти кам. Чунки бошқа жойларда ғўзага кучли кимёвий дорилар сепилмайди. Олимларимиздан асалариларга таъсир қилмайдиган препаратлар ишлаб чиқишларини илтимос қиламиз.

Равшанбек Ҳамидов

Асалариларисиз пахта яхши чангланмайди, асалариларсиз ҳосилдорлик ҳам ҳаминқадар бўлади-ку. Буни фермерларимиз тушунишмаяпти. Ҳозирга келиб 100 га яқин асалари оиламиз талафот кўрди. 100 га яқин оиламиздан 30 миллион, 40 миллион сўмлик даромад олардик. Баҳорда 30, 40 миллионлик асалари пакетларини сотардик, экспорт қилардик.

Айниқса, Қўштепа, Ёзёвон, Олтиариқ туманларида кучли заҳарли препаратларни кўп қўллашяпти. Бунинг натижасида асаларичилар катта талафот кўряпти. Кучли кимёвий дори воситалари юртимизга яширинчи, текширувсиз кириб келяпти. Буни назорат қиладиган ташкилотнинг ўзи йўқ”, дейди Равшанбек Ҳамидов.

Химикатларини тунда сепишсин...

“Қўштепа туманида кичик маҳалланинг ўзида 35 киши асаларичилик билан шуғулланар эди. Ҳозир эса бешта ёки олтита асаларичи қолди холос. Кўпчилик соҳани тарк этяпти. 1 000 тага яқин асалари оиламиз бор эди.

Аҳрор Охунов

Шундан 300-400 оила пахтадаги заҳарланишдан ўлиб кетди. Шунинг ҳисобига анча қисқартириб юбордик арини. 70 ёки 80 та қутида ари қолди холос. Бу кетишда соҳа ўлиб бўлади. Яна беш йил ичида бу соҳа умуман йўқолиб кетади. Фермерлар билан келишиб ишлайлик. Химикатларини тунда сепишсин”, – Аҳрор Охунов.

Дард устига чипқон

“Пахтага, ғўзага кўсак қуртига, ўргимчакканага кимёвий ишлов беришда жуда кўплаб аричиларимиз талафот кўрди. Бу йилнинг ўзида Ёзёвон, Қўштепа, Олтиариқ туманларида айниқса кўп талафотлар кузатилган. Бу соҳа вакилларининг йиллик даромади йўқ дегани. Анча сарф-харажат қилиб, оилаларни кўпайтириб, ривожлантириб, асал учун пахтазорларга олиб келинган эди.

Қодиров Ботирали. Республика Асаларичилик уюшмасининг Фарғонадаги доимий вакили

Ўзбекистонда асаларичилар асални асосан пахтадан олади. Янтоқдан, бошқа тоғ ҳудудларимизда ҳам бор. Булар нисбатан кам. Асосан пахта. Энди шундоқ экан, асосий асаларичи шу бир-икки ой, июл, июн, август ойи учун бир йил тайёргарлик кўради. Мана шу даврга келганда энди даромадга кирдим, асал келди деганда эса, кўнгилсиз ҳолатлар бўлиб турибди. Кимёвий ишлов беришдан ари нобуд бўляпти. Кластерларимиз, агрономлар, фермерларимиз кимёвий ишлов беришни тунда ўтказса. Кейин аричиларимизни огоҳлантириб ишлов берилса, жуда ҳам нур устига нур бўларди. Негаки, асаларичи асалдан олаётган даромадидан кўра табиатга, атроф-муҳитга унинг фойдалилиги кўпроқ бўлади. Фермер шунчаки асалариларни дала четларига жойлаштириш орқали ҳосилдорлик 30 фоизга ошади. Ҳеч қандай агротехник тадбирларсиз, фақатгина асалариларни далага қўйса бўлди. Шуни ҳисобга олиб, тушунган ҳолда аричиларимизни огоҳлантириб, ҳамкорликда ишланса, жуда ҳам яхши бўларди. Асаларининг табиатга фойдаси шунчалик кўпки, бунинг чек-чегараси йўқ. Бу экосистемамизда, ўраб турган табиатимизнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Озуқа занжирида муҳим рол ўйнайди.

Барча гулли ўсимликларнинг ҳаёти асаларилар билан боғлиқ. Битта аричимизнинг ўша асаларилар оиласи нобуд бўлса, ўша атрофдаги, ўша километр радиусдаги гулли ўсимликлар чанглана олмай қолади. Натижада ҳосилдорлик, пахта бўладими ёки мевали дарахтми, ҳосилдорлик камайиб кетади. Аста-секин иқтисодимизга ҳам бунинг таъсири юқори бўлади.

Асаларилар оиласининг сонига келадиган бўлсак, республика бўйича 70-80 фоиз атрофида асаларилар оилалари водийда жойлашган. Асосан водий таъминотчи, бутун республика бўйлаб етиштириб берувчи ҳисобланади. Эрта баҳор воҳадан, бошқа вилоятлардан асаларилар оиласини олгани келишади. Тўрт-беш йил илгарига назар соладиган бўлсак, ҳозирги кунда асаларичиларимизнинг, асаларичилик субъектларимизнинг сони ҳам анча камайиб кетган. Сабаби нотўғри кимёвий ишлов беришлар, турли хил омиллар сабаб, экологик омиллар, ҳар хил янги касалликларнинг келиб чиқиши асаларичиларимизнинг сонини кескин қисқартириб боряпти. Ғўзага, пахтага кимёвий ишлов беришни нотўғри қўллаш бўлса, бу дард устига чипқон бўляпти”, дейди Республика Асаларичилик уюшмасининг Фарғонадаги доимий вакили.

Соҳа ислоҳотга муҳтож...

“Асалари деганда кўпчилик асални тушунади. Лекин асаларининг табиатдаги мақсади бу чанглатиш. Чанглатиш орқали ҳосилдорликни ошириш ва экотизимда, яъни ўсимликларнинг ўсишини таъминлаш. Фермерларга илтимос қилиб қолардик, иложи борича класси пастроқ, яъни ариларга кам таъсир қилувчи ёки биологик усуллар билан ҳашаротларга қарши кураш усулларини ўзларининг фермер хўжаликларида ишлатишсин.

Шерзод Суярқулов. Фарғона вилояти Асаларичилар уюшмаси раиси

Ривожланган давлатларда ҳозирги кунда асалариларни чанглатиш учун пул тўланади. Америкада, Калифорния штатида бодом етиштирилади. Ва ҳар йили ўша ерга миллионлаб асалари оилалари кўчириб келинади. Асаларичиларга ҳар бир асалари оиласи учун 200 доллардан 240 долларгача чанглатиш учун ҳақ тўлашади боғбонлар. Бу ҳосилдорликни камида икки-уч баробарга ошириб беради. Албатта, бу қўшимча даромад фермерлар учун ҳам. Худди шундай экспериментни, худди шундай илмий ишни Ўзбекистонда 20 хилдан ортиқ мевали дарахтларда, пахта ва кунгабоқарда ўтказганмиз. Пахтанинг ҳосилдорлиги уч баробар, кунгабоқарники эса икки баробарга ошган. Мевалар ҳосилдорлиги 20 фоиздан 22 баробаргача ошган. Баъзи ўсимликлар асаларилар, яъни ташқи чанглатувчисиз умуман ҳосил бермайди. Бунга мисол қилиб айтишимиз мумкин, масалан, қашқаргилос, оддий гилос, бодом ва шу каби ўсимликлар, дарахтлар, умуман асаларининг ёрдамисиз, ташқи чанглатувчисиз умуман ҳосил бермайди. Энди мутасадди ташкилотларга биз шундай таклиф бериб қолардикки, ушбу соҳага эътибор қаратилса жуда яхши бўларди. Дори-дармонларни ишлатиш устида назорат олиб борилса, албатта, бу биз асаларичилар учун ҳам, келажак учун ҳам.

Асаларилар ҳозир нобуд бўлиб, йўқ бўлиб кетса, асаларичилик соҳаси умуман йўқ бўлиб кетса, келажакда бу ўсимликларнинг кўпайиши, экосистема ривожланишига жуда катта таъсир кўрсатади. Ҳозирги кунда яна битта катта муаммолардан бири бу ташқаридан, қўшни давлатлардан, асосан Қозоғистон ва Россия Федерациясидан келаётган арзон ва сифатсиз асал бўлиб қолмоқда асаларичилик соҳасига. Ҳозирги кунда мана, бозорларда агар келиб, кириб айланадиган бўлсак, импорт қилинган асалларнинг нархи 30 минг, 40 мингни ташкил қилади. Бу ўзимизда маҳаллий етиштирилган асалнинг таннархи ҳам эмас. Биз бу асалларни олиб, таркибини текширдик. Ушбу асалларнинг тўртдан уч қисми умуман таҳлилдан ўтмади. Бундан ташқари, бу тўртта асаллар ўзимизда, Фарғона вилояти асаларичилик уюшмасида крахмалга текширилди. Сохта асалларда крахмал қўшилишига шубҳа қилинди ва албатта, тўрталасида ҳам крахмал борлиги аниқланди.

Буни аниқлаш жуда ҳам оддий. Айтайлик, харидор буни ўз уйида асални сотиб олгандан кейин аниқлаши мумкин. Яъни бу 50 фоиз сувга 50 фоиз асал қўшилади, яъни айтайлик, 50 мл сувга 50 мл асал қўшилади ва бир неча томчи йод томиздирилади. Ва ушбу суюқлик қорамтир тус олишни бошлайди. Агар қорамтир тус олишни бошласа, ушбу асаллар крахмал ёки ун бор. Йоднинг худди шундай хусусияти бор. Агар тоза асал бўлса-чи? Тоза асал бўлса, йоднинг ўзининг қизғиш кўкимтир рангда ўзида қолади.

Мутасадди ташкилотларга таклифимиз бор. Ушбу асалларнинг кириб келиш пайтида ва текширилиш пайтида озгина масъулият билан текширилса ва республикамизга кириб келаётган асал маҳсулотларини синчиклаб кўриб, кўрикдан ўтказишса, бизга ҳам жуда яхши бўларди. Ва маҳаллий асаларичиларга ҳам жуда ҳам катта енгиллик бўларди”, дейди Фарғона вилояти Асаларичилар уюшмаси раиси Шерзод Суярқулов.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид