Ўзбекистон | 13:13 / 30.12.2025
2729
2 дақиқада ўқилади

Фарғона водийси ва Сурхондарёга тезюрар электропоездлар қатнови йўлга қўйилади

2030 йилгача Ангрен–Поп ҳамда Тошгузар–Бойсун–Қумқўрғон темирйўл участкаларини модернизация қилиш орқали Андижон, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларига тезюрар электропоездлар қатновини ташкил этиш режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

2025 йил 27 декабр куни “2030 йилга қадар темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–391-сон) қабул қилинди. Ҳужжат маҳаллий темирйўл йўналишларида йўловчи ташиш ҳажмларини ошириш, электропоездлар қатнови қамровини кенгайтириш ҳамда хизмат сифатини яхшилашга қаратилган.

Қарорга кўра, 2030 йилгача темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йиллик йўловчи ташиш кўрсаткичини 10,5 млн нафардан 23,5 млн нафаргача ошириш, электропоездлар қатнови ташкил этилган йўналишлар сонини эса 40 тадан 53 тага етказиш мақсад қилиб белгиланган.

Устувор вазифалар сифатида, Ангрен–Поп ҳамда Тошгузар–Бойсун–Қумқўрғон темирйўл участкаларини модернизация қилган ҳолда 2030 йилгача Фарғона водийси вилоятлари — Андижон, Наманган ва Фарғона, шунингдек, Сурхондарё вилоятига тезюрар электропоездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилгани қайд этилди.

Шунингдек, қарорда бошқа йўналишлар бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, электрлаштириш ишлари якунланган узунлиги 465 км бўлган “Бухоро–Хива” темирйўл линияси орқали 2026 йилдан Тошкент–Урганч–Хива йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар қатновини ташкил этиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, узунлиги 196 км бўлган “Мискин–Нукус” темирйўлини электрлаштириш ишларини 2026 йил якунига қадар тугатиш ҳамда мазкур йўналишларда юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар қатновини ташкил этиш белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид